Яна "Арсенал" ва "Барселона" плей-офф босқичида дуч келишди. "Барса"нинг ўйин услуби барчамизга маълум. "Арсенал" ҳам ҳеч қачон ҳимоявий ўйин қилмаган. Демак, қайсидир маънода ўйин услуби бир-бирига яқин жамоалар ўзаро куч синашишди. Бу эса мухлислар учун ҳақиқий байрам деганидир. Ёдингизда бўлса, ушбу жамоаларнинг ўтган йилги тўқнашувида "Барса"нинг қўли баланд келган бўлса (2:2, 4:1), ЕЧЛ-2006 финалида ҳам каталонияликлар рақибидан устун келишганди. Бу сафар ҳам кўпчилик "Барселона"нинг ғалабасини тахмин қилаётганди. Балки, иккита ўйиннинг умумий натижасига кўра, Каталония жамоаси чорак финал йўлланмасини қўлга киритар, аммо Лондондаги ўйинда Арсен Венгер узоқни кўзлай олди. Гвардиола шогирдлари ўз ўйинларини намойиш қилиб, майдонда ҳукмронлик ўрнатишга интилган бўлсалар, "Арсенал" эса илк дақиқаларданоқ рақибга қарши кучли прессинг қўллаб, испанияликларга эркин нафас олиш имконини бермасликка ҳаракат қилдилар. Статистикага кўра, "Арсенал" Премьер-лигада ҳам, ЕЧЛда ҳам дастлабки 15 дақиқа давомида ўз дарвозасидан гол ўтказиб юбормайди. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Мезбонлар 2 қават ҳимояни ташкил қилган ҳолда, қарши ҳужумда тезкор ва кенг фронт бўйлаб ҳаракатланишди. Ана шундай ҳужумлардан бири майдон эгаларига фойда келтириши мумкин эди. Ван Персининг кучли зарбасини Вальдес яхши сейв билан бартараф этди. Майдон марказидаги аёвсиз курашлар натижасида лондонликлар бироз чарчашди шекилли, улар аввал Вильянинг узатмасидан сўнг, Месси дарвозабон Шесни билан бирга-бир вазиятга чиқариб боришига қаршилик қила олишмади. Лео зарбаси эса дарвоза устуни ёнидан бир неча сантиметрлар масофадан ўтиб кетди. "Арсенал" ҳам бунга қараб тургани йўқ. Кетма-кет бир нечта ҳужумлардан сўнг, Фабрегас жарима майдончасига кириб борди ва ўткир бурчак остида зарба бермасдан, дарвозанинг нариги бурчагида очилаётган ван Персига тўпни узатди. Деярли бўш қолган дарвозани ишғол қилишга тайёр футболчига тўп етиб келишига эса Абидал йўл қўймади. Месси дарвозани ишғол қилиш насиб қилмаётганини тушунди шекилли, энди пас берувчи вазифасини бажарди ва бу жамоасига фойда келтирди. Клиши оффсайд чизиғидан чиқиб кетишга улгурмади ва Вилья бирга-бир вазиятда ҳисобни очди - 0:1. Шундан сўнг, "Арсенал" дарвозабони Педронинг зарбасини бартараф этган бўлса, Вилья дарвозани ишғол қилишда бироз ноаниқликка йўл қўйди. Иккинчи бўлимни мезбонлар фаол бошлаган бўлсаларда, "Барса" тўп билан одатдагидек кўпроқ муомала қилиб, "Арсенал"га ҳужум уюштириш имкониятини бермади. Орада Месси яна бир марта дарвозабонни доғда қолдира олмади. Венгер шогирдлари эса асло бўшашишмади. Имкон бўлди дегунча, ўз бахтларини каталонияликлар дарвозаси олдида излай бошладилар. Ван Перси 1-2 марта узоқдан зарба йўллаб кўрди. Венгер эса Сонг ўрнига Аршавинни майдонга ташлади. Шундан сўнг Бедтнер ҳам ўйинга тушди. Қандайдир 4 дақиқа ичида "Барселона" бўшашди ва ўз дарвозасидан 2 та тўп олиб чиқди. Робин ван Перси ўткир бурчак остида бўлишига қарамай зарба беришга қарор қилди. Вальдес эса оддий вазиятда гол ўтказиб юборди. Аршавин эса Насрининг пасини тўхтатмасдан дарвозага йўллаб қўя қолди - 2:1. Сўнгги дақиқаларда "Барса"нинг ҳужумлари майдон эгалари томонидан бартараф этилди. Бу оқшом Лондон кўчаларида байрам! Дарвоқе, Украина томондагилар ҳам байрам қилишмоқда. "Шахтёр" Римдан ғалаба билан қайтди. "Рома" - "Шахтёр" - 2:3. ЕВРОПА ЧЕМПИОНЛАР ЛИГАСИ ЧОРАК ФИНАЛ "АРСЕНАЛ" - "БАРСЕЛОНА" - 2:1 (0:1) Голлар: Вилья 26', Ван Перси 78', Аршавин 83' "Арсенал": Шесни, Клиши, Журу, Косиельни, Эбуэ, Уилшир, Сонг (Аршавин 69'), Насри, Фабрегас, Уолкотт (Бендтнер 77'), ван Перси. "Барселона": Вальдес, Максвелл, Абидаль, Пике, Алвеш, Иньеста (Адриано 89'), Бускетс, Хави, Вилья (Кейта 69'), Месси, Педро. Огоҳлантиришлар: Сонг 7', Насри 28', Иньеста 29', Пике 59', ван Перси 86' Ҳакам: Никола Риццоли (Италия). "РОМА" - "ШАХТЁР" - 2:3 (1:3) Голлар: Перротта 29', Жадсон 30', Коста 33', Адриано 40', Менез 62' "Рома": Дони, Риисе (Кастеллини 46'), Мексес, Бурдиссо, Кассетти, Де Росси, Таддеи, Перротта, Вучинич (Боррьелло 69'), Менез, Тотти. "Шахтёр": Пятов, Рац, Чигринский, Ракицкий, Хюбшман, Срна, Виллиан, Жадсон (Алекс 84'), Коста (Эдуардо 67'), Мхитарян (Виценец 78'), Адриано. Огоҳлантиришлар: Чигринский 33', Адриано 63', Кассетти 64', Менез 75', Перротта 77, Ракицкий 83', Пятов 88' Ҳакам: Олегариу Бенкеренса (Португалия).
|