Малайзия
пойтахти Куала Лумпурда ниҳоясига етган ОФКнинг йил лауреатларини
аниқлаш бўйича кечада ўзбекистонлик халқаро тоифадаги ҳакам,
"Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони соҳиби Равшан Эрматов кетма-кет
учинчи маротабa Oсиёнинг энг яхши ҳаками деб топилди. Жаҳон
чемпионатининг энг яхши ҳаками бундай совринга уч марта (кетма-кет) эга
чиққан ягона ҳакам бўлиб турибди.
Равшан Эрматов "Энг яхши ҳакам"
номинацияси учун тўплаган баллари 9,02 ташкил қилди. Кейинги ўринларни
эгаллаган Юичи Нишимура (8,88) ва Халил Аль-Гамди (8,8) ундан пастроқ
кўрсаткични қайд этишди. Шунингдек, бир қатор номинациялар бўйича
ўзбекистонликлар ҳам номзодлар орасида зикр этилганди. Жумладан,
Ўзбекистон футзал терма жамоаси - "Йилнинг энг яхши футбол терма
жамоаси", Рустам Умаров - "Йилнинг энг хши футзалчиси", Рафаэль Ильясов
- "Йилнинг энг яхши ҳакам ёрдамси", Темур Ҳакимов - "Йилнинг энг яхши
ёш футболчиси" номинацияларига даъвогарлик қилишганди, бироқ якунда
улар бундай мукофотни қўлга кирита олишмади.
"Энг яхши футзал
терма жамоаси” унвонини эронликлар қўлга киритишган бўлса,
футзалчиларнинг тенгсизи сифатида ҳам эронликлар вакили Муҳаммад
Тоҳирий эътироф этилди. Кутилмаганда "энг яхши ҳакам ёрдамчиси” соврини
япониялик Тору Сагарага насиб этди. Жуда кўпчилик бу борада Равшан
Эрматовнинг икки қанот ёрдамчиларининг имкониятларини юқори
баҳолаётганди. Бироқ ундай бўлиб чиқмади. (Уни бир жиҳат билан изоҳлаш
мумкин: Энг яхши ҳакам унвони кетма-кет бир мутахассисга
берилаётганлиги боис бошқа ҳакамлар гуруҳининг "хафа бўлмаслиги” учун
ҳам қилинган иш дейиш мумкин — муаллиф).
Яна бир номинацияда
қатнашган ўсмирлар терма жамоамиз вакили Темур Ҳакимов ҳам лауреатлар
орасида зикр этилмади. Ёдингизда бўлса 2008 йилги совриндорларни
аниқлашда ҳам "Энг яхши ёш футболчи” ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида
энг яхши футболчи бўлган Аҳмад Халилга топширилганди. Ўшанда шимолий
кореяликлар ўсмирлар вакили Шерзод Каримов билан биргаликда совринсиз
қолганди. Бу сафар ҳам кутилганидек Ёшлар ўртасидаги Осиё
чемпионатининг ҳақиқий қаҳрамони, финал учрашувида Австралия ёшлари
дарвозасини икки бор нишонга олган Чжон Ил Гван (футболчи мусобақада
16-рақамда тўп сурганди — муаллиф) "Энг яхши ёш футболчи” совринини
қўлга киритди.
Кечанинг асосий соврини сўнгги бўлиб ўз эгасига
топширилди. Кейсуки Хонданинг анжуманда иштирок этмаслиги ойдинлашгач,
асосий даъвогар сифатида Австралия терма жамоаси ва "Сеонгнам Илва
Чунма” сардори Саша Огненовски кўрилаётганди ва оқибатда худди шундай
ҳам бўлиб чиқди. 2010 йилнинг "Энг яхши футболчиси” совринини Саша
Огненовски қўлга киритди.
Демак барча совриндорлар билан
танишиб олишингиз мумкин. Биз эса Равшан Эрматовни яна бир бор Осиёда
тенгсиз деб топилгани билан табриклаймиз!
ЭНГ ЯХШИ ФУТБОЛЧИ Саша Огненовски (Австралия ва «Сёнгнам Ильва Чунма», Жанубий Корея)