Барча журналларда фақат озиш учун парҳезлар ва тўладан келган кишилар қандай кийиниши кераклиги ҳақида ёзишади. Хўш, нима учун? Сабаби аксарият одамларнинг семиришга мойиллигида. Унда семириши зарур бўлган кишилар нима қилиши керак? Қуйида биз ортиқча озғинликни яшириши мумкин бўлган кийимлар ҳақида тўхталмоқчимиз. Маслаҳатларимизга қулоқ солинг! Кенг кийимлардан халос бўламиз Қизиқ, нега энди озғин кишилар кенг кийимлар уларнинг ориқлигини яширади, деб ўйлашади? Бу энг асосий хатолардан бири, бунга йўл қўймаслик керак. Эсингизда бўлсин, бундай бешакл, аксинча кийим барча камчиликларингизга урғу беради. Масалан, бир неча размер катталикдаги свитерни кийсангиз, қўл ва оёқларингиз янада озғинроқ кўринади. Қора рангли кийимлар Кўпчилик қора рангни фақат тўладан келган кишилар кийиши мумкин деб ҳисоблашади. Шубҳасиз, у кишини хушбичим қилиб кўрсатади. Аммо қора рангдаги либосларни озғин кишилар кийиши ҳам тақиқланмаган, аксинча у қоматга урғу бериб туради. Масалан, оёқлари узун қизга тиззадан юқори бўлган қора кўйлак жуда ярашади. Аммо чегарадан чиқиб кетманг, жуда узун қора кийим қомати ва бўйидан қатъи назар ҳеч кимга тўғри келмайди. Шунингдек гардеробингиздан қоматингизга ёпишиб турувчи ва пастигача торайган қора шим ва лосиналарни чиқариб ташланг. Улар эътиборни озғин оёқларингизга тортади.Яхшиси илиқ ранглардаги классик шимлар, бир нечта оч рангдаги жинси шимларни харид қилиб, эътиборни камарга тортинг. Қават-қават кийим Турли пуловерлар, жемперлар ва кўйлакларнинг мос тушишига эътибор қилинг. Бу вариант худди хушбичим ва кичкина қоматлар учун яратилгандай. Аммо бунда кийимларнинг матоси ҳақида ҳам унутманг, у бир текис бўлмаслиги, аксинча фактурали бўлиши керак. Бу сизни сал тўлароқ қилиб кўрсатади. Масалан, йўл-йўл кўйлак устидан чуқур ўйилган ёқали оч жигар ранг пуловерни кийиш мумкин. Ёки аксинча, исталган нақшли пуловер билан гулсиз кўйлакни. Иссиқлик Иссиқ кийим, биринчи навбатда, қават-қават кийимни ҳамда танани иситишни билдиради. Чунки кишиларнинг озғинлиги моддалар алмашинувининг тезлиги билан боғлиқ. Уларда ҳимоя қилувчи ва танани иситувчи ёғ қатлами бўлмайди. Озғин одамлар истеъмол қиладиган овқат айнан шу вазифани бажаришга кетади. Демак, калорияларнинг сарфланиши жуда тез содир бўлмаслиги учун иссиқроқ кийинишга ҳаракат қилинг.
Деталлар Тавсия этилмайди: узун қора юбкалар ва кўйлаклар, кийимда вертикал чизиқлар бўлиши, танага ёпишиб турувчи ва жуда кенг кийимлар, қўпол пойабзал. Тавсия этилади: кийимда горизонтал чизиқлар бўлиши, ҳошияли кийимлар, тиззадан юқори бўлмаган юбкалар, масалан, «қўнғироқча» юбка, «сиқилган» ва фактурали блузалар, ингичка ва ўртача баландликдаги пошнали пойабзал. Умуман олганда эса, шуни айтиш мумкинки, дўконларнинг кўпчилиги айнан хушбичим кишилар учун мўлжалланган. Шунинг учун ўзингизни ноўнғай сезмаслигингиз керак. Асосийси бежирим ва ўзингизга ярашадиган тарзда кийиниш ҳамда гардеробингизга кийимларни тўғри танлаш. Демак, ҳаммаси ўз қўлингизда.
|