...Деҳлида туриб ҳам ажойиб янгиликлардан мухлисларимиз орқали бохабар бўлиб турибмиз. Мана, ушбу мақолага сабабчи ҳам Тошкентлик бир мусиқа ихлосмандининг интернет орқали боғлангани сабаб бўлди. "Ҳозир KRAL TVни кўряпмиз, тез сиз ҳам томоша қилинг”- дея ёза бошлади у. Афсус бу ерда ҳамма телеканаллар "Ачча Ачча...Муҳаббат Ҳе” бўлиб ётганидан кимнинг ҳам хабари бор?!) Мухлис Юлдуз Усмонова билан жонли эфирда мулоқот бўлганини ва шунчаки ўтмаганини маълум қилди. Биз эса хулосаларимизни битишга чоғландик.
Юлдузнинг йиғлаганини кўриб кўпчилик тўлқинланган бўлиши табиий. Ахир, неча йиллик юлдуз. Примадоннанинг кўзёшларини кўриш ҳам қизил қор ёққани билан баробар. Устига-устак дарбадар бўлиб, мусофирчиликда...Бир нарсани аниқ биламан, Юлдуз шоу учун йиғламайди. Айниқса, Тотлисасга ўхшаб. Одамлар диққатини тортиш, ўзига меҳр қозониш учун йиғлаш сохталик. Буни ҳамма ҳам бирдек тушунмайди-да. "Усмонова йиғласа йиғлабди-да” дея қўл силташ ҳам яхшимас. Балки унинг кўз ёшларида қанча-қанча оғриқли кунлари нидоси бордир, балки неча йиллаб финалдан тушмаган хонанданинг ўрни бошқа (балки санъати арзир ё арзимас) истеъдодларга қолиб кетганини ҳеч кимга айтолмаётган фиғони бордир? Ё апрел концертлари деганда фақат примадонна тушуналидиган кунлар энди бошқаларга насиб этганини тушуна олмай қилаётган чархи фарёдидир? Не бўлганда ҳам, Юлдуз бежизга йиғламайди: у хатоларини ё тушуниб етиб, кечирим ноласини сўраяпти, ё қаерда қандайдир, билиб- билмай хатолар қилганини ҳалигача тушуна олмай ҳалак... Жонли эфирда билдирилган кўп фикрларда примадонни дуо қилишларини, тезроқ мусофирликдан воз кечиб, ўз она юртида олдингидай жўшқин ижод қилишини билдиришган. "Гар ўлсам” қўшиғида хонанданинг шундай "васият”лари бор: "Гар ўлсам, бешигимнинг ёпинчиғин топинглар, Йиртиқ- ямоқ бўлсада тобутимга ёпинглар, Кўрсинлар йиғлаганлар умрим бори хатодир, Бу дунёда топганим шу бир парча матодир...”. Ёш қизчанинг шу қўшиқдан бир парча куйлагани эса Юлдузни титратиб юборган...Қора кўзойнак тақиб, ёшига нисбатан ўта яшариб кетишга уриниб, 18 яшар қизчалардек кийиниб олганига қараманг...Бу шоу бизнес, бу примадоннанинг эркаликлари! Унинг қалбидаги дард, нолалар сохта эмас. Ҳақиқатан ҳам тилидан эмас, дилидан куйлайдиган иккитаси ё ўнтаси бўлса...ҳаммаси унинг ўзи! Бу тақдир синовларидир. Дарвоқе, примадонна бўлиш ҳам осонми? Санъат нонини ейиш учун темирдан тишлар керак дейди, ҳамиша Юлдуз. Примадонналик мавқеи юкини кўтариб юриш учун ўзингиз ўйлайверинг қанақа елка керак?! Дилда яхши ниятлар кўп, дея куйлагандингиз, ҳаммаси яхши бўлишига умидингизни ҳам сўндирманг!
JASUR HAMROYEV
|