«Похан» ва «Бунёдкор» аъзоларининг ўйинолди фикрлари
Машғулотлардан сўнг иккала жамоа аълорининг ўйинолди фикрлари билан қизиқдик.
Сержио ФАРИАС (“Похан Стилерз” бош мураббийи): - “Бунёдкор” билан ўйинга жиддий тайёргарлик олиб боряпмиз. Миллий чемпионат ва К-лига кубоги доирасида олиб борган сўнгги учта ўйинимиз айнан “Бунёдкор” билан баҳсга тайёргарлик вазифасини бажариб берди. Биз Жанубий Кореядаги муваффақиятли иштирок этаётган бўлсак-да, асосий эътиборимизни клублар ўртасидаги қитъанинг бош мусобақасига қаратганмиз.
- “Бунёдкор” ҳақида қандай фикрдасиз? - Рақибимиз кучли жамоа эканлиги шубҳасиз. Менимча, “Бунёдкор”нинг асосий кучи - бош мураббий Сколари ҳамда жамоа сардори Ривалдо. Бошқа футболчилардан ҳам жиддий хавф кутиш мумкин. Айниқса, “Бунёдкор”нинг қанот ярим ҳимоячилари жуда тезкор ва ақлли ўйнашади.
- Тошкентда қандай натижа Сизларни қониқтиради? - Ҳар қандай ҳолатда ҳам биз ғалаба учун майдонга тушамиз. Дуранг ўйнасак ҳам биз учун яхши. Энг асосий мақсадимиз, Тошкентдаги баҳсда рақиб дарвозасига гол уриш.
Стевица РИСТИЧ (“Поохан Стилерз” ҳужумчиси): - Рақибимиз ҳақида жуда илқ фикрдаман. Бу жамоани икки йилдан бери кузатиб келаман. “Бунёдкор”нинг ўтган йили “Аделаида Юнайтед” билан ўтказган иккала учрашувни ҳам томоша қилганман. Австралиядаги ўйинда Сизлардан омад очиқчасига юз ўгирганди, Тошкентда эса “Аделаида Юнайтед” аъзолари бутун жамоа бўлиб ҳимояга ётиб олишганди. Тўғрисини айтсам, ўшанда “Бунёдкор”га ишқибозлик қилгандим. Боиси, гуруҳ босқичида австралияликлар бизни доғда қолдиришганди. Сколари ва Ривалдо рақибимизнинг асосий қуроллари, деб ўйлайман. Жуда қийин ўйин бўлиши аниқ. Нима бўлганда ҳам биз гол уришимиз керак.
Хайрулла КАРИМОВ (“Бунёдкор” ҳимоячиси): - “Похан Стилерз”ни яхшилаб ўрганяпмиз. Мураббийларимиз яқинда Жанубий Кореяда бўлишди ва рақибимиз иштирокидаги учрашувни кузатиб қайтишди. Биз эса Интернет орқали улар ҳақидаги янгиликларни ўқиб турибмиз, қайд этаётган натижаларидан хабардормиз. Бизнинг асосий ютуғимиз – жамоавий ўйинимиздир.
Тимур КАПАДЗЕ (“Бунёдкор” ярим ҳимоячиси): - Йигитларнинг кайфияти жуда яхши. Барчамизнинг мақсадимиз бир – масалани Тошкентдаги учрашувда ҳал қилиш. Ўйлайманки, кореяликлар тўсиғидан бемалол ўтишга қодирмиз. Мураббийларимиз ўйин олдидан бизга керакли тактикани беришади. Биз ўша тактикани тўғри бажарсак бўлгани.
РИВАЛДО (“Бунёдкор” сардори, ярим ҳимоячи): - Жанубий Корея жамоаси ҳам яхши кучга ва яхши тайёргарликка эга. Улар ўз чемпионатларида яхши натижалар қайд этишаётганидан хабарим бор. Бизда жамоавий ўйин яхши ташкил қилинган. Айнан шу нарса бизнинг ютуғимиз, деб ўйлайман. Рақибимиз таркибида жаҳонга машҳур Денилсон бор. Бош мураббий Сержио Фариас ҳам таниқли мутахассис. “Похан”га оддий рақиб сифатида эмас, балки жиддий жамоа сифатида қарашимиз керак.
|