Ғалати бурчакда қийшайиб турган турган Пиза Минорасини танимайдиган
одам борми орамизда? Ушбу дунё ёдгорлиги ва Италиянинг (ва айниқса Пиза
шаҳрининг) ўзига хос рамзини билмайдиган одамлар ўзга сайёраларда яшаса
керак. Минора маълум вақтдан кейин қулаб тушади, деган гап юради. Ахир
бундай ғалати эгилган бино кўп туриши ақлга бовар қилмайди. Аммо бинони
фарқловчи ушбу ғайриоддий хусусияти бошқа архитекторларга тинчлик
бермаётган кўринади. Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти – Абу-Дабига
кираверишда қад кўтарган «Capital Gate» биноси дунёдаги энг эгилган
бино сифатида «Гиннеснинг рекордлар китобига» кирди.
«Capital
Gate» кўп қаватли биносининг эгаси ва қурувчиси «Abu Dhabi National
Exhibitions Company» компанияси ҳисобланади, бутун лойиҳа эса RMJM
фирмасига тегишли. «Capital Gate» инглиз тилидан пойтахт дарвозаси деб
таржима қилинади. Бино нима учун бундай номланишини тушунтириб ўтиришга
ҳожат бўлмаса керак. Италиядаги
«қулаётган» Пиза Минораси билан таққосланса, Абу-Дабидаги бино 4,5
баравар кўпроқ эгилган. 35 қаватли «дарвоза» тик ўқидан ғарб томонга 18
градусга эгилган бўлса, Пизадаги алоҳида минора кўрсаткичи 4 градусга
тенг. «Capital
Gate» биносининг дастлабки 12 қавати тик – қатъий устма-уст қурилган.
Кейинги қаватлари эса зинасимон бўлиб, «зиналар» 30-140 см оралиқда
бўртиб чиқади. Бу эса бинонинг ўша рекордсимон эгилишига сабаб бўлади. «Capital
Gate Abu Dhabi» лойиҳасига беш юлдузли меҳмонхона ҳамда қарийб 20 минг
квадрат метрни эгаллаган премиум-классдаги офис майдонлари киради. Абу-Дабидаги
ёрқин ва ўзига хос қурилишлар лойиҳалари шу билан чекланмайди. Бугунги
кунда Бирлашган Араб Амирликлари улкан ва антиқа қурилишлари сони
бўйича етакчи ўринни эгаллаган. Бу ерда кейинчалик архитектура
мўъжизалари деб муносиб равишда тан олинадиган кўплаб қурилишлар олиб
борилмоқда ва режалаштирилган. Мисол учун, нью-йорклик архитектор Эйтан
Кауфман (Eytan Kaufman) томонидан ишлаб чиқилган 264-хоналик «Sky
Bridge Hotel» лойиҳасининг қурилиши номаълум муддатга узилиб қолди.
Бунга, табиийки, молиявий инқироз ва у билан боғлиқ муаммолар сабаб
бўлмоқда. Абу-Дабидаги «Capital Gate» биноси
|