Одамлар орасида машҳур бир ривоят бор. «Кунларнинг бирида одам боласи шундай бир гуноҳ иш қилибди-ки, буни кўрган шайтон ҳатто уялиб қочиб кетибди. Шунда шайтон: «бу одам боласи гуноҳни ўзи қилади-да, кейин мени шайтон йўлдан урди деб айбни менга тўнкайди»-дея нолиган экан.»
Бу мисолни ўқиб куляпсизми? Йўқ, кулиш эмас, йиғлаш керак. Чунки, ҳар куни орамизда юрадиган, биз билан салом-алик қиладиган, бир ҳаводан нафас оладиган бундай одамларнинг борлиги фожеа. Сизга зарари тегаётганини ҳис қилмаяпсиз, шунинг учун кулимсираётгандирсиз. Агар эртага сизни чув туширса ёки зор қақшатса додингизни кимга айтасиз?! У эса бемалол «ака, узр, ўзбекчилик»,-дея сувдан қуруқ чиқмоқчи бўлади. Бир ишни пачавасини чиқариб, сўнгра ўзини оқлаш учун «ўзбекчилик, ака, узр!»дейдиганларни, гуноҳни қилиб, айбни шайтонга тўнкайдиган кимсаларга ўхшатаман. Фақат улар ўз қилмишларини шайтонга эмас, ўзбекчиликка ағдаришмоқда. Бир куни дўкондан нарса ҳарид қилиб сотувчидан уни каттароқ пакетга солиб беришини сўрадим. Шунда сотувчи «ака, мана шу пакетнинг катталиги 80 см деб кўрсатилган, аслида эса 75 см чиқади. Бу ёғи энди ўзбекчилик»-деди.
Энди бир ўтмишга назар солайлик. Ота-боболаримиз нима қалбаки маҳсулотлар ишлаб чиқариб, харидорлар ҳақига хиёнат қилармиди? Жавоб аниқ. Улар ўзганинг ҳақидан қўрқишарди, ҳазар қилишар эди, хиёнатдан, ёлғондан узоқ бўлишган, диёнатлари кучли эди. Масалани ойдинлаштириш учун яна бир мисолни айтиб ўтмоқчиман. Тўй қилайтган бир танишим «столга ароқ қўйиш керак, аммо бироз пул етмай турибди»-деб қолди. Шунда мен «нима, ароқ қўймасангиз бўлмайдими»-деб сўрасам, қизиқ бир жавобни берди: «энди ўзбекчилик, одамлар гапиради». Хўш бу жавобга нима дейсиз?! Нима, ўзбеклар удумига кўра қадимдан тўйларда ароқ қўйилганми, одамлар ичиб олиб маст ҳолда бир-бирлари билан муштлашишганми? Бир тасаввур қилиб кўринг, диёнатли, ҳар бир луқмасини ҳалоллаб еган аждодларимиз тўйда ароқ ичиб олиб, бақир-чақир қилишганини ёки эрининг чизган чизиғидан чиқмаган мунис оналаримизни тўйда бегона эркаклар билан шаталоқ отиб рақсга тушишларини, қанчалик ҳунук манзара. Ақлингизга сиғдира олаяпсизми, бу ғирт туҳмат эмас-ми?! Аждодларимизнинг бундай иллатлардан пок бўлганликларини тан олмайдиган киши бўлмаса керак. (Аждодларимизнинг бундай иллатлардан пок бўлганликлари инкор этиб бўлмас ҳақиқат-ку.) Нега унда ароқни, кўзбўямачилик каби ёмон ишларни ўзбекчиликка ағдаряпмиз. Энди замон бошқа-да ҳозир, укам дерсиз. Айбни замонга ҳам тўнкаманг, ўзбекчиликка ҳам тил теккизманг, акахон. Замон ўша-ўша. Эрталаб қуёш чиқади, кечқурун ботади. Фақат биз, одамлар бошқамиз, биз ўзгардик замон эмас. Дунёнинг ўткинчи бойлигидан бошқа нарсани ўйламай қўйдик.
Агар ўша кишиларнинг инсофи бўлганида ароқнинг ҳаромлигини билиб туриб, тўйда одамларга ичириб жанжал чиқишига сабабчи бўлмасди. Ишбилармонлар ўзгалар ҳақидан қўрққанида 80 см.лик пакетни 75 см. қилиб халқни алдамасди. Ёки бошқа дўстларимиз (шояд, яхши тарафга ўзгариб дўст бўлиб қолишар) билиб туриб айб иш қилгач, уни ўзбекчиликка ағдаришмасди. Шу ерда савол туғилади. Бундай камчиликлардан қандай халос бўлишимиз мумкин? Бунинг оқилона йўли маънавий тарбияни кучайтиришдир. Хар қандай вазиятда ҳам Ватанни мардларча ҳимоя қилган, жасур ва адолатли бўлган Амир Темур, Жалолиддин Мангубердини, илм-маърифатни бойликдан устун билган имом Бухорий, Мирзо Улуғбек, Беруний, Навоийларнинг ҳаёт йўлини фарзандларимиз онгига қуйиб боришимиз керак. Уларнинг тарихини шунчаки юзаки эмас, балки чуқурроқ ва қизиқарли қилиб сўзлаб берайлик, токи уларнинг буюк сиймолари фарзандларимиз онгига муҳрланиб, улардек бўлишга интилишсин. Чунки ёш бола кимни яхши кўрса ўша одамга тақлид қилишни, ўхшашни ёқтиради. Бизнинг аждодларимиз имонли, ҳалол-пок, ваъдасида турувчи, мард ва саҳий бўлганлигини ҳеч қачон ёддан чиқармайлик. Хуллас, ишни «қовун туширадиган», қалбаки, фирибгар, ёлғончи, хиёнаткор кимсалар айбларини ўзбекчиликка ағдармай, маънавий касаллигингиздан фориғ бўлишга шошилинг, акс ҳолда ўзбек миллатига мансуб бўлмай қоласиз!
Икром Улуғбоев
(Хуллас, ишни «қовун туширадиган», қаллоб, фирибгар, ёлғончи, хиёнаткор кимсалар бу «касаллик»ларидан фориғ бўлишга шошилишсин, ана шунда ўзбек миллатига муносиб ўғлон бўлишади.)
|