Рашид Холиқов янги клипда "Valentino” костюмида
Шўх, рақсбоп, енгил қўшиқнинг мураккаб декорацияли клипи
Ўзбекфильм павильонларидан бирида Шаҳзод гуруҳи солисти Рашид Холиқовни "Лейли” қўшиғига клип суратга олиш жараёнига таклиф қилишди.
Бугун 9-июнь соат 16.00 га яқинлашганда суратга олиш майдонига кириб келганимда, тайёргарлик жараёни қизғин кечаётган бўлиб, ҳали суратга олиш ишлари бошланмаган эди.
Павильонда одам гавжум, бир гуруҳ ишчилар саҳна декорациясини қуриш жараёнини ниҳоясига етказишмоқда.
Клипни суратга олиш гуруҳи ҳам ўз ишлари билан банд. Оператор, техник ходимлар ўз ишларига жиддий киришганлар. Декорация ва тайёргарлик ишлари давом этаётганлиги учун вақтдан фойдаланиб, клип режиссёри Ёдгор Носиров билан суҳбатлашдим.
Ёдгор Носиров (режиссёр, клипмейкер): - Қўшиқ шўх, ёшларбоп. Клипга келсак, трек тарзида. Диско услубида 80 йиллардагидек. 4 та қиз (моделлар) рақсга тушишади. Хонандани ўзи ҳам, гуруҳдаги созандалар ҳам оқ кийимда бўлишади. Аввалига клипни массовка билан олмоқчи эдик. Лекин, ҳозирда кўп клипларда массовкадан фойдаланилганлиги туфайли, биз бошқача ёндошишга ҳаракат қилдик. Пиротехникадан ҳам фойдаланамиз. Салютлар отилади. Қизиқарли кадрлар бўлади.
Клип учун махсус саҳна декорацияси қурилиши (баъзи бир махсус деталлари) кўриб турганингиздек ҳозир ҳам давом этмоқда. 2 та декорация қурилади. Рассом Ҳусан исмли йигит. Декорация чизилганига 1 ҳафта бўлган бўлса, мана бугун қурилиб тайёр бўлди. Поллар устида юрилганда ёнади. Мониторлар бўлади. Лейли (қўшиқ номи) ёзувлари чиқади. Декорацияни ҳар бир жойи учун бир неча киши меҳнат қилмоқда. Масалан, юқорида айланаётган глобусни 2 киши тайёрлаган. Полни 8 киши йиғяпти. Умумий айтганда, бу клип учун 60 киши меҳнат қилмоқда.
Клипни бир кун ичида суратга олиб бўлишни режалаштирганмиз. Чунки, боя айтиб ўтганимдек клип трек тарзида, воқеий эмас.
Клипни бошқа клипларга ўхшаб қолмаслигига ҳаракат қиламиз. Трек тарзида бўлса ҳам, оддий клип эмас.
Ёдгор Носиров билан суҳбатдан сўнг, декорацияга разм солдим. Ўзига хос ва жуда кўплаб чироқлардан фойдаланилган. Тайёргарлик жараёнида, декорация бир неча бор текширилди. Рашид Холиқовни ўзи режиссёр билан биргаликда, ҳар бир детал ва тайёргарликларга аҳамият бераётган эди.
Бу орада хонандани ўзи билан ҳам суҳбатлашдим.
Рашид Холиқов ("Шахзод” гуруҳи солисти):
Қўшиғимни номи "Лейли”, Жамшид Шодиев шеъри, Али Ниязимбетов аранжеровкаси. Рақсбоп, енгил қўшиқ. Ўзи Шаҳзод гуруҳини кўп қўшиқлари кайфиятни кўтарадиган қўшиқлар. Оғир қўшиқлар ҳам бор, лекин бироз камроқ.
Клип ҳақида айтсам, ҳозир нимаики қилинаётган бўлса, мухлисларимиз чиройли клип кўрсин деб ҳаракат қилиняпти. Бу ерда жуда ҳам кўп чироқлардан фойдаланилади. Ёнадиган поллар эса ҳали ҳеч қаерда ишлатилмаган. Агар оддий декорация бўлса, билардик. Биз эса биринчи марта бундай чироқлар билан ишлаяпмиз. Лекин, кўрамиз натижа яхши бўлиши керак. Нимаики қилинаётган бўлса, тингловчилар учун, сифат учун қилинади. Ўзи Шаҳзод гуруҳи ҳар доим шунчаки клиплар олишни ёқтирмаймиз, албатта сифатли бўлиши керак. Ҳозир Ёдгор Носиров билан маслаҳатлашиб, съёмка жараёнидан олдин, съёмка жараёнида ўзгаришлар бўлмоқда. Ҳозир соат 16.00. Ўйлаяпман эрталаб соат 6.00 гача ишласак керак.
