Шу пайтгача, Озодбек Назарбековнинг ижодига бефарқ эдим. Бир- иккита қўшиғи демаганда, ижодини деярли тингламасдим. Бироқ, яқин кунларда унинг янги тароналарини тингладим-у, ўзим учун уни қайтадан кашф этдим. Қўшиқлари қалбимга йўл топа олди. Назаримда, хонанданинг шунча йиллик ижоди бир томон-у, бу йилги ижоди бир томон! Ҳаётий оғриқлар, одамлардаги ясама хислатлар, сунъий туйғуларни бир қўшиғига жамлаган бўлса, ота-она ҳақидаги айро қўшиқлар кўзингизга ёш қалқитади. Муҳими, барча тароналар мусиқасида миллийлик ифор сочади. 22 кун концерт беришини Озодбек тушида ҳам кўрмаган бўлса керак. Бир банданинг кичик истеъдоди билан катта саҳналарни, элнинг катта муҳаббатини қозониб, таъбир жоиз бўлса, халқ дардини елкасига ортгани албатта, Ўзининг иродаси билан! Инсон ўзига баҳо бергани билан Тангри истамаса ҳаммаси бекор. Бугун машҳурликдан кўзи ёғ босиб, сохта обрў билан семираётган, сўзлари кибру ҳаводан бошқасига ўтмаётган айрим қўшиқчиларимиз ундан ўрнак олса қанийди? Ўйламанг, бу "пахта” эмас. Кўзимиз олдида шундоқ исботини топаётган ҳақиқатлар. Фақат англаш керак, холос. Назарбеков куйлагани каби, "Ҳаққа тақво қилар сохта илонлардан қўрқаман”, мен ҳам. Уларнинг ўзидан эмас, сохталикларига аслият фикрлари билан жавоб беришдан. Озодбекка айтар сўзим эса, инсон ўзини ҳаётда топиши учун маълум вақт керак бўлади. Мана, шу илҳақ дамлар келгандай. Озод куйлаш онлари етди. Олдинда эса бардавомлик. Илдамчи бўлинг, Назарбеков! Зора, айримларнинг кибрлари ҳавога учиб кетса. Ҳа, шундай.
Jasur HAMROYEV
|