Ўзбек киносида жараён узлуксиз давом этяпти. Турли туман фильмлар яратиляпти. Қай бири халқ меҳрини қозоняпти, қай бири йўқ! Қай бирини томошабин умуман томоша қилмаяпти... Бугунги суҳбатда ўзбек киносининг айни пайтдаги ҳолати борасида таҳлил қилдик. Суҳбатдошимиз киножурналист, “Кинотеатр” кўрсатуви муаллифи Шоира Рауфбоева.
Ш.Рауфбоева: Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ. Бугун фильмларнинг муваффақиятга эришишида рекламанинг ўрни катта. Янгича ишлаш керак! Фильмни яратиш билан бирга параллел равишда унинг рекламасини ҳам олиб бориш керак. Фильм бюджетига нисбатан рекламасига икки баравар пул сафрланган фильмлар жаҳон стандартларида кузатсак, ўн баравар кўп маблағ йиғади. “Прома”сиз фильмлардан омад юз ўгириши табиий. Яна шундай жиҳатлар борки, рекламага урғу бермасангиз ҳам, режиссёрнинг номи билан катта қизиқиш қозонилиши мумкин. Масалан, “Йиғламагин” фильми у қадар реклама қилинмади. Бироқ, режиссёрнинг номи томошабин чақирди. Фильмда ҳаммаси бир-бирига узвий боғлиқ бўлиши керак. Замонавий кинонинг талаби - реклама. Фильмдан кўра рекламаси машҳур бўлган фильмлар ҳам бор. “Шабнам” ёдингиздами? Дўппи кийиб юрган қизларни кўрсам, “Шабнам” фильми рекламасининг таъсири деб ўйлайман.
Ж.Ҳамроев: Адиз Ражабов фаоллашиб қолди. Айни пайтда унинг иштирокидаги иккита фильм ҳам бир пайтнинг ўзида катта экранларда намойиш қилиняпти. Бироқ, томошабин оқиб келаётгани билан, икки фильм ҳам шахсан менга ёқмади (Бири номининг ўзиданоқ қизиқтира олмади, иккинчисида ҳинд фильмларига тақлид бор. ). Сизнинг таҳлилингиз?
Ш.Рауфбоева: Адиз Ражабов иштирокидаги «Пойма-пой» «Ўзимдан ўзимгача» барибир ета олмайди! Фильм номини сал ўйлаб қўйиш керак эди. «Пойма-пой» ўз номига мос равишда ҳаммасини пойма-пой қилди! Адиз «Ўзимдан-ўзимгача» фильмида бошқача очилган. Фильм тугаганидаги олқишлар ҳалигача қулоғим остида. Абдувоҳид Ғаниев режиссёр сифатида ўзини кўрсатишга анча ҳаракат қилган. Ж.ҲАМРОЕВ: Бугунги фильмларда томошабин ҳоҳиши бўйича нима етмайди?
Ш.Рауфбоева:Фильмларда ўзига хослик етмайди. “Биринчи”дан “ўрни йўқ” фильмларгача ҳаммасида тақлид кучли. Ҳамма бир-биридан ўғирлаяпти: Ҳолливуд Болливуддан, Болливуд Ҳолливуддан...ижодкорларимизнинг айримлари ҳар иккаласидан ҳам...Сал ўхшатиброқ тақлид қилиш керак. Лабни бўяганингиз билан шаҳарлик бўлиб қолмайсиз-ку? Кўзингиз эстетик завқ олса-да, фильм томошасидан! “Сўнгги лаҳза”, “Мактуб” фильмларининг сюжетлари “кўчирилган” дейишди. Қайсидир маънода ҳақ гапдир ҳам. Бироқ, “Сўнгги лаҳза”да шундай кадрлар борки, унинг хато ва камчиликларидан кўз юмиш мумкин. Тошкент денгизи соҳилларини шу қадар гўзал тасвирга олишганки… Алишер Узоқовнинг ижросидан йигитларнинг дунёқараши ўзгаради. Енгил-елпи фильмларни кўраётган ёшлар ҳам майдалашиб кетаётгандай. “Таҳдид” яхши фильм. Негадир кинотомошабинлар бурч, масъулият тушунчаларидан узоқлашгандек. Шу боис томошабин камми? “Таҳдид”даги мавзуни томошабинга еткашиш керак! Томошабинни кинотеатрга зўрлаб олиб кириб бўлмайди. Мавзуси кучли фильмлар намойиши пайтида кинотеатр ҳувиллаб турса, ҳечам афсусланиш керак эмас. ТВда намойиш этиш керак. “18 квадрат”, “Ватан” каби мағзи пишиқ фильмлар ТВда намойиш этилганидан сўнг, кинотеатрда кўрмаганлар афсус қилишди.
Ж.Ҳамроев: Ҳозир катта экранларда намойиш этилаётган, ўзбек тилига ўгирилган Болливуд фильмларига муносабатингиз?
-Болливудни у қадар ёқтирмайман. Ҳинд актёрларидан фақат Шохрух Хонни яхши кўраман. Янги кинокартиналардан “Биллу”ни кўрдим. Бошқача йўналишдаги фильм.
Ж.Ҳамроев: Муҳаббат бугунги фильмларимиз бош мавзуси! Нима бундан бошқа мавзудаги фильмларга томошабин келмайдими?
Ш.Рауфбоева: Киножурналист сифатида шуни айтишим мумкинки, севги-муҳаббат мавзусидан чарчадим. Сийқаси чиқаётган мавзу. 19-20 ёшлиларнинг муҳаббатини асосий мавзу қилиб фильмлар яратишларини тушунмайман.
