Испаниянинг «Эстудианте» (биздаги «Ёшлар») телеканалининг «GOOL» деб номланадиган кўрсатувида бошловчи пайдо бўлади:
— Буэнос-айрес, қадрли мухлислар! Бугунги кўрсатувимизга Рауль Гонсалесни таклиф қилганмиз. Ҳамма билиб турибди буни. «Реал» жамоаси туғилганидан бери ўйнаб юрган бизга қадрли йигит куни кеча «Бунёдкор» жамоасига ўтиши ҳақида шов-шувли хабарни тасдиқлади. Испаниялик футбол ишқибозлари «Бунёдкор» деган жамоанинг борлигини Ривалдо орқали билишарди, аммо «Бунёдкор» жамоаси ўйнайдиган Тошкент деган шаҳарни у қадар яхши танишмасди. Ривалдонинг ўша томонларда тўп сураётгани, бундан бир йил олдин сал бўлмаса Это’Онинг «Бунёдкор» клубига ўтиб кетмагани, Месси, Пуйоль, Фабрегас ва Иньесталарнинг мастер классга боргани ҳақидаги хабарлар баъзи нашрларимизда маълум қилинганди. Ана шу хабарларга суяниб, Тошкентда футбол ривожланаётгани ҳақида фикр уйғона бошлаганди. Бизга берилган маълумотларга қараганда, Ўзбекистон ёшлари Мисрда ўтказилган жаҳон чемпионатида ҳам иштирок этишган. У қадар катта натижалар қайд этмаган бўлса-да, чемпионликни қўлга киритган Ганага биринчи бўлиб гол урган. Уругвай билан ярим соатча тенг ўйнаган ва Англияни сал бўлмаса енгай деган. Бу майли, 2003 йили Иньеста ёшларимиз таркибида ўйнаганида унинг урган ягона голи билан Ўзбекистон ёшларини ютган эканмиз. Мана кадрларга яхшилаб қаранг, бу йигитлар Рауль Гонсалес йўл олаётган мамлакат йигитлари...
Хуллас, биз студиямизга Раулни чақирдик. Бу ҳайратомуз қарорга келганининг сабабларини сўраш учун. Миллатнинг қаршисида жавоб беришини истадик.
Марҳамат, қарсакларингизни аямайсиз, сизнинг қаршингизга чиқиб келаётган йигит Рауль Гонсалес бўлади. Келинг, келинг...
Испания терма жамоасида узоқ йил сардор бўлиб ўйнаган, ҳозирги кунда «Реал» жамоасида сардорлик қилаётган Рауль Гонсалеснинг чиқиб келиши студияга тўпланганларни ҳайрат кўчасига етаклайди. Чунки у уялибгина тушиб келарди...
– Келинг, Рауль, жойингиз бу ерда, довдираманг. Авваламбор, бизнинг кўрсатувимизга лаббай деб келганингиз учун миннатдорчилик изҳор айлаймиз. Чунки айни пайтда ишингиз кўп, «Бунёдкор» клуби билан бўладиган кўпгина музокаралар устида турибсиз... Биринчи саволим қуйидагича: Нима учун бу қарорга келдингиз? Ахир сиз «Реал»нинг рамзи эдингиз-ку...
