Тошкентда иккита катта клуб бор – “Пахтакор” & “Бунёдкор”. Ҳар иккиси ПФЛнинг бошқа барча клубларига исталган жабҳада ўрнак бўла олишади. Жамоаларнинг спорт натижаларидан ташқари, жамоатчилик билан ишлаш, соҳага янгиликлар киритиш, жаҳон андозалари асосида ишлаш, PR (Public Relations), супермегатрансфер ва шоулар, хуллас, шу даврга қадар кўзимиз кўрмаган, фақат қулоғимиз билан эшитиб юрган нарсаларни амалга оширишди. Бу борада “Бунёдкор” олдинда, “Пахтакор” эргашяпти, етишиб олишга ҳаракат қиляпти. Яна бир нечта клублар бор ортда қолишмасликка ҳаракат қилаётган – “Локомотив”, “Насаф”, “Машъал”... Қайсидир жиҳатлар бўйича. Шу. Пойтахтдан бошқа ерда футбол ...
ЎЗБЕКИСТОНДА ФУТБОЛ РИВОЖЛАНМОҚДА. ШИДДАТ БИЛАН! ПФЛ доирасидаги бошқа клубларнинг аҳволи ҳақида гапириш ноқулай. Бу ҳақда наманганлик жонкуяр гапирсин, жиззахлик мухлис гапирсин. “Навбаҳор”даги ҳақиқий аҳвол билан қисман танишмиз. Жиззахда молиявий инқироз эканлигини эшитганимиз бор. Яна қандай клубларда аҳвол чатоқ? Билмадик. Гапирган билан фойда бўлармиди...
ЎЗБЕКИСТОНДА ФУТБОЛ РИВОЖЛАНМОҚДА. ШИДДАТ БИЛАН! Эътибор беринг, фақатгина бой ҳомийлари бўлган клубларгина “араваларини тортишяпти”. “Андижон” – “Дженерал Моторс” автоконцерни, “Олмалиқ” – Олмалиқ тоғ-кон металлургия заводи, “Пахтакор” – КапиталБанк ва яна бир қанча ҳомийлар, “Локомотив” – “Ўзбекистон Темир йўллари” акционерлик жамияти, “Нефтчи”, “Шўртан”, “Насаф” ва яна қайсидир клублар “Ўзбекнефтгаз” қарамоғи остида бирлашган. Юқорида муаммолари келтирилган “Навбаҳор” ёки “Сўғдиёна”нинг ҳомийлари кимлар? Билмайсизми?
ЎЗБЕКИСТОНДА ФУТБОЛ РИВОЖЛАНМОҚДА. ШИДДАТ БИЛАН! Чемпионат бошланмасидан олдин қайси жамоа чемпион бўлишини тахминлаш мушкул эмасди. Иккинчи ўрин эгасини ҳам. Фақат учинчи ўрин ва лигадан бадарға бўлгувчиларнинг номларини олдиндан айтиш қийин. Лекин парадокс шундаки, ОФК расмий сайти бўлмиш www.the-afc.com да ўтказилган сўровномада Ўзбекистон ПФЛ биринчи ўринда кетаяпти. IIFHS аталмиш футболга оид ғалати қайдлар ва алламбало стаститикалар билан шуғулланадиган сирли ташкилот эса чемпионатимизни жаҳонда 22-ўринга лойиқ кўрибди.
ЎЗБЕКИСТОНДА ФУТБОЛ РИВОЖЛАНМОҚДА. ШИДДАТ БИЛАН! Футболимиз ривожланмоқда, деб оғиз кўпиртираётган мутахассисларни тушуниш қийин эмас. Уларга шунақа буйруқ берилгандир-да “шундай гапирасан”, деб. Акс ҳолда марказий каналларда чиқволиб халқнинг кўзини бўяшармиди? Муаммоларни гапира туриб, сўзи якунини барибир ишлар зўр эканлиги, порлоқ келажак ваъдаси билан якунлайди. Тушунамиз, яхши келажакдан умид қилиш инсонга хос. Аммо буёқда ишлар ... бўлиб тургач...
ЎЗБЕКИСТОНДА ФУТБОЛ РИВОЖЛАНМОҚДА. ШИДДАТ БИЛАН! Нимага дейсизми? Миллий терма жамоамиз шу пайтга қадар мундиал саралаши баҳсларида энг хунук натижани қайд этди. Биргина ғалаба ва биттагина тасодифий дуранг. Очиғини айтсам, аҳмоқона дуранг ва аҳмоқона ғалаба эди ўшалар. Аҳмоқоналиги шундаки, бизнинг олти (!!!) мағлубиятдан қутқара олмаган.
