- Ёш, аммо озми-кўпми халққа танилган раққоссалардансиз. Рақс сиз учун нима? Унга бир жумла қандай таъриф берган бўлардингиз?..
-Оҳо, суҳбатни мураккаб саволдан бошладингиз-ку! (кулиб) Рақс санъатини битта жумла билан таърифлаш мушкул. Фақат бир нарсани айтишим мумкин, рақс - шундай оламки, унинг дунёсига кирганнинг (адашиб кириб қолганнинг эмас, алабатта) чиқиб кетиши осон бўлмайди. Бунга шахсан ўзим кўп марталаб (айниқса, оилали бўлгаимдан кейин) амин бўлдим.
- Бу касбнинг оғир жиҳатлари нимада?..
-Раққосалик кўп вақт, энергия, чидам ва мунтазам меҳнат талаб этадиган касб. Оддий мисол, хонандалик билан таққослайдиган бўлсак, қўшиқчиларга бугун раққосаларга қараганда осон бўлиб қолди. Битта қўшиқни апил-тапил ёзиб, кейин уни бир йил фонограммада "айлантириб” юришади. Јани эди, рақсда ҳам фоногрраммадан фойдаланилса (кулиб). Ўар гал саҳнага чиқиб, терлаб-пишиб ўйнамасдик. Яна бир оғир жиҳатларидан бири, битта рақсга ҳафталаб-ойлаб тайёрланамиз, аммо саҳнага чиққанимизда кутилмаган бир ҳолат бўлиб қолса, ноқулай аҳволга тушиб, шунча меҳнатиз бир пул бўлиши ҳеч гапмас.
- Сизнингча, проффессионал раққосаларни ҳаваскор(ўйинчи)лардан ажратиб турадиган хислатлари нимада?
-Профессионал раққоса даражасига етиш учун аввало шу соҳа бўйича ўқиб, етарли билим-кўникма эгаллаган ва энг муҳими, уни амалда қўллаб, тажриба орттирган бўлиш лозим. Ҳаваскор номи билан ҳаваскор, ҳаракатларида аниқлик, қўшиққа, куйга мутаносиблик йўқ, фарғона, хоразм, бухоро, ҳатто, арабча, ҳиндча рақс ҳаракатларини ҳам биттада аралаштириб ўйнайверади. Профессионал раққоса эса ундан фарқли равишда ҳар бир ҳаракатининг номи ва унинг қайси рақс мактабига тегишли эканини билади.
- Сизда "Раққоса бўламан” деган қатъий истак қачон пайдо бўлган?
-Тўққиз ёшимдан бери рақс билан шуҚулланиб келаман. Бу соҳага қизиқишимга бувимнинг таъсирлари катта. Улар менинг Мукаррама Турғунбоевадек машҳур раққоса бўлишимни хоҳлаганлар. Эсимни таниганимдан буни қулоҚимга қуйганларидан, ёш боламасманми, ким сўраса-сўрамаса, "Катта бўлсам, Мукаррама Турғунбоева бўламан” деб айтарканман. Фаришталар "Омин” деган эканми, мана, Мукаррама Турғунбоева бўлмасам ҳам, раққоса бўлдим (кулиб). Аслида дадам қўшиқчи бўлишим тарафдори бўлганлар. Ҳаттоки, вокалдан сабоқ берадиган тўгаракка олиб борганлар. Мен эса у ердан қочиб, дадамга билдирмай рақсга қатнашардим. Тўққиз ёшимда бувим мени "Муножот”га ўйнатганлар, съёмкаси ҳозир ҳам бор. Кўриб ҳайрон қоламан, ҳаракатларим худди профессионаллардек... бувим ўргатиб турганлар, мен қайтарганман. Раққоса бўлишимга энг кучли қаршилик онам томонидан бўлган. Улар раққосаларга нисбатан ижобий муносабат билдиришмайди, деб ўйлаганлари учун ҳам она сифатида келажагимдан қайғуриб қаршилик қилган бўлсалар керак. Аммо ҳозирда одамлар ялтироқ, ярим-ёрти либосларни эгнига илиб тўйларга чиқиб пул топадиган ўйинчи билан, санъатини фақат саҳнада намоён этадиган профессонал раққосаларни ажратадиган бўлишган. Шуларни кўргач, ойим ҳам ортиқ норози бўлмай, аксинча ютуқларимдан қувониб, "менинг қизим” деб фахрланиб гапирадиган бўлганлар. Шундай пайтларда бувим "Ҳо, бир пайтлар, ўламан - қизимни раққоса қилмайман” деб қаршилик қилганлар бугун мақтаниб қолибдими, меҳнатини қилган киму, роҳатини кўраётганлар ким” деб ойимга ҳазиллашиб турадилар.
- Қайси рақс турига туҚма мойиллигингиз бор, дейлик, ўша рақсни тез ўзлаштиргансиз?