– Мен – деб гап бошлайди Рауль, – бир умр «Реал»да қолмоқчи эдим. Лекин охирги пайтда раҳбарият олиб бораётган сиёсатга анчагина қаршилигим пайдо бўлди. Жамоага таклиф этилган мураббийнинг савияси бизнинг жамоадан пастроқ. Иккинчидан, Криштиану Роналдунинг ташрифи мен учун умуман ёқмади, чунки унинг характери олдиндан маъқул келмасди. Кака яхши йигит, аммо кўпроқ мен билан бир позицияда тўп суришини инобатга олсак, икки юлдузни бир жойга тўплашнинг нима мантиғи бор, тўғрими? Бенземани умуман тушунмадим. Рауль билан ўйнай олмайман, у жудаям секин ҳаракат қилади, дебди. Мен ёшлигимдан секин ўйнаганман, аммо ҳужумни жуда тез ташкил этганман. Бир марта бўлса ҳам бу масалада Зидан эътироз билдирмаган, Роберто Карлос индамаган, келиб келиб бир бола Мадридга келиб олиб, шунақа деяптими? Жуда қизиқ. Каримнинг ўзи олдин тезроқ ўйлашни ўрганиб олсин, кейин гаплашамиз. Нуқул ундан олдин боряпманку охирги тўпга барибир. У жуда тез ҳаракат қилишни эмас, тезроқ фикрлашни ўрганиши лозим.
Мана шу жиҳатлар охирги пайтда жаҳлимни чиқариб юрганди. Раҳбариятнинг олдига шикоят билан киргандим, улар мен қариб қолганимни, шундоғам асосий таркибга ўлганнинг кунидан тушираётганларини «тушунтириб қўйишди». «Вальядолид»га урган биринчи голим ҳурмати жаҳлим чиқиб кетди. Кўрсатув тугаётганда қўйворинглар ўша голни, нимага жаҳлим чиққанини билволасизлар... Хуллас, миллий чемпионатда «Барса»дан ортда бораётганимиз, бу йили ҳам бу ўйинимиз билан ЕЧЛни енга олмаслигимизни фахмлаб, нимадир қилишим кераклигини англадим. Уйга бориб, интернет титкилаб ўтирувдим, Тошкент деган шаҳарда «Бунёдкор» деган жамоа фахрий юлдузларни жамлаётганини ўқиб қолдим. Ривалдоям ўша ерда экан. Сколари ҳам, тавба! Бу қанақаси, деб жамоани ўргандим. Осиёнинг энг яхши ўйинчиси Сервер деган йигит ҳам ўша ерда экан. Демак, кучли клуб бўлса керак, деган хулосага келдим. Бироқ, тилим унча ўрганмаган Кореянинг қанақадир жамоаси ютиб қўйибди уларни. Сабабларини ўргандим. Сабаби, тузуқроқ ҳужумчи йўқ экан. Биз бор-да бўлмаса мана, дедиму, уларга ўзим таклиф билан чиқдим. Энг ёққан томони нима бўлди, биласизми?
– Менимча «Барса»нинг дўсти эканлиги...
– Топдингиз, жамоа бир йил олдин Каталонияга келган экан ҳам. Мен эшитмаган эканман, Анри, Мессилар уларга қарши ўйнаган экан. Ҳисобнинг 1:1 бўлгани албатта тушунарли ҳолат, аммо барибир довдирамай ўйнаган эканку йигитлар, шундан хурсанд бўлдим. «Барселона» билан «Бунёдкор» ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик борлигини Перес жаноблари эшитса, юраги ёрилиб ўлса керак манимча...
– Тўғри, Пересга қарши қилаётган ишингизни ўзингиз оқлашингиз мумкин, аммо мухлислар-чи? Сизни ўғлидан ҳам яхши кўрадиган оталар бор, оталаридан ҳам кўпроқ ардоқлайдиган фарзандлар бор, буларни ҳисобга олмадингизми?
– Мен бу масалада Луиш Фигу билан маслаҳатлашдим. Телефонлашдим. У бу масалада ичимизда энг тажрибали-ку, биласиз... Луиш мухлис зоти бир ойдан кейин ҳамма нарсани эсдан чиқариб юборишини ётиғи билан тушунтирди. Бунинг устига, «Реал» «Бунёдкор» билан ўйнамаслигини эътибордан қочирмасак, уларнинг ранжишга асослари йўқ умуман.
