cехрли чироқ сени қўлингда,
Хаёлингда малика Будур,
Оловиддин номинг бор сени,
Қани йигитча кўтар бошингни,
Будур….
Бу сатрлар унинг хаётини тамоман ўзгартирган. Илк хит бўлган таронасидан сўзлар…
Отабек Мадрахимов!
Шоу-бизнес ривожалниш палласининг энг машхур юлдузларидан бири!
Унинг концерти шу қадар шоу бўлган-ки хаттоки Россиянинг ОРТ
каналида бундай шоу-дастур МДХ давлатларида хали бўлмаган дея хабар
берилган.
Отабекнинг қўшиқлари қай даражада шов-шувли бўлса, унинг атрофидаги жанжаллар хам шу қадар шов-шувли бўлган. Отабек Мадраҳимов – хонанда ва актёр
Қўшиқчи сифатида энг машҳур қилган қўшиғи "Малика Будур”. Жуда кўплаб қўшиқлар яратган, бир нечта мусиқий альбомлар муаллифи.
"Тақдир”, "Учинчи тилак”, "Ширингина армоним”, "Мени тушун” каби фильмларда роллар ижро этган.
Тўлиқ исми шарифи: Отабек Баҳодирович Мадраҳимов
Туғилган санаси: 26 январ 1975 йил
Тошкент Эстрада ва цирк коллежини тамомлаган.
Санъат соҳасидаги мукофотлари: "Офарин-96” ғолиби, "Ниҳол” мукофоти соҳиби.
Оиласи: рафиқаси Хушноза, фарзандлари Шохрух ва Шеридам
(Отабек Мадраҳимов билан аввал унинг машинасида ўтириб суҳбатлашдик, кейин эса студиясидан фоторепортаж ўтказдим.)
Саида: - Ҳозирги кунда нима ишлар билан шуғулланяпсиз?
Отабек Мадраҳимов: – Ҳозир шу тўйлар билан бандмиз.
Саида: – Студиянгиз фаолиятида-чи?
Отабек Мадраҳимов: – Ёшларга ёрдам бериш, янги қўшиқлар ёзиш.
Саида: – Ҳозирги кундаги ижодингизда қандай янгиликлар?
Отабек Мадраҳимов: – Янги альбом чиқардик. Альбомни
номини ҳам "Ҳали борман” деб номладим. 12 қўшиқ бор ичида, янги
қўшиқлар. Кўплар Отабек санъатдан чиқиб кетибди, ўзини бизнесга
урворибди, деб ҳар хил гаплар бўлганига, шу гапларни тўхтатиш учун ҳам
ўша альбомни чиқардик. Майли радиоларда кетмаганига яраша, дўконларда
дисклар сотилиб қўшиқларим кетиб турсин деган мақсадда чиқардик.
Одамлардан хурсандмиз, шунчалик мухлислар телефон қилишди, ака раҳмат
мана шунчалик эшитяпмиз бор экан ҳақиқат деб. Бундан ташқари, ҳамма
қўшиқларимизни (олдинги йиллардаги қўшиқлар) МРЗ дискини ҳам чиқардик.
Қўлдан келганча, борлигим ҳақида информация (маълумот) бериб туришга
ҳаракат қиляпман. Мен ўзи жуда ҳам ҳайрон бўлдим, интервью олмоқчиман
деганингизга. Мендан интервью олишмаганига 2 йилдан ошди. Кўплар Отабек
ҳақиқатни гапириб юборади ва ўзи қийналиб юради дейишади.
Саида: – Кўп бўлганми ҳаётингизда мураккаб вазиятлар?
