Рейтинг ўйнашни яхши кўради. Гоҳ пастга тушса, гоҳ юқорига кўтарилади. Бироқ, унинг мана шу ўйинқароқлиги сабаб юлдузларнинг гонорар ҳақи ё ошади, ё тушади. Халқимиз санъатшинаванда, бағрикенг. Гонорар ҳақи кўтарилса ҳам, тушса ҳам жилмайиб тўлайверади. Пулининг тангасигача ҳисоблашадиган юлдузлар борки, наҳот шу қадар пастназар бўлади бу отарчилар деган хулоса ҳам пайдо бўлади, гоҳида. Бугун сизларнинг эътиборингизга бир неча ойлик тадқиқотларимиз натижасини ҳукмингизга ҳавола этмоқчимиз. Бу рейтинг юлдузларимизнинг молиявий аҳволидан келиб чиқиб эмас, балки уларга нисбатан бугунги кундаги талабнинг ошиши ҳамда гонорар ҳақи ҳисоби билан тузилган!
Айни кунда рейтингнинг энг юқори ўрнини Озодбек Назарбеков эгаллайди. Жуда омади кулди-да! Тўғри, унинг ҳар бир қўшиғи юракка тегувчи бўлмаса-да, айрим қўшиқларида мазмундорлик бор. Озодбекни кўпроқ шахс сифатида қадрлашади. Унинг ташқи кўриниши ҳам мухлисларида ҳурмат белгисини ифода этяпти. Озодбек Назарбеков рейтингининг кўтарилишига асосий сабаб, ўзбек санъати майдонидан унга рақобатчи бўла оладиган машҳурларнинг йўқолишидир. Айни пайтда Озодбек Назарбековнинг мусиқий чиқишлари учун тўланадиган ҳақ юртимиз миқёсида энг қиммати ҳисобланади. Бу хонанда жуда кўп ҳолларда тўйнинг бошидан охиригача хизматда бўлиши учун таклиф этилади.
Рейтингнинг иккинчи ўрнида Сардор Раҳимхон. У ҳам омадли санъаткор. Ҳамма нуфузли мукофотларга бирма-бир эришиб келяпти. Бу хонанда айни пайтда тўй ва концертлар учун “ҳаммабоп” гонорар эгаси. “Бирров” хизматлар, илтимослар ҳаддан зиёд кўп! Шу боисдан хонанда ўзи юрадиган автомашинасидан тортиб кийинишигача қимматбаҳолик сари алмаштиряпти.
Манзура ва Зиёда рейтингнинг учинчи ўрнида. Бу иккала санъаткорнинг гонорар ҳақи ҳаммабоп. Ундан ташқари, қўшиқлари оммабоплашиб боряпти. Манзурани ўта замонавийлиги учун, Зиёдани маромига етказиб куйлаган миллий қўшиқлари учун таклиф этишади.
Мавлуда Асалхўжаевани деярли пойтахтнинг деярли ҳар бир тўйида “бирров”да учратасиз! Айтишларича, у тўйларда барча аёлларни рақсга чорлаб, даврани тўлдиради. Нархи ҳаммабоп хам, оммабоп ҳам эмас-у, бироқ, талаб катта. У рейтингнинг тўртинчи ўрнида.
Зулайҳо Бойхонова, Гулсанам Мамазоитовага вилоятларда талаб катта. Бунга сабаб, икки хонанданинг қўшиқлари миллий бўлгани ҳамда кийиниши ва ўзини тутиши ҳам европалашиб кетмагани боисдир. Улар рейтингнинг бешинчи ўрнида.
Райҳон, Тоҳир Содиқов, Шаҳзода ҳам “бирров”ларга тез-тез таклиф этиб турилади. Уларнинг “бирров” гонорар ҳақи бир хил! Бу хонандалар деярли бирон маротаба тадбирнинг бошидан охиригача хизматда бўлиши учун таклиф этилмаган. Бу хонандаларнинг бош характер хусусиятларидан Райҳон романтикага ўч, Тоҳир саёҳатни яхши кўради (Туркиядан қайтган хонанда яна яқинда Ялтада бўлди.), Шаҳзода турмуш ўртоғи ва ўғлига муҳаббат бериш билан овора. Улар рейтингнинг олтинчи ўрнида.
Юлдуз Усмонованинг гонорар ҳақи ошгани боис ҳам унга талаб камайиб кетди. Айни пайтда “бирров”учун примадонна пойтахтга келмайди ҳам. Гонорар ҳақи деярли йўлкира билан йўқолиб кетади! Юлдузхон рейтингнинг еттинчи ўрнида.
Алишер Файз, Асилбекка ҳам вилоятларда талаб катта. Асилбек ҳатто Навоий вилоятига тўйга Озодбекнинг гонорар ҳақига тенг нархда борган. Тўғри бу ҳол ҳар доим такрорланавермайди. Алишер Файзга О.Назарбековнинг устоз бўлгани жуда қўл келяпти. Унинг биронта қўшиғи пойтахт миқёсида оммалашмаган-у, бироқ, “Ясовулинг бўлойин” кафеларда янграб туради. Бу икки хонанда рейтингнинг саккизинчи ўрнида!
Улуғбек Раҳматуллаевнинг “Капалак”и, Шоҳ Жаҳон Жўраевнинг “Зебо”си ёшлар орасида мегахитга айланишга улгурди. Сўнгги пайтда айнан шу тароналарни ижро этишлари учун уларни тез-тез тўйларга таклиф этишяпти. Рейтингнинг тўққизинчи ўрнини шу хонандалар забт этишди.
Феруза Жуманиёзова айни пайтда “бирров”ларда деярли кўринмайди. Хонанда онасининг продюсер сифатида чизиб берган чизиғидан чиқмайди. Талаб шу боисдан жуда камайиб боряпти. Рейтингнинг ўнинчи ўрнида, хоразмлик шу санъаткор.
ЯНА АЛОҲИДА ТАЪКИД:
Ғуломжон Ёқубовни “ҳеч қачон урфдан қолмайдиган санъаткор” дея таърифласак, муболаға бўлмас. Ҳамиша халқни ўйлайдиган санъаткор ёлғиз унинг ўзи бўлса керак. Гонорар ҳақини ҳеч қачон ўзи айтмайди. “Санъатимга эл баҳо берсин” дейди, у. Демак, рейтингнинг бирон ўрнида эмас, балки бундай рейтинглардан устун туради, Ғуломжон Ёқубов.
Кейинги сонларимизда ҳали бошқа жиҳатлар бўйича рейтинг натижаларини ҳукмингизга ҳавола этамиз. Кузатиб боринг.
Жасур ҲАМРОЕВ
|