Савол: Мен бир сайтда кўрдим, туркиялик бир одам Қиёмат жуда яқин, сиз ўйлаганингиздан ҳам яқин, биз Қиёматни 2120 йилда бўлишини кутаяпмиз, деб гапирди. Улар қайси манбага таяниб айтаяпти? Шу масалани ёритиб беринг. Катта раҳмат.
Баҳром.
Жавоб: Расулуллоҳ замонларида ҳам одамлар "Қиёмат қачон?” - деб савол беришарди. Қолаверса, инсонлар Қиёмат қойим бўлишига ишонганлари учун ҳам иймон келтириб мусулмон бўлганлар. Қуръон оятларининг жуда кўпида
Аллоҳ ва Охират деган калима ёнма-ён келади.
مَنْ آمَنَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ وَعَمِلَ صَالِحاً فَلَهُمْ أَجْرُهُمْ عِنْدَ رَبِّهِمْ وَلا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلا هُمْ يَحْزَنُونَ}(البقرة-62).
"Кимки Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирса ва солиҳ амаллар қилса, бас уларнинг ажрлари Аллоҳнинг ҳузуридадир. Уларга бирор-бир хавф йўқ. Улар асло хафалик кўрмаслар”. (Бақара 62).
Қиёмат куни бўладиган воқеалар ҳақида Аллоҳ таоло Қуръонда кўп оятлар нозил қилган, Расулуллоҳ ўз ҳадисларида жуда кўп хабарларни етказганлар. Аммо Қиёматнинг қачон бўлиши Қуръонда ҳам, ҳадисларда ҳам айтилмаган. Аксинча, уни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмаслиги қайта-қайта таъкидланган.
Имом Бухорий ривоят қилган машҳур ҳадисда Жабройил алайҳиссалом Расулуллоҳдан "Қиёмат қачон?” - деб сўрайдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "У ҳақда сўралаётган одам сўровчидан кўра билувчироқ эмас”, - деб жавоб қиладилар.
Қиёматнинг кун ва соатлари Аллоҳ томонидан тайин қилиб қўйилгани, у асло ўзгартирилмаслиги, тобора яқинлашиб келаётгани - ҳақиқат. Аммо Қиёмат фалон йили бўлади, деб айтиш ғайб илмини даъво қилиш бўлиб, бу иш камида гуноҳи кабирадир. Қиёматга ишонган одам учун унинг қачон бўлиши эмас, балки у кунда ўзининг аҳволи қандай бўлиши муҳим. Шунинг учун мусулмон одам Қиёматда бўладиган ҳисоб-китоб ва савол-жавобларга тайёргарлик кўради. Гуноҳларига тавба қилади. Ёмон ишлардан ўзини тийиб, солиҳ амалларини кўпайтиради.
Яна шуни ҳам билишимиз лозимки, Қиёмат катта ва кичик қиёматга бўлинади. Ҳамма одамлар сўрайдиган Қиёмат - қуёш ғарбдан чиққандан сўнг бошланадиган катта Қиёмат. Кичик қиёмат эса ҳар бир инсоннинг ўлим кунидир. Инсон вафот этар экан, унинг қиёмати бошланган бўлади. Бу дегани вафот бўлган одам учун Қиёматда бўладиган ишларнинг аввали бошланади. Фаришталар қабрда уни савол-жавоб ва ҳисоб-китоб қилишга киришадилар.
Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан "Қиёмат қачон?” - деб сўраганда у зот: "Сен Қиёматга нима тайёрлаб қўйдинг?” деб айтганлар.
Қиёмат - мисли кўрилмаган даҳшатли кун, сўнгра ё жаннат ёки жаҳаннамдир. Аллоҳ барчамизга у кундаги ишларимизни осон қилсин. Жаҳаннамдан узоқ қилиб, жаннатига сазовор этсин.
Дунё ҳаётида эса Қиёматдан қўрқишга, унга чиройли тайёргарлик кўришга муваффақ айласин.