Отабек Мадраҳимов: - Биласизми 2 марта концертимни
тўхтатишди. Энг қизиғи, концертимга 2-3 кун қолганда тўхтишади. Бир ой
реклама кетади, рекламага маблағлар тўланган. Аренда заллар (зал
ижараси) тўланган, катта пул тикилган бўлади. Мана ҳалигача, билмайман
"Ўзбекнаво”га телефон қилиб қачон менга рухсат берилади – десам, –
билмадик кутиб туринг, билмадик кутиб туринг. Мен ўйлайман-да, агарда
мени айбим бўлса, ўша айбимни юзимга айтишса, агарда мен айб иш қилиб,
бирор одамни хафа қилган бўлсам, шу одамдан бориб узримни сўрашим
керакдир, бу биринчиси, иккинчиси, мени фикримча қамалган инсонга ҳам
бир қанақадир шанс берилади, амнистия берилади, кечирилади, авф
этилади. Мана яна қайтадан, ишлаб кўрсин-чи, яшаб кўрсин-чи деган. Мен
ўғри бўлмасам, каллакесар бўлмасам, одамхўр бўлмасам, нимага менга
нисбатан шунақа нарса? Мени ниятим фақатгина куйлаш, одамларга қўшиқ
айтиш, санъатимни намойиш қилиш. Бир бошқа нарсага аралашиш эмас. Мен
Ўзбекистонни фарзандиман, Ўзбекистонимни яхши кўраман. Ҳеч қачон
Ўзбекистонимга хиёнат қилмаганман, қилмайман ҳам. Нимага менга нисбатан
бунақа нарсани бўлишини мен ҳалигача билмайман.
Саида: – Сабабларини аниқлаштира олмадингизми?
Отабек Мадраҳимов: – Кимдан? Кимни ёнига бориб
гапиришимдан қатъий назар, ҳаммаси елкасини қисади. Майли гаплашиб
кўрамиз, майли маслаҳатлашиб кўрамиз дейди. Унақа дейди, бунақа дейди,
лекин охири жим-житлик билан тугайди.
Саида: – Кимларга айнан мурожаат қилдингиз?
Отабек Мадраҳимов: – "Ўзбекнаво” дейлик.
"Ўзбекнаво”га нисбатан мурожаат қиламан, ўзбек санъатини "Ўзбекнаво”
регулировка (назорат) қилади. Мен ҳалигача тушунмайман, "Ўзбекнаво”ни
ўзи шу концертларим учун лицензияни берган. У лицензиялар пулга сотиб
олинган. Олган нарсам, оддий бир варақ қоғоз бўлиб қолди. Ҳеч қаерда,
мана лицензиям бор деб телевиденияга келсам, телевидения клипимни
қўймайди, радио қўшиғимни қўймайди. Тўғриси чарчадим. Ёшим 40 га
яқинлашиб қолди, кеча чиққан санъаткорга ўхшаб, радио-телевидение эшиги
тагида туриш менга ярашмайди. Фарзандим мана 17 га тўлади. Эрта-индин
қуда-андачилик қиламан, ёшимга ҳам ярашмайди.
Саида: – Ундан фарзандларингизни санъат йўлидан боришига қарши бўлсангиз керак?
Бувиси Эргашхон Мирмақсудова билан
Отабек Мадраҳимов: – Жуда ҳам қаршиман. Ҳаётда,
бўлмаса мана ўғлим Шохрух ҳалигача айтади: – Ада ўзингизни студиянгиз
бор, ўзингизни қўлингизда ҳамма нарса. Чиқа қолай, ҳар ҳолда сиз охирги
Мадраҳимов бўлиб қолманг-деб. Энди ўзимни мақташ эмас-ку устазода
санъаткорман. Убайдулла Мадраҳимовни набирасиман, Зиёда Мадраҳимовани
ўғлиман, Насиба Мадраҳимовани жияниман, Эргашхон Мирмақсудовани
набирасиман. Устазода санъаткорларни фарзандиман. Ўғлим ҳам менга шу
гапни айтди-ки, охирги Мадраҳимов бўлиб қоласизми? Шу сизни фамилиянгиз
давом этсин санъатда-дейдию, ичимдан балки мен ҳам ҳоҳларман, лекин мен
ўзим кўраётган санъатда қийинчиликларимни кўриб туриб, – қўй болам
бошқа соҳада юргин – дейман. Ҳоҳламайман мени болам шунақа у ёқдан бу
ёққа юришини. Ҳоҳламайман, шунинг учун ҳам жуда қаршиман.
