Полшада 10 апрел куни Россиянинг Смоленск вилоятида рўй берган авиаҳалокатда нобуд бўлган мамлакат президенти Леҳ Качинский ва унинг турмуш ўртоғи Мария Качинскаяни дафн қилиш маросими бўлиб ўтаяпти. Леҳ Качинский ва Мария Качинская тобутлари бугун махсус ҳарбий самолёт билан Варшавадан Полшанинг қадимий Краков шаҳрига келтирилди.
Мамлакат президенти ва унинг турмуш ўртоғини сўнги манзилга кузатиш учун Краков кўчаларига минглаб поляклар тўпландилар.
Леҳ Качинский, унинг турмуш ўртоғи Мария Качинская ва яна 94 киши, жумладан, Полша ҳукуматининг юқори мартабали расмийлари 10 апрел куни Смоленск яқинида рўй берган авиаҳалокат қурбони бўлган эди.
Качинский етакчилигидаги Полша делегациясининг 10 апрел куни Катиндаги ҳарбий қабристонда собиқ совет махфий хизматлари - НКВД томонидан қатлиом қилинган полякларни хотирлаш маросимида иштирок этиши кутилаётган эди.
Мамлакат президентини сўнги манзилга кузатиш учун бошқа давлатларда истиқомат қилувчи оддий поляклар ҳам Краков шаҳрига келдилар.
- Краковга келганимдан сабаб мен бундай тадбирда иштирок этишим шарт. Катин воқеаларидан буён Полшада бундай фожеа бўлмаган. Бу ерда бўлишимни мен фуқаролик бурчим деб биламан, дейди Прагадан келган Анна.
Президент ва унинг турмуш ўртоғининг тобути шаҳар кўчаларидан олиб ўтилди ва Авлиё Мария черковига олиб келинди. Бу ерда хориж давлат етакчилари, Полша ҳукумати вакиллари ва оддий поляклар иштирокида диний маросим ўтказилмоқда.
Ушбу маросимда Полшага қўшни бўлган давлат етакчилари ҳамда Россия ва Украина президентлари Дмитрий Медведев ва Виктор Янукович иштирок этмоқдалар.
Черковдаги видолашув маросими ниҳоясига етгач, Леҳ ва Мария Качинскийлар тобути Вавел кетдрал соборга олиб борилади ва улар шу ерда дафн қилинадилар.
Европа ҳаво ҳудуди ёпилгани боис бир нечта давлат етакчилари эса Краковга кела олмадилар.
АҚШ президенти Барак Обама, Франция президенти Николя Саркози, Буюк Британия шаҳзодаси Чарлз ҳамда Туркия президенти Абдуллоҳ Гул дафн маросимида иштирок эта олмасликларини маълум қилганлар.
10 апрел кунги фожиа муносабати билан Полшада бир ҳафта мотам тутилди. Душанбадан бошлаб Полшада авиаҳалокатнинг қолган қурбонларини ҳам дафн қилиш маросимлари бўлиб ўтади.
|