Ёдгор Носиров билан олдин ҳам кўп марта бирга ишлаганмиз, унга тўла-тўкис ишонаман. Бу саккизинчи клип бўлса керак. Клип ғоясини биргалашиб (Ёдгор Носировга ишора қилиб) амалга оширяпмиз.
Клип учун махсус ҳаммага бирдек оқ кийимлар танланди. Ўзим учун Valentino дан оқ костюм-шим олдим. Уни кўк кўйлак ва оқ галстук билан киймоқчиман. Лекин, агар режиссёр айтса, кийимларга ҳам ўзгартириш киритилиши мумкин.
Кутамиз, баҳо бериш албатта томошабин ва мухлислардан. Негаки, фикрларни, ўз хулосаларини албатта мухлисларимиз, тингловчиларимиз бергани яхши деб ўйлайман.
Соат 17.00 ларда декорацияни биринчи қисми тайёр бўлди ва "Шахзод” гуруҳидаги созандаларни кадрларини суратга олиш ишлари бошланди.
Юқорида хонанда айтиб ўтганидек, уларни барчаси бир хил оқ кийимда эдилар. Қўшиқ янграй бошлади. Ҳар бир созандани кадрлари аввал алоҳида, кейин эса умумий тарзда суратга олинди.
Хонандани ўзи режиссёр Ёдгор Носиров билан биргаликда, монитор қаршисига ёнма-ён ўтирганча, микрофонда созандаларга баъзи бир ҳолатларни тушунтириб турди. Ҳаттоки, баъзи бир жойларида қўшиққа берилиб кетиб, хиргойи ҳам қилди.
Режиссёр Ёдгор Носиров эса ўз ишига жиддийлик билан ёндошиб, ҳар бир кадрни сифатли чиқиши учунми, монитордан кўз узмасди.
Кичик тортишувлар, баъзида эса ҳазиллашиш ҳолатлари ҳам бўлди. Айниқса, хонанда ўз созандаларидан бирини Жимми куйла деб ҳазиллашди ва бу ҳолат ишчи гуруҳни кайфиятини кўтарди.
Бу орада клипда суратга тушиш учун бошқа хонада тайёргарлик кўраётган модел қизлар ҳам суратга олиш павильонига кириб келишди. ("Турмалин” моделлар агентлигидан)
Ҳаммани диққати мониторга ва декорацияга қаратилганди.
Қўшиққа аҳамият бердим, ёшларбоп, шўх қўшиқ экан. Созандаларни суратга олиш жараёнини кузатиб туриб, савол туғилди. Клип, чироқлардан фойдаланилганигами, билмадим, созандалар кадрлари туфайлими хонандани "Ваъда шу” клипини бироз эслатиб юборди.
Бу ҳақида эса хонандага савол берилганида,
Рашид Холиқов: - Лампочкалар бўлса ҳам, аввалги клипда бунчалик катта объём бўлмаган. Ҳозир бу ерда кадрлар бутунлай олиб бўлингач, четдаги мониторлар пол устига қурилади. Яъни, 2 талик декорация бўлади. Фарқ қилади – деб жавоб берди.
Демак, тўлиқ клипни кўриш керак. Клип эса режиссёрни сўзларига кўра, 2 ҳафта ичида тайёр бўлиши режалаштирилган.
Тайёргарликлар ва мураккаб декорацияга кўра, қўшиқ енгил бўлгани билан клипни суратга олиш жараёни бироз қийинроқ кечаётган эди.
Соат миллари 20.00 га яқинлашиб қолганда ҳам суратга олиш ишлари давом этаётган ва хонанда айтгандек, суратга олиш ишлари тонгга қадар давом этиши кўриниб турарди . . .
Шахзод гуруҳидан янги "Лейли” қўшиғига ишланган клипни тайёр бўлишини кутиб қоламиз.
|