-Буни билмадиму, аммо мен энг биринчи навбатда, рақс тушилаётган қўшиқнинг маъносига эътибор бераман. Ундаги маънони тушуниб, ҳис эта олсам рақс тушишим осон бўлади. Айримларнинг менга нисбатан "Паризоданинг рақс техникаси унчалик яхши эмас, асосан "мимика”га урғу беради” деган муносабатини ҳам эшитдим. Техника, яъни ҳаракатларни кучайтириш менинг ҳам қўлимдан келади, лекин хоҳламайман, нима кераги бор, у ёқдан бу ёққа маъносиз ликиллашнинг. Јўшиқда қалб бўлади, унинг ҳолати эса юзда янада аниқроқ ифодаланади деб ўйлайман.
- Сизни раққоса сифатида қачондан бошлаб таниша бошлашди деб ўйлайсиз?
- Шу саволингизга аниқ жавоб бера олмасам керак, негаки, қачон, қайси ижроимдан кейин танила бошлаганимни ўзим ҳам билмайман. Яқинда бирга ишлаган санъаткорлардан бири менга "бизнинг клипимиз сизни кўтариб берди, ТВда кўп айлангани сизга яхши "реклама” бўлди” дейди. Унинг бу гапи кўнглимга қаттиқ тегди. Мен қобилиятсиз, чиройли юзию, қоматидан бошқа ҳеч вақоси бўлмаган, қандай танилишни билмай юрган "клипчи” қизлардан бўлсам экан қувониб раҳмат айтсам. Худога шукр, ўзимга яраша санъатим бор. Саҳнада кўриб баҳо беришганларининг ўзи менга етади. Клипдан менга нима фойда? Тўйларга чиқмасам...Агар ниятим танилиш бўлганда, менда бошқа имкониятлар ҳам йўқ эмасди, кинога тушишим, айримлардан кўра яхшироқ куйлашим мумкин. Лекин менга бувим "битта соҳани ушладингми, ўша касбнинг устаси бўл”, деганлар. Юқоридаги капи гаплардан кейин санъаткорларнинг клипида суратга тушишдан бош тортадиган бўлдим. Энди, Худо хоҳласа, фақат ўзимнинг клипимда чиқаман. Рақс саҳналарим суратга туширилган клиплар жамланган дискимни чиқариш ниятим бор.
- Бошқа миллат рақсларидан сизни мафтун этгани қай бири?
- Дунё рақсларидан ҳинд, испан халқ ўйинларини ёқтираман. Айниқса, ҳиндларнинг рақс санъатига қизиқишим кучли. Шу йилги "Муқаддассан аёл” байрам концертида ўзимнинг ҳиндча рақсим билан чиқиш қилдим. Бу Болливуд киноижодкорларининг "Девдас” номли фильмидан олинган рақс саҳнаси эди (кўрган бўлсангиз, фильмнинг биринчи қисмида Айшвария Рай қўлида шамлар билан рақс тушади). Назаримда, ёмон чиқмади. Рақс устида анча ишладим, ўзимизнинг миллий рақсларни-ку кўзимни юмиб ҳам ўйнашим мумкин, аммо бошқа миллат рақсини ўзлаштиришнинг ўзи бўлмас экан, ҳар ҳолда мунтазам шуғулланиб юрмагандан кейин...
- Айшвария Райга тақлид қилишингизни кўп гапиришади, бу фикрларни тасдиқлайсизми?
- Айшвария Райни аёл сифатида гўзаллигига, санъаткор сифатида ижодига ҳавас қиламан. Лекин ҳеч қачон бошқа бир инсонга тақлид қилмаганман. Чунки тақлид билан бирор нарсага эришиб бўлмаслигини биламан. Инсоннинг фақат ўзига хос "мени”, ўзлиги бўлади, ана шуни юксалтириш керак. Тўғри, ҳинд сарисида фотосессия қилдим, бироқ бу тақлид эмас, атрофимдагилар мени Айшвария образида кўришни хоҳлашларини ҳадеб таъкидлайвергани таъсири (кулиб).Уларнинг ана шу қизиқишини рўёбга чиқариш учун ҳам унинг образига мурожаат этганман. Тўғрисини айтсам, мени унга ўхшатишса, уялиб кетаман. Ўзингиз ўйлаб кўринг, Айшвария қаердаю, мен қаерда?! У "Дунё гўзали”, жаҳоннинг машҳур актрисаларидан бўлса... лекин бир томондан хурсанд ҳам бўламан.
- Ўзингиз ҳақингиздаги турли миш-миш, узунқулоқ галарга "реакциянгиз” қандай?
-Олдинлари одамлар ким ҳақида нима деяпти, қайси санъаткор тўғрисида қанақа гап юрибди умуман билмасдим. Ўқиш, иш, машғулотлар... хуллас, ўзимнинг оламимда яшаганман. Бошқа қизларга ўхшаб дугоналарим билан ўтириб гап сотиш, "дунё янгиликлари”ни муҳокама қилиш деган нарсалар менда бўлмаган. Оила қурганимдан кейин, истайманми-йўқми ҳаётим ўзгарди. Одамларга аралашиб, энг биринчи тушунган нарсам шу бўлдики, ҳамма ҳам эмас, асосан бошқаларни доғда қолдириб олға кетаётганлар ҳар хил гап-сўз, миш-мишларга нишон бўлишаркан. Олдинлари "шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди” деб ўйлардим. Энди эса, фақат мевали дарахтгагина тош отилишини тушуниб етдим.