Ж.Ҳамроев: Ҳозирги яратилаётган кўп фильм ижодкорларининг бош мақсади кинокартина моҳияти эмас, билъакс қандай қилиб бўлса-да, кинотеатрга томошабин чорлаб, пул супуриб олиб кетишдек бўлиб қолгандай. Сизга шундай туюлмаяптими?
Ш.Рауфбоева: Ҳозирги фильмларнинг формуласи мана бунақа: 1 сўм сарфлаб, 1000 сўм топиш. Актёрларнинг кўп гонорар сўрашида айблашади. Нега бундан оғринишади? Ахир, фильм муваффақият қозонишида машҳур актёрларнинг ўрни бўлакча-ку!
Ж.Ҳамроев: Улуғбек Қодиров ва Фаррух Сойипов жимиб кетди. Айрим режиссёрлар уларнинг гонорар ҳақи ошгани учун фильмларга таклиф этилмай қўйгани ҳақида айтса, бошқа биров, ижодкор сифатида сусайиб қолишгани ҳақида фикр билдирди...
Ш.Рауфбоева: Фаррух ўзи режиссёрлик қилиш ниятида. У билан суҳбатлашганимда, жиддий, анча фикрлайдиган актёр эканлигига амин бўлдим. Улуғбек манмансираб кетган дейишяпти. Бироқ, Улугбек сўраётган гонорари арзийди. Бу икки актёр учун томошабин фильм намойишига келгандан кейин улар ҳам қимматроқ иш ҳақи сўрашади-да! Назаримда, Улугбек пайтини кутяпти.
Ж.Ҳамроев: Сиз қайси фильм премъерасини интиқлик билан кутяпсиз?
Ш.Рауфбоева: Обид Асамовнинг “Отасининг дода киноси” (ишчи номи)ни кутяпман. Бу фильмни томоша қилишга арзийди. Хомаки вариантини кўрдим. Завқландим. Янги мавсумда яхши фильм бўлади. Оператор ҳам, режиссёр хам зўр ишлаган. Обид ака ҳатто фильмдаги камчиликларни олдиндан бартараф этиш учун бир неча ижодкорларни уйига йиғиб, фильмнинг хомаки вариантини намойиш қилиб, ҳар биримизнинг фикримиз билан қизиққани ажойиб. Танқидларни ҳам қабул қилди. Саид Мухторнинг “Чаллари”си, Зебо Наврўзованинг “Йигитлар 2” фильмлари ҳам чакки эмас, деб ўйлайман.
Ж.Ҳамроев: “Ишкалчи ошиқлар” премъерасида бўла олмадим. Нега сўнгги пайтларда фильмларга ном танлашда жуда камбағаллашиб кетяпмиз?
Ш.Рауфбоева: Исамат Эргашовнинг бу фильмини кўра туриб битта хулоса қилдим, режиссёрнинг фақат “Темир хотин” фильми унинг ижодида шох асар бўлиб қолса керак. Янги кинокартина ҳақида бирон ижобий фикр билдира олмайман. Ном танлашда жуда ғариблашиб боряпмиз. Ўзбек тили жуда бой тил. Биз эса ўз тилимиздан фойдаланишни унутиб қўйяпмизмикан-а?
Ж.Ҳамроев: Ўзбек киносида яна қандай янгиликлар бор?
Ш.Рауфбоева: “Армон” фильми режиссёри Музаффар Эркинов янги фильм бошлаш арафасида. Мурод Ражабовнинг «Ой» номли фильми чиқади. Комедия жанрида олинган ушбу кинокартинада бош каҳрамон образини Фотима Вохидова яратган.
Ж.Ҳамроев: Мурод Ражабовнинг айнан шу актриса бош рол талқин этган “Анора”си омадсизликка юз тутганди-ку? Янги фильм кандай бўларкин?
Ш.Рауфбоева: Ҳозир томошабин келиш-келмаслигини башорат қилиб бўлмайди.
Ж.Ҳамроев: Яқин-яқингача эстрада хонандаларининг фильмда бош ролга тушиши урфга кирганди. Танқидлар сабабми бу урф унутиляпти. Бироқ, аксарият яратилаётган бугунги фильмларда бош мавзу келин ва қайнона муносабатларига бағишлаянти...
Ш.Рауфбоева: Чунки, бу ўлмас мавзу! Қонимизга сингиб кетган мавзу. Томошабинга қизиқ бўлгандан кейин режиссёр бошқа мавзуга уринганидан не ҳожат?
Ж.Ҳамроев: Қайнона-келин мавзуси энг яхши ёритилган сюжет қайси фильмда деб ўйлайсиз?
-“Суперкелинчак” деб ўйласангиз адашасиз. Менга ёқмайди. “Андишали келинчак” спекталини кўп бора кўрганим учунми, фикримни чалғита олмайман. Шу спектаклдаги топилмаларнинг “Супер келинчак”да фойдаланганлигини кўриб мириқиб кулишдик, назаримда. “Пойма-пойда”ги қайнона образи жуда ишонарсиз, қўпол, бачкана кўрсатилган.
Ж.Ҳамроев: Ўзбек киносининг яқин келажагида нималарни кўришни хоҳлайсиз?
-Яхши фильмларни! Болаларимиз китоб ўқишдан кўра, кино томоша қиляпти, ахир! Шундай экан, яхши фильмлар яратиб, уларнинг маънавиятини бойитиб боришини хоҳлайман... Йигитлар қизларга айрим фильмлардаги каби “пайпоқ” деб мурожаат этишларини эмас!
|