Оптимист хонанда янги альбомлар орқали одамлар эсидан
чиқмасликка ҳаракат қиляпти ҳамда бу йўл жуда самарали кечяпти. Янги қўшиқлар,
Туркия ТВсидаги тинимсиз промолар ва клиплар кутилган янгиликлар бўлишга улгурди.
Бироқ, унинг ижодидаги сўнгги янгиликлар мухлисларга қандай туюлади билмадик-у,
аммо ижод аҳли учун жуда кутилмаган янгиликлар бўлди.
Примадонна Истамбулдан Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрига
гастрол учун эмас, клипда суратга тушгани йўл олди...Қўшиқ дуэт тарзида
куйланган бўлиб, "Алдади” дея номланади. Энг қизиғи, бу эмас. Дуэтдошнинг
кимлиги! Атхамбек Юлдашев...Бир неча йиллар шунчаки муносабатларига дарз кетган
хонандалар яна тил топишгани уларнинг яқинлари учун ажойиб янгилик бўлиши
тайин. Тўғри, иккала санъаткорнинг ҳам характери жуда оғир. Тез хафа бўлади,
тезда унутади ҳам...Бир уришиб, бир ярашиб яна дуэт куйлаб, уларнинг ўртасида
ҳаммага ҳам кўринмас дўстлик борлигини исбот этишмоқчи бўлишгандир, балки? Атхамбек
бир неча бор Юлдуз Усмонова санъатининг ашаддий мухлиси эканлиги, бироқ, унинг
санъати ҳам примадоннаникидан ҳечам қолишмаслигини таъкидлаган. "Алдади”.
Тарона номидан келиб чиқсак, ким кимни алдади? Ё улар ҳаётида алдаб кетганларга
ишора, жавоб қўшиғимикан? Ё муҳаббат олами савдоларидан дод-вой?! Маълумотларга
қараганда, клип Чимкентнинг марказий хиёбонида суратга олинган. Юлдуз яшарган
қиёфада ажойиб рақслари билан намоён бўлади. Дарвоқе, хонанда елкасидаги "йўлбарс”ни
бекитишига ҳам ҳожат бўлмади! Муҳими, қўшиқ ҳам, клип ҳам омадли чиқсин ва
мухлисларни баҳраманд айласин!
Кейинги янгилик эса, кутилмаган хабар тарзида бўлиб,
турли саволлар туғилишига сабаб бўлиши мумкин. Усмонованинг тахминан 20 йиллик
ҳамкори, қадрдон админстраторининг ишдан бўшатилиши...Бу хабарни эшитган заҳоти
инсоннинг эти жимирлайди: қани ҳақиқат? Садоқат-чи? 20 йиллик муносабтларга
дарз кетиши шу қадар осонми?
Тўғри, Юлдузнинг характери оғир. Хиёнатни кечирмайди.
Бир нарсани узил- кесил ҳал қилса, бекордан бекорга хулоса чиқармайди. Шундан
келиб чиқсак, Акмал Йўлчибоев билан муносабатларига нуқта қўйишида жуда катта
сабаб бўлиши аниқ. Арзимас хатоликларни Усмонова кечириши мумкин. Энди Йўлчибоев
ҳақида тўхталсак, у Юлдузга бир иборадаги янглиғ ".. каби вафодор” эди. У "тарози”
эди, гўё. Усмонова бировнинг дилини билиб-билмай оғритиб қўйса, асосий
тушунтириш ишларини Йўлчибоев олиб борарди. Эсимда, Юлдуз Усмонова Озода
Саидзода билан судлашганида ҳам, энг асосий жонкуяр Акмал Йўлчибоев бўлганди.
Ёниб-куйиб, "опа-опа” дея хонанда атрофида гирдикапалак бўлиб, кўчада
одамларнинг турли миш- мишларини гап билан ёпиб юрган админстратор эди. Бошига
миллий дўппимизни қўндириб, ташқи кўриниши севимли адиб Ғофур Ғуломни эслатиб
турадиган бу инсон қайси ҳатти-ҳаракатлари билан примадоннага муносиб бўла
олмадийкин? Юлдузнинг тилидан ҳам ҳар доим "Акмалик”, "Акмалим” деган
эркалашлар тушмаган. У жуда қаттиқ ҳурмат қиларди, админстраторини. Агар
эътибор берсак, Усмонова ҳаётидаги қадрдон ҳамкорларидан иккинчисини йўқотиши.
Биринчиси, Тоҳир ака (фамилияси ёддан кўтарилган, узр.- Ж.Ҳ) эди. У ҳам
Усмоновага садоқатлилардан бўлган. Бироқ, хонанда Бону билан боғлиқ можорадан
кейин унинг ҳам примадонна ёнидан қораси ўчирилди. Бир неча йиллар Дилдора
Ниёзовага продюсерлик қилган Тоҳир ака, яна нималардир сабаб Ниёзова билан ҳам
хайрлашишига тўғри келди. Хулоса ўрнида шуки, бу фоний дунёда аслида муносабат
боғлашнинг, бировнинг ишончини қозонишнинг ўзи осон иш эмас, неча йиллик
ришталарни узиш-чи? Телефон рақамлар ўзгармагани билан, уларга жавоб берувчи
одамлар-чи, овозлар-чи? Мана шу овозларга, муомалага кўп нарса боғлиқ. Примадонна
янги админстратор белгилшага ҳам улгурди. Кимдир Акмал Йўлчибоевнинг ўрнини
Шерзод Ҳакимов боса оладими деб ўйлаши мумкин. Боса олмаслиги тайин, чунки ҳар
бир инсоннинг ўз ўрни бор. Ўз "мен”ига эга янги админстратор ишини қай даражада
қойиллатади, буни вақт кўрсатади.
Қизиқ, примадонна ва унинг қадрдон ҳамкори ўртасидаги
неча йиллик риштанинг вайрон бўлишига қандай "торнадо” сабаб бўлдийкин? Бу
хабарни эшитган ижод аҳли борки, Юлдузнинг навбатдаги бевафолиги деган фикрга
келиши мумкин. Бу билан уни айбсиз айбдор қилиб қўйишимиз мумкин. Примадонна
садоқат бобида ҳеч кимга ишонмаслигини доим таъкидлаган. Хиёнат дашномларини
ҳам кам кўргани йўқ. Бировга чин дилдан ишониш борасида таъбир жоиз бўлса,
қатиқни ҳам пуфлаб эмас, умуман ичмайдиган бўлиб кетган! Яхшиликни бир-бир
унутиб турса-да, Юлдузнинг мардлиги бор. Буни уни яқиндан билганлар инкор
этмайди. Сайтимизда чоп этилган мақола эълонидан сўнг, биз билан аниқланмаган
рақам орқали Акмал Йўлчибоев боғланди. У шундай дейди: "Нега ҳайдалди деб
ёздингизлар? Ҳайдалмадим. Шунчаки, ишини ўзгартирди деб ёзинглар...”.
Усмонованинг расмий веб-саҳифасига ҳали кўз ташламаган кўринади, Йўлчибоев.
Майли, ҳозирча ким ҳақ, ким ноҳақлигини исботлайдиган вазият етилгани йўқ. Ҳаммасини
уларнинг ўз виждонига ва вақтга қўйиб берамиз!
Жасур ҲАМРОЕВ
|