- Турмуш ўртоғингиз касбингизга муносабати қандай, тўйдан олдин берилган ваъдалар бузилмадими?
- Йўқ (кулиб), гувоҳ бўлишаётганидек ҳозирча бузилгани йўқ. Шукрки, Худойим бахтимга дунёқараши кенг, зиёли инсонни учради. Хўжайиним ҳам, уларнинг оиласи ҳам санъатимни тушуниб, яхши қабул қилишаяпти. Муҳими, улар менинг қандайлигимни яхши билишади. Биласизми, турмуш ўртоғим мени Озодбек Назарбековнинг ўтган йилги концертида кўрмагунча Паризода исмли раққоса борлигини билмаган. Мени саҳнада кўриб бир қарашда ёқтириб қолган ва шу заҳоти қайнонамга (улар ҳам ўша ерда бўлганлар) ниятини билдирган. Шундан кейин бир ойнинг ичида кетма кет олти марта совчи жўнатиб рози қилмагунча қўйишмади. Аслида турмушга чиқиш режамдаям йўқ эди. Ростина айтсам турмуш ўртоғим тўйгача умуман эътиборимни торта олмаган. Шундай бўлса-да, яхши оиланинг фарзанди, тарбияли йигит экан деб, санъатимни тушуниб, қаршилик қилмасликларини билгач рози бўлгандим. Бироқ тўйдан сўнг уларнинг самимий, тоза қалбли инсон эканликларини кўрганимдан кейин тақдир айнан ўзим истаган инсонни учратганига ишониб, уларга нисбатан меҳр-муҳаббатим уйғонган (кулади).
- Гардеробингиздаги севимли рақс либосингиз?
- Гардеробимда 40 дан ошиқ рақс костюмларим бор, аммо уларнинг орасида энг севимли, қадрлиси бу ҳозир Озодбек Назарбековнинг концертида кийиб чиқаётган костюмимдир. Бу халат менга устозимдан эсдалик. Дидимга тўғри келганиданми, қадрлилигиданми билмадим, шу либосимни яхши кўриб кияман.
- Паризода ошхонада ҳам рақсдаги каби маҳоратлими?
(уялиб) йўқ, ҳозирча ошхонадаги маҳоратим ҳавас қиладиган даражада эмас. Аммо етти ой ичида қозон товоққа анчагина қўлим келишиб қолди. Бир икки ой қулоғимдан телефон тушмаган, ойимга қўнғироқ қилиб салом аликни ҳам насия қилиб, фақат рецепт, йўл йўриқ сўрардим. "Бунча қийин бўлмаса” деб сил бўлардим. Хайрият, бу кунлар ортда қолди. Келинлик ҳам худди "армия”га ўхшаб ўзига яраша маъсулияти бор экан. Бошида қийналаркансану вақт ўтиб ҳаммаси оддий ҳолатга айланаркан.
- Раққосалик умри қисқа соҳалардан, йигирма йилдан кейин ўзингизни қайси касбда тасаввур этасиз?
- Худди шу томонларни ўйлаб яқиндан бошлаб тадбиркорлик йўналишида янги иш бошладим, янаям аниқроғи, келинлар салони очиб, уни йўлга қўйдим. Бу шундай салонки, унда бўлажак келинлар нафақат ўзларига келин кўйлак танлашади, балки ўзлари истаган бичимда кўйлак, оёқ кийими, фата ва бошқа майда деталларгача буюртма бериш имконига эга. Лекин биласизми, ишни бошлашга бошладиму бир оз вақт ўтиб астойидил киришиб кета олмаётганимни сездим. Санъатдан бошқа йўл мен учун эмас экан. Шуни сезганимдан кейин ўз касбимга яқинроқ ғоя фикримга келди ва ҳозирда ана шу лойиҳа устида жиддий ишлаяпман. Кастинг асосида Хореография билим юртида ўқийдиган бўйи 170 дан паст бўламган, ўн олтита қизни танлаб олдик. Ҳозир олдиндан бу мавзуда батафсил гапиролмайман. Ҳаммаси ўзим ўйлагимдай амалга ошса, кейин ошкор қиламиз.
Блиц факт:
Туғилган: 1987 йил 19 сентябр Тошкент шаҳрида
Таҳсил олган: Хореография билим юртида
Устози: Ўзбекистонда хизмат кўрсатгадан маданият ходими Карима Узокова
Оилада: катта фарзанд, битта синглиси, битта укаси бор
Табиати: Хушчақчак, ғамни ҳам қувонч, кулги билан енгадиган инсонлар тоифасидан..
Хоббиси: Либослар дизайнига жуда қизиқади
Танқидчиси: дадаси
Илк бор...
..катта саҳнага: Наврўз байрами тадбирида (2001 йил)
..клипда: Анвар Собировнинг "Сени севдим” клипида
..мукофоти: "Ниҳол” мукофоти совриндори (2009)
Ситора Алихонзода.