Ярим тунда Чемпионлар лигаси ярим финалида "Реал” ва "Барселона” клублари ўртасида кескин руҳда бўлиб ўтган учрашув якунига етди. Аслида, бу кескинлик мураббийларнинг кечаги матбуот анжуманида авж олдирган сўз баҳсидан кейиноқ юзага келган эди. Футболчилар ҳам майдонга ўзгача иштиёқ билан тушдилар. Учрашувнинг бориши олдингиларидан у қадар фарқ қилмади. Абидаль жароҳат олгандан сўнг, "Барселона” учун муаммоли бўлиб қолган чап қанотда Пуйоль ўйнади. Яна бир жароҳат олган футболчи Иньестанинг ўрнида эса Сейду Кейта пайдо бўлди. "Реал” эса охирги вақтлардаги услубига содиқ қолган ҳолда, Пепени ҳам марказга қўйиб, уч нафар таянч ярим ҳимоячиси билан ҳаракат қилишни маъқул кўрди. Фақат жароҳат олган Хедиранинг ўрнига, Пепе ҳужумчиларга ёрдам бериши лозим кўрилган экан. Моуриньонинг айнан шу қарори оқибатда ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Гол уриш учун яққол имконият аввалига "Барселона”да пайдо бўлди. 25-дақиқада Месси Хавига ажойиб тўп узатишини амалга оширди, аммо бу ўринда Касильяс ажойиб ҳаракат қилиб тўпни қайтарди ва кейинчалик Рамоснинг боши билан ошириб берган тўпини ушлаб олди. Гарчанд, "Барселона” ҳужумкор ўйин намойиш этган бўлсада, биринчи бўлим ўрталарида "Реал”нинг чап қанотдан уюштирган ҳужумлари хавфли кўриниш ола бошлади. Бу ўринда Дани Алвес фақатгина қўполлик ишлатиб ҳужумни тўхтатиб қола бошлади. Уч дақиқа ичида тўрт марта қўполлик ишлатган ҳимоячи фақатгина тўртинчисида сариқ карточкага лойиқ кўрилди. Биринчи бўлим якунланиб бораётган бир вақтда, Криштиану Роналду узоқдан ажойиб зарба бера олди. Аммо, унинг кучли йўллаган тўпини Вальдес қайтарди. Ўша вазиятда тўпга такрорий зарба берган Ўзил ўйиндан ташқари ҳолатда қолгани қайд этилди ва ўйин тўхтатилди. Учрашув қай даражада кескин руҳда ўтаётганини футболчиларнинг ҳар бир қоида бузилишига нисбатан очиқчасига норозилик билдириб, мунозарага киришаётганлари ҳам кўрсатиб турганди. Бу келишмовчилик танаффусга чиқиб кетиш вақтида ҳам давом этди. Ҳар икки томон футболчилари ўзаро орани очиқ қилиб олишга ҳаракат қилдилар. Бу кескинликнинг қай даражада қизғин бўлганини "Барселона" заҳира дарвозабони Хосе Пинтонинг четлатилганидан ҳам билиб олса бўлади. Дарвозабон рақиб ўйинчисининг бўйнидан сиқиб ушлагани учун четлатилди. Иккинчи бўлимга "Реал” таркибида ўзгариш қилинди. Ўзилнинг ўрнига Адебайор туширилди. Умуман, Жозе Моуриньонинг аниқ мақсади ҳам иккинчи бўлим бошлангач билиниб қолди. Португалиялик мураббий шогирдларини ҳужумкор ўйин кўрсатишга тайёрлаб чиқарган кўринади, "Реал” иккинчи бўлимда фаолроқ ўйнай бошлади. Хатто 50-дақиқада Криштиану Роналду чаққонроқ ҳаракат қилганда, гол киритиши ҳам мумкин эди. Аммо Пуйоль ва Пикелар ўртасида юзага келган тушунмовчиликдан португалиялик футболчи унумли фойдалана олмади. Учрашувнинг 61-дақиқасида ўйин тақдирини ҳал қилган воқеа бўлиб ўтди. Пепе тўпга ташланаётиб Дани Альвесга тўғри оёқ билан хавфли зарба бериб юборди. Ҳакам "Реал” футболчисига бир йўла қизил карточка беришга қарор чиқарди. Ўша вазиятда гарчанд