Демак, футболча савол-жавоб ўтказамиз. Интервью эмас, ўйинлар савол жавоби... Плей офф босқичининг икки ўйинини нимагадир савол жавобга ўхшатаман. Биринчи ўйин савол беради, кейингиси жавоб! Жавоб аниқ бўлади. Тиниқ бўлади. Шу жавобга қараб, кейинги босқич ғолиби аниқланади. Термамизда, футболимизда янгича услублар қилинмаётган бир пайтда, биз нимадир қилиб турайлик. Савол-жавоб услубига монанд мақола тайёрлаш ҳам ўзига яраша завқ бағишлайди.
Дастлаб Португалия ҳамда Босния терма жамоалари ўртасидаги ўйиндан бошлаймиз. Биринчи ўйин қаерда бўлганди? Лиссабонда. Савол қандай эди? Топдим, эсладим:
1-САВОЛ: КРИШТИАНУ ҚАНИ? Ҳамма Криштиануни қидирди. Стадионга келганди, аммо уни трибунада эмас, футболчилар орасида кўришни исташди. Португалиялик футболчилар Роналдусиз ўйнашларини билишарди, шу боис ўзларининг ўйинлари борасида бош қотиришди. Рақиб жамоа эса сайёрамиз юлдузини излаб вақт ўтказди. Ҳаддан ташқари Роналдуга эътибор қаратган экан, усиз ўтказилган ўйинда ўйинини топа олмади. Натижада, Лиссабонда ютқазиб қўйди. Аммо 0:1 ҳисобидаги мағлубият ҳали умид шамчироқларини сақлаб қолганди. Савол эса ҳамон ўша-ўша эди: Криштиану қани?
1-ЖАВОБ: КРИШТИАНУНИ ЖЧДА КЎРАРСИЗЛАР... Яхши жавоб, а? Кўпчилик Португалияннинг енгганидан хурсанд бўлди, бу хурсандчиликнинг асосий сабаби мамлакат термаси қайғуси ё Кейрушнинг фаолияти эмасди, балки Роналду деган йигитнинг ЖАРга бориши эди. Роналду ватандошлари эркатой учун қўлдан келганини қилишди (аслида оёқдан келганини). Энди Роналду хотиржам Эл Классикога тайёргарлик кўраверади. Кейинги ҳафта Мессининг йил ўйинчиси бўлгани хабарини эшитиб, руҳий изтироб ҳолатига тушиб олгач, ҳаммаси тарқаб кетади. Хуллас, савол жавоб бу жуфтликда жуда чиройли тарзда ўтказиб олинди. Энди Франция ҳамда Ирландия терма жамоаларига ўтамиз. Бу ердаги биринчи ўйин Дублинда ўтказилган эди. Биласиз, албатта. Николья Анелька томонидан киритилган гол французларнинг кичик ҳисобдаги ғалабасини таъминлаган эди. Ўйиннинг саволи эса қуйидагича бўлди:
2-САВОЛ: ЗИДАННИНГ ВОРИСИ КИМ? Анелька эмас ҳар ҳолда. Никольянинг ўзи ҳам уялиб кетади бу жавобдан. Франциядаги ўйинда бу ворис аниқланди. Тьерри Анри экан. Зидан жаҳон чемпионатини "калла қўйиб” тугатган бўлса, Анри ўз фаолиятини бошқа аъзо – қўллари билан якунлаш ниятида эканлигини маълум қилди. Анри ютқазиб турган жамоасини қутқариб қолиш учун қўлидан келган бор ишни қилди (энди мажозссиз!) Ворисмисан, ворис бўпти аммо. Оёқ билан ишлар юришмаётганда ё калла ишлатиш керак, ё қўл... Ирландия термаси устози Траппатони қақшаб қолди, Доминек эса ҳижолатда. Жаҳон чемпионатида франциялик футболчилар бу ишнинг жавобини албатта қабул қилишади. Жалолиддин Румийда бир байт бор, маънисини айтамиз: "Идишдаги сувни тўкиб юборсанг, озгина юқи бўлса ҳам идишда қолади!” Ҳеч нарса изсиз қолиб кетмайди. Демак, юқоридаги саволнинг жавобини ёзиб қўяйлик:
2-ЖАВОБ: ЗИДАННИНГ ВОРИСИ – АНРИ! Украина ҳамда Греция жуфтлигига мурожаат қилар эканмиз, бу ерда ҳам қизиқарли ҳолатлар гувоҳи бўлишимиз мумкин. Демак, Грециядаги баҳснинг саволи нима эди, демоқчимисиз, мана, эшитинг:
3-САВОЛ: 2004 ЙИЛНИ ЭСЛАЙМИЗМИ, 2006 НИМИ? Тушундингиз, а? 2004 йил том маънода Грецияга бағишланган эди. 2006 йили эса греклар бора олмаган мундиалда ўз даражасида украиналиклар порлашган эди. Яқин ўтмишни эслаш ниятида икки жамоа шиддатли баҳс ўтказиб беришди. Грециядаги беллашувда майдон эгалари хотиржам ҳаракат қилишди. Биринчи учрашувни уйида ўтказган жамоа агар 0:0 ҳисобини қайд этиб олса, кейинги учрашувда анча эркин ҳаракат қилар экан. Деярли барча баҳсларда жавоб ўйинида ғалаба қозонган шундай жамоалар. Греклар ҳам шу кайфиятни яхши билишгани боис, Киевга ҳисоб очилмаган ҳолда боришди ва биринчи голни урволиб, Украинани фақат қийнашди. Руҳий тушкунлик Украина йигитларини анча қийин аҳволга солиб қўйди. Греция эса биринчи учрашувда йўлланган саволга чиройли суратда жавоб берди. Жавобни билиб олдингиз:
3-ЖАВОБ: 2004 ЙИЛНИ! 2004 йилни охиригача эслаш учун бу жамоа мундиалда ҳам ишончли ҳаракат қилиб бериши керак албатта. Аммо кўпгина мутахассисларнинг тахминига кўра, Отто Рекхагель янги Греция билан бормоқда ЖАРга. Бу янги Греция жуда кўпчиликка бош оғриғи бўлармиш. Хуллас, Европа аҳли бир марта йўқотган асосини бошқа йўқотмасликка ҳозирданоқ эътибор қаратса яхши бўларди. Биз айтишга айтиб қўйдик, бўйнимиздаги қарз эди... Навбатдаги баҳс Россия ҳамда Словения терма жамоалари ўртасидаги учрашув. Оҳ, оҳ, муҳокамаси ҳалигача давом этаётган бу ўйин... Москвадаги ўйиндан кейинги саволни ўйлаб-ўйлаб, ўзимча топдим. Рози бўласизлар саволга!