– Рауль, сиз олдинги интервьюларингизда Испания терма жамоасида ўйнаш иштиёқингиз борлигини ҳам айтиб ўтгандингиз, агар Тошкентга кетадиган бўлсангиз, терма эшиги бутунлай ёпиладику...
– Тўғри, ёпилади. Аммо очилишига ҳам кўзим етмаяпти. Тўғрисини айтишим керакки, бугунги кунда Испанияда иқтидорлар талайгина. Айниқса, мен ўйнаётган чизиқда. Менсиз улар Европада чемпион бўлишди. Энди жаҳон чемпионатида ҳам барчага етарли ташвиш туғдиришади. Шу боис, одам ўз нархини билиши керак...
– «Бунёдкор»даги шароитларни яхшилаб ўргандим, деяпсиз. Маош масаласида ҳам анчагина фойда бўлади, деган тахминларингиз ҳам йўқ эмас, а?
– Албатта. Ривалдо ва Сколари Европани тарк этиб, ўша томонларга кетишларига ҳам шу нарса сабаб бўлган-ку! Мен нимадан уяламан. Менинг номим бор. У ердаги фаолиятим давомида узоқ йиллар футболчи бўлиб юриш имкониятим бор. Испания чемпионатида 32 ёшдан кейин мана ман деган юлдуз ҳам чарчаб қолади. Ўзбекистон чемпионатида Ривалдо тўпурар экан. Мен тўпурар бўлган йилларим Ривалдо етиб олишни орзу қиларди. Демакки, у ерда роса гол ураман.
– Рауль, сиз эртага «Милан» билан ўйнайсиз. (Суҳбат ЕЧЛ учрашувидан 1 кун аввал утказилган). Росалигам жаҳлда ҳаракат қилсангиз керак, а?
– Нимасини айтасиз, Криштиану йўқлигидан фойдаланиб олишим керак. Роналдунинг йўқлигидан бугунги кунда Руни ҳам роҳатланаётганини тушуниб турибман. Бу болада менинг тўп билан муомала қилиш санъатим, Каканинг майдон ўртасини бошқариш вазифаси, Бенземанинг тезлиги мужассам бўлиб улгурган. Бир ўзи чап оёғида тинчитиб ташлаяпти ҳаммани. Жамоани тарк этганимдан кейин уни сардор қилиб қўйишса-да ажабланмайман.
– Раҳмат. Жуда кўп масалаларга ойдинлик киритдингиз. Эртанги ўйинда сизга омад ёр бўлишига тилакдошмиз. Сиз ўз мухлисларингиз борлигини, Мадрид аҳли сизни барибир яхши кўришини унутмаслигингиз керак. Чунки Рауль Гонсалес деганда миллионлар ўйинида барча ва барча «Реал» деган сўзни тушунади. «Бунёдкор»даги узоқ йиллик фаолиятингиздан сўнг, бу ерга келиб жамоа мураббийи бўлиб ишлашингизга тилакдошмиз.
– Мен ҳам шу режада турибман. Тахминимча, тўрт беш йиллик шартнома тузиб, агар кўтарса яна давом эттириб, Мадридга қайтаман. Ҳар ҳолда туғилган воҳам мен учун ҳаммадан қадрлидир.
Кўрсатув ўз поёнига етади. Кўрсатувининг охирида Рауль томонидан киритилган голлар фестивали намойиш этилади. Ҳамма йиғлайди. Буюк футболчининг номаълум ўлка сари уюштираётган сафари юракларга алланечук аламлар беради. Бу аламлар кўз деб аталмиш жавоҳирдан сизиб чиқиб, ёноқлар томон оқа бошлайди. Футбол клипининг охирида Тошкент шаҳри кўрсатилади. «Жар» стадиони, эътиборга молик ўринлар ва... катта катта ёзувлар билан «Рауль, сени Тошкану-азим кутмоқда!» деган шиорлар осиб олган қоракўз болалар тасвирланади. Бу пайтда бизнинг юрагимиз ҳаприқиб кетади...