Ажойиб сиёсий мартаба, соҳибжамол рафиқа, машҳурлик... Бир қарашда Франция президенти Николя Саркози ҳаётда барча нарсага эришгандек. Бироқ сўнгги вақтларда француз оммавий ахборот воситаларининг аниқлашича, Саркозига бир нарса-баланд бўй етишмас экан.
Саркозининг бўйи 1 метру 65 сантиметр бўлиб, ўртача француз учун етарли ҳисобланади. Яқинда телевидениеда Франция президентининг Нормандиядаги “Faurecia” автозаводига қилган сафарида Саркози заводнинг ўнлаб ишчилари билан суҳбат қураётгани намойиш этилди. Эътиборли жиҳати, барча завод ишчиларининг бўйи Саркозиникидан паст эди... Табиийки, бу ҳол матбуот эътиборидан четда қолмади. Оммавий ахборот воситаларининг аниқлашича, 14000 нафар завод ходимларидан энг бўйи пастлари саралаб олинган экан. Саркози “тасодифан” гаплашган ишчи қизнинг бўйи ҳам Франция президентининг елкасидан келар эди. Ўша қизнинг тан олишича, айнан жуссаси кичиклиги унинг танлаб олинишига сабаб бўлган экан. Чунки қиз умуман бошқа цехда ишлаши маълум бўлган. Газеталар дарҳол Елисей саройини ҳийла ишлатишда айблай бошлади. Ҳукумат вакиллари эса, табиийки, бу нарсани инкор этмоқдалар. Уларнинг айтишича, буларнинг бари тасодиф, холос. Лекин бир оз муддат аввал айнан шунга ўхшаш воқеа рўй берган эди. Ўшанда мамлакатнинг деярли барча газеталарида Саркозининг минбарда оёғининг остига таглик қўйиб олган сурати чоп этилганди. Саркози рафиқаси Карла Бруни (унинг бўйи 177 см.) олдида паст кўринмаслик учун баланд пошнали пойабзал кийиб олгани ҳам француз оммасида кенг муҳокама қилинган эди. Журналистлар Саркозига император Наполеон Бонапартнинг бўйи 155 сантиметр бўлганини эслатиб қўйдилар. Бўйи баланд бўлгани учун юқори токчада турган харитани олмоқчи бўлган генералга Наполеон совуққонлик билан “Сиз мендан баланд эмассиз. Сиз мендан узунроқсиз, холос” деган экан.
Manba.7x7
|