 Бир пайтлари дунёнинг энг яхши ўйинчиси бўлган Роналдиньо энди ҳеч
қачон футбол олимпига қайтмайдигандек эди. Ҳатто у фаолиятини
тугатармиш, деган гап-сўзлар пайдо бўлганди. «Милан»да Анчелотти
қўл остида унинг ўйини қовушмади ва бошқа жамоага ўтиши зарурдек
туюлганди. Аммо бразилиялик футболчи жамоада қолди. Буни қарангки,
Роналдиньо бахтига «россонерлар» бошқаруви унинг ватандоши Леонардо
қўлига ўтди. Шундан сўнг, Роналдиньо ҳужуморти позициясидан жой
эгаллади ва ўзини кўрсатиш имкониятига эга бўлди. Лекин бу иш тўсатдан
рўй бермади. У характерини, унда хоҳиш-истак кучли эканлигини кўрсатиб,
ўйнашга киришиб кетди. Роналдиньо ҳар доим нималарга қодир эканлигини
исботлаб келган. Энди уни ҳақли равишда «Милан»нинг етакчиси, деб
ҳисобласак бўлаверади. Жанубий америкалик футболчи бундай имкониятга
Леонардо туфайли эришганлигини қайд этмоқда.
- Рони, бу мавсумда яна катта футболга қайтдинг, десак бўлаверадими?
- Ҳа, шундай. Эҳтимол, аввалгидан ҳам янада яхши бўлдим, дейиш мумкин.
-
Бир қатор нашрларнинг танловига кўра декабрь ойи биринчи ўн кунлигининг
энг яхши футболчиси, деб топилдинг. Бу сен учун қанчалик муҳим аҳамият
касб этади?
- Бу юксак баҳо эмас, лекин мен учун айни
пайтда ҳар қандай эътироф катта аҳамиятга эга. Мени энг яхши, деб
топишибдими, демак, янада яхши ўйнашим керак.
- Аввалги ҳолатингга қайтишни қандай уддаладинг?
- Бирор-бир муҳим воқеа рўй бермади. Шунчаки, бир йил нафақат майдонда, балки ундан ташқарида ҳам етарлича сабоқ олдим.
- Рональдинонинг «ҳаётга қайтишига» Леонардо қандай ҳисса қўшди?
-
Биринчидан, у менинг энг яқин дўстимга айланди. Леонардо билан ҳар
қандай мавзуда гаплашаверамиз. Муҳими, у мен тушунадиган тилда
сўзлашади. Шу пайтгача бирор-бир мураббий билан бу қадар яқин
муносабатда бўлмаганман. У энг яхши устоз.
- Леонардо кучли мураббий бўлганлиги учун ҳам «Милан» ўзгарди, де-йиш мумкинми?
-
Сиз нима деб ўйлайсиз? Ҳозир биз турнир жадвалининг иккинчи поғонасидан
жой олганмиз. Жамоа ривожланиш йўлидан бормоқда ва бу жараён изчил
давом этишига шубҳам йўқ.
- Лекин сен авваллари ҳам ажойиб мураббийлар билан ишлагансан...
- Шуни таъкидлашим жоизки, тактика борасида Сколари ва Люшембурголардан кўп нарсаларни ўрганганман...
- Сенинг иштирокингсиз ҳам Бразилия термаси жаҳон чемпионати йўлланмасини нақд қилди. Таркибга кириш учун курашасанми?
-
Мен икки мундиалда қатнашишни жуда-жуда хоҳлайман: ҳам Жанубий
Африкада, ҳам ватаним Бразилияда. Агар ҳозирги спорт формамни сақлаб
қолсам, нега мени Дунга чақирмаслиги керак?
- Жанубий Африкада ўтадиган жаҳон чемпионатидан нималарни кутаяпсан?
-
У ерда «энг катта юлдуз»га айланишни хоҳлайман. Бу зиммамдаги юксак
вазифа. Саралаш босқичини ўтказиб юборганим, имкониятим пасайганлигини
англатмайди. Ҳали менинг вақтим ҳам келади.
|