Саудия кемаси гаровда (Халқаро ҳаёт)
"ИТАР-ТАСС” ахборот агентлиги хабар беришича, Саудия Арабистонидан АҚШ томон йўлга чиққан юк кемаси Сомали қароқчилари томонидан гаровга олинган. Греция байроғи остида ҳаракатланаётган мазкур кемага 20 миллион АҚШ долларига тенг нефт ортилган эди. Ҳозирча экипаж аъзоларининг тақдири ҳақида бирор маълумот йўқ. АЭС ХОДИМЛАРИ ЗАҲАРЛАНДИ Ҳиндистоннинг "Кайга” АЭСининг 55 нафар ходими радиоактив сув билан заҳарланишган. Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, улар станцияда ўзлари билмаган ҳолда таркибида заҳарли кимёвий модда бўлган сув истеъмол қилишган. Сувнинг заҳарли эканлиги лаборатория текширувларидан сўнг аниқланди. Беморларнинг ҳаммаси шифохоналарга ётқизилган. ЯПОН БАНКЛАРИГА ЁРДАМ Япония Марказий банки мамлакат молия бозорини барқарорлаштиришга қаратилган янги дастурни қўллаб-қувватлашини маълум қилди. AFP ахборот агентлиги хабарига кўра, муассаса маҳаллий банкларга 114 миллиард АҚШ доллари миқдорида қисқа муддатли кредитлар ажратишга тайёр. Шунингдек, улардан олинадиган фоиз ставкаси ҳам жуда паст — 0,1 фоиз этиб белгиланган. Ушбу сармоялар мамлакатни жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозидан тезроқ қутулишига омил бўлиши мумкинлиги таъкидланмоқда. МАКТАБДА БАХТСИЗ ҲОДИСА АҚШнинг Виржиния штатидаги мактаблардан бирида портлаш содир бўлди, дея хабар тарқатди Associated Press агентлиги. Портлаш оқибатида саккиз киши ҳаётдан кўз юмган, беш нафар шахс жароҳатланган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларининг сўзларига кўра, воқеа рўй берган вақтда мактабда T.R. Driscoll Inc компанияси таъмирлаш ишларини олиб бораётган эди. Қурбон бўлганлар ва жабрланганлар ҳам айнан ушбу компания ходимларидир. Бахтсиз ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари аниқланмоқда.
|