4-САВОЛ: ГУС АВЛИЁМИ? Ҳа, тўғри-да, шу пайтгача рус матбуоти ҳам, дунё матбуоти ҳам, э, ана келинг, ўзимиз ҳам голландиялик мутахассис майдонда хоҳлаганини қилади, деб ёзган эдик. Майдонда эса футболчилар қилишар экан маълум бўлишича ҳамма ишни. Англия майдонларини зир титратаётган йигитлари бир ўйнагиси келмай қолса, жаноб Хиддинк ҳам ҳеч нарса қила олмас экан. Кўрдик, кузатдик ва кўпгина хулосалар чиқардик. Бу хулосаларимизни кириш мақоламизда таъкидлаб ўтганимиз учун, бу ерда тўхталиш ниятимиз йўқ. Асосийси, Мариборда юқоридаги саволга жавоб берилди.
4-ЖАВОБ: ЙЎҚ! АСЛО! ЗИНҲОР БАЗИНҲОР! Шунақа. Словенияликлар ғалабага ҳақлироқ ўйнагилари келиб қолганди ва бу хоҳишлари русларнинг ўйнагиси келмаган ўйинга тўғри келиб қолганди, тамом, ҳеч ким ҳеч нарсани ўзгартира олмади. Ҳозирда россияликларнинг ўзлари ҳам тушунишмаяпти ҳеч нарсага. Шунча ой гапирган гапларига тескари гапириб юборишга ҳам ботина олишмаяпти, ҳам танқид қилишнинг янги йўлларини излашмоқда. Бизга ўхшаб ҳар қандай ҳолатда ҳам танқид қилиб туришсин эди, бу пайтда анча осон бўларди. Мана, руслар бизга келишсин, газеталаримизни ўқишсин, фанатлар сайтишини кўришсин, иккита ўйинда 6та гол урган термасини ҳам тинмасдан танқид қилиш мумкинлигига гувоҳ бўлишади. Мабодо каттароқ ҳисобда енгиладиган бўлсак, шу танқид овозини сал баландлатамиз, бўлди. Масала ҳал. Эҳ, бечора руслар... Энди охирги савол-жавобга ўтамиз. Бу Ўзбекистон ҳамда Малайзия терма жамоалари ўртасидаги ўйинга боғлиқ. Албатта, бу баҳс плей-офф босқичи эмас. Лекин анчагина ўхшайдиган манзара. Биринчидан, бу икки ўйин ҳам Европаникига ўхшаб бир хил саналарда ўтказилди. Хулоса чиқариш учун яхши йўл. Иккинчидан, юртимиз футболи бўлгани учун фикрлаш учун ҳам яхши восита. Демак, Тошкентдаги саволни тахмин қилайлик:
5-САВОЛ: БУ ЎЙИН НИМАНИ ЎЗГАРТИРАДИ? Биринчи учрашувни кўрдик. Иккинчисини эса дўстимиз Аваз Бердиқуловнинг етказган маълумотлари асосида эшитдик. Иккинчиси биринчисига қараганда мазмунлироқ кечган. Янги ўйинчилар туширилган. Ўша янги футболчи гол урган. Ҳатто ўз ўйинини йўқотиб бораётган Тимур Кападзе ҳам ўзига келишни бошлаган. Уям рақиб дарвозасини ишғол этган. Хуллас, 3:1 ҳисоби анча ёқиб қолган кўринади термамизга. Термамиз бош мураббийига севимли 4 рақамига мос ҳисоб. Битта гол рақиб ҳисобига ёзилса ҳамки... Иккита ўйиндан сўнг юқоридаги саволга жавоб топдик:
5-ЖАВОБ: БИЛМАДИМ... Ҳа, Европа футболидаги саволларга жавоб топишимиз мумкин, аммо ўзимизникига эмас. Чунки ростанам ҳали осилиб турибди бу масала. Ўзи мақсад нима, кетаётган манзилимиз нима, очиғи, ҳеч ким айтмаганидан кейин тахмин қилавериб чарчадик. Олег Блохин 2006 йилги мундиалга термани олиб чиқаман, деб ваъда берганида, бунинг изоҳини шундай деганди: "Мен мен сўраган шартларимни бажаришмаса ҳам, йигитларни мундиалга олиб чиқаман!” Қалай ваъдалар? Бўлар экану, ҳадеб шарт шароитлар ҳақида гапиравермасдан, ўз зиммасига олиш зарурияти туғилганда, шу ишни бажариш керак, вассалом. Бизда эса... Хуллас, ўтган ҳафта Муҳрим Аъзамхўжаев "Гол” кўрсатувидаги кўп нарсаларга қандай тушунмаган бўлса, мен ҳам охирги саволнинг жавобини билмайман. Биладиганлар эса негадир жим-м-м-м-м-м-м-м-ммм...
|