ЎЗБЕКИСТОНДА ФУТБОЛ РИВОЖЛАНМОҚДА. ШИДДАТ БИЛАН! Ўзбекистон кубоги, деган турнирни биласизми? Ишончим комилки, финалга қадар унга кўпчилик эътибор бермайди. Агар финалда “Пахтакор” – “Бунёдкор” эмас, бошқача афиша бўлганида ҳам у қадар оламшумул ўтмасди бу баҳс. Нари борса финалга чиққан клублар учун қизиқ. Аммо уч йилдирки шу икки клуб орани очиқ қилишяпти. Гап йўқ, қандини урсин. Аммо бу йилгиси...
ЎЗБЕКИСТОНДА ФУТБОЛ РИВОЖЛАНМОҚДА. ШИДДАТ БИЛАН! Мундиал армон шекилли бизга. Мундиал қувончи бир мамлакат кубоги финаличалик бўлмадими? Ўзи кубок мусобақаларини финалидан бошқа баҳси қизиқмас, ҳисоби маълум. Агар финалга икки Тошкент командаси чиқмаганда бу ҳам қизиқ бўлмаган бўларди эҳтимол. Шугина баҳс миллий терма жамоамизнинг аламли мағлубиятлари олдида аҳамиятлироқ бўлиб қолдими? Шунақа экан. Терма жамоамизнинг қандайдир араб жамоаларига шармандали ютқазишларини ҳазм қилиб юбора олган баъзи ишқибозлар, журналистлар бир клубнинг финалда мағлуб бўлганини ҳанузгача “ҳазми мағлубият” қила олмаяптилар. Шунақалар аҳён-аҳёнда “Ватаним учун...” деб оғиз кўпиртиргани ёки миллий терма жамоамиз мадҳияни тинглаш учун сафланганда футболчиларнинг оғизлари ёпиқлигини кўриб “Улар ватанпарвар эмас...”, деб матбуотда чиқишлар қилишса энсам қотади. Қаранг, клуб футболи миллий терма жамоадан устун. Демак,
ЎЗБЕКИСТОНДА ФУТБОЛ РИВОЖЛАНМОҚДА. ШИДДАТ БИЛАН! Шотландия чемпионатини биласиз, а? “Селтик” ва “Глазго Рейнжерс”. Иккаласи ҳам Глазго шаҳри клублари. Қолган жамоалар хўжакўрсинга. Уларнинг миллий терма жамоаси бирор каромат кўрсатганми жаҳон ареналарида? Йўқ! Бизда ҳам айни ҳолат – Тошкент, “Пахтакор” ва “Бунёдкор”, терма жамоамизнинг... Э, қисқаси ...
ЎЗБЕКИСТОНДА ФУТБОЛ РИВОЖЛАНМОҚДА. ШИДДАТ БИЛАН!
Ўзбекистон футболи роса ривожланмоқда. Жудаям шиддат билан. Ишқибозлар анчайин савияли бўлиб қолишди. Ўз жамоаларига-да таъсир ўтказа оладиган, ҳатто миллий терма жамоага ҳам қай жиҳатдан босим ўтказа оладиган даражада. Турфа интернет сайтлари ва форумларида шунақанги фикрлар билдиришадики, футбол соҳасида диссертация ёқламоқчи бўлсангиз, бемалол ана шу форумларга мурожаат қилаверсангиз бўлади.
ЎЗБЕКИСТОНДА ФУТБОЛ РИВОЖЛАНМОҚДА. ШИДДАТ БИЛАН! Узр, мақолам фақат танқидий руҳда. Бошқачасини иложи йўқ экан. Футбол борасида фақат Аҳмад аканинг болалари кишини хурсанд қилишаётган бир пайтда мақтовдан кўра танқид кўп бўлиши табиий. Ишқилиб бу қувончга ҳам кўз тегмасин. Хуллас, мақоламда ечим ёки маслаҳат йўқлиги билан танқид қилишингиз мумкин. Аммо қачонлардан бери балиқмисол соқов мутахассисларимизга ечиму маслаҳатлар билан бақириб ётган журналистларнинг ақалли битта гапини биров эшитдими? Эшитиб, амал қилдими? Қани, ким, кўрсатинг бизга уни. Шунинг учун маъзур тутасиз, биз балиқларга бақириб чарчадик. Лекин шунда ҳам
ЎЗБЕКИСТОНДА ФУТБОЛ РИВОЖЛАНМОҚДА. ШИДДАТ БИЛАН!
|