Пепе қўпол ўйин кўрсатган бўлсада, ҳакамнинг қарори борасида исталганча баҳслашиш мумкин. Нима бўлган тақдирда ҳам, учрашувни бошқариб юборган Штаркнинг қарори натижага таъсир кўрсатган энг катта омиллардан бири бўлганини қайд этиб ўтиш лозим. Бироқ, назаримда "Реал” учун кейинги четлатиш жуда оғриқли бўлди. Ҳакамга норозилик билдиргани учун мадридликлар бош мураббийи Жозе Моуриньо ҳам майдондан четлатилди. Айнан шу ҳолат таъсирида бўлса керак, шундан сўнг "Реал” ўйинида тушкунлик кўзга ташланиб қолди. "Барселона” эса қўшимча куч билан ҳаракатлана бошлади. Ўтган сафар ҳам "Сантьяго Бернабеу”да бўлиб ўтган ўйинда бир киши кўп бўлиб ҳаракат қилган "Барселона” футболчилари қулай имкониятдан фойдалана олмаган ва қўшимчасига ўз дарвозасидан битта гол ҳам ўтказиб юборганди. Бу сафар каталонияликлар ўша хатони такрорламасликка уриндилар. Гвардиола ҳужумни кучайтириши мумкин бўлган ягона заҳира ўйинчиси — Иброҳим Афеллайни майдонга туширишга қарор қилди. Айнан шу қарор "Барселона”га катта фойда келтирди. Голландия терма жамоаси аъзоси майдонга тушгач, бироз вақт сезилмай турган бўлса-да, 76-дақиқада ўнг қанотдан ёриб киришга муваффақ бўлди ва тўпни Мессига етказиб берди. Аргентиналик ҳужумчи эса бундай вазиятлардан унумли фойдаланиши билан машҳур бўлиб келган. Бу сафар ҳам истисно бўлмади. 1:0. Голдан кейин мадридликлар сафидаги тушкун кайфият яна-да кучайди. Ҳужумда ўйнаши лозим бўлган Адебайорнинг умуман ўйини чиқмади. Қўшимчасига тоголик ҳужумчи 83-дақиқада рақибни таъқиб қилаётган вақтда ўта қўпол ўйнади. Бироқ, бу сафар ҳакам яна битта қизил карточка кўрсатишга жазм эта олмади ва сариқ карточка билан чекланди. "Барселона” эса одатий ўйинини намойиш этиб, тўпга эгалик қилиб турди. 87-дақиқада Месси учрашув тақдирини ҳал қилган иккинчи голни Касильяс дарвозасига йўллади. Бу ўринда аргентиналик ҳужумчининг маҳоратига қойил қолмай ўзга илож йўқ. Месси "Реал”нинг бутун бошли ҳимоясини алдаб ўтиб, гол киритди. 2:0. Учрашув тугаганидан сўнг, "Реал” футболчилари ҳакамга норозилик билдирдилар. Хатто ЖАРда ўтган мундиал баҳсларида Найжел де Йонгдан карате услубидаги тепки еганда ҳам ғинг демаган Хаби Алонсо ҳакам билан баҳслашишга уриниб кўрди. Аммо, бироз вақт ўтгач, бу ишидан ҳеч қандай натижа чиқмаслигини билгандан сўнг, қўл силтаб, ортига қайтишга мажбур бўлди. Шу тариқа "Сантьяго Бернабеу”да бўлиб ўтган илк ярим финал ўйини ниҳоясига етди. "Реал” жангда мағлубиятга учради. Урушда-чи? Энди нима бўларкин?.. Реал Испания – Барселона Испания – 0:2 (0:0, 0:2) Голлар: 0:1 – Месси (77), 0:2 – Месси (85). РЕАЛ: Касильяс, Рамос, Альбиоль, Пепе, Арбелоа, Ўзил (Адебайор, 46), Л. Диарра, Марсело, Алонсо, Ди Мария, Роналду. БАРСЕЛОНА: Вальдес, Пуйоль, Бускетс, Пике, Дани Алвес, Маскерано, Хави, С. Кейта, Педро (Афеллай, 71), Месси, Вилья (С. Роберто, 90). Огоҳлантириш: Арбелоа (40), Дани Алвес (44), Рамос (53), Маскерано (57), Адебайор (83). Четлатиш: Хосе Пинто (45), Пепе (61). 27 апрель. «Сантьяго Бернабеу», 23.45. Ҳакам: Вольфганг Штарк. Манба: www.uff.uz
|