Онаси Зиёда Мадрахимова билан
Отабек Мадраҳимов: – Ҳаракат қиляпман. Айтади-ку,
чиқмаган жондан умид. Нима қиламан, қўлимдан келганини қиламан, агар шу
менга ёрдам берса. Майли, ҳаракат қилиб кўряпману бир . . . Лекин менга
нисбатан билмадим нимага бунақа бўляпти. Ҳалигача ўзим ҳам билмайман.
Саида: – Сиз доим Ҳиндистон мавзуси, ҳинд мусиқасига
қизиққансиз. (машинада ҳам ҳинд қўшиқлари янграб турарди) Ҳинд
киноактёри Шохрух Хонни мухлисисиз, ўзингиз ҳаётда шу актёр билан
учрашганмисиз?
Отабек Мадраҳимов: – Шохрух Хонни актёр сифатида,
инсон сифатида жуда ҳам ҳурмат қиламан. Уни ҳаётини, ижодини тез-тез
кўриб тураман. Энди мен, йилига жуда ҳам кўп Ҳиндистонга бориб тураман.
Саида: – Мақсад саёҳатми, ёки ижодий ҳамкорлик?
Отабек Мадраҳимов:
– Ўша ердаги ҳинд санъаткорлари билан ҳамкорлик қилиш, актёрлари билан
ҳамкорлик қилиш, охирги марта борганимда актёр Амитабх Баччан билан
ҳамкорликда бўлдик. Шохрух Хонга келсак, энди уни дунёқараши,
инсонларга бўлган муносабати менга ёқади. Шунинг учун, айтолмайман-ки,
мухлис сифатида ўлиб қоладиган даражада фанат эмасман. Киноларини
ҳаммаси ҳам менга ёқавермайди. Масалан, бир танловли кинолари ёқади
менга. Лекин инсон сифатида, санъаткор бўлишдан қатъий назар инсон
сифатида мен уни кўпроқ ҳурмат қиламан. Чунки, шунчалик шу ёшида, тем
более Болливуд деган жойда бугунги кунда қирол унвонини олганидан
кейин, битта нарса борки ҳиндларда, бу энди қонун сифатида эмас "король
кино” (кино қироли) деган титуль бор, лекин бу титулга бор-йўғи
Шохрухгача 2 та инсон эга бўлган. Биттаси Раж Капур бўлган, иккинчиси
Амитабх Баччан, "при живом короле, новый король” тирик қирол ўрнида
тарихда бўлмаган нарса бўлди-да ҳиндларда, қирол ўз коронасини (тожини)
ечиб туриб, Шохрухга тақиб қўйгани.
Саида: – Шохрух Хон билан ҳаётда учрашиб гаплашганмисиз?
Отабек Мадраҳимов:
– Йўқ, ҳаётда учрашиб гаплашишга унақа муяссар бўлмадим-ку, лекин
бир-икки шоу концертларида бўлдим. Бомбейда бўлиб ўтган киноактёрлар
концертига тушганимда уни қилаётган ишлари, саҳнада ўзини тутиши
тўғрисини этаман ёқмади менга. Сабаби, ўйнашни яъни рақсга тушишни
Шохрух умуман билмайди, кинодаги рақсга тушганлари ҳаммаси, по секундам
олинадиган нарсалар. Лекин Шохрух саҳнада ўйнайдиган актёр эмас, ёки
саҳнада ўйнайдиган танцор (раққос) эмас. Қўшиқчи эмас, лекин мана
охирги киноларида бир-икки қўшиқларни ўзи айтишга ҳаракат қилган. Энди
ҳиндларни қонида бор бу нарса. Чиройли айтган, менга қўшиқ этгани
ёқди-ю лекин ўйнашни кино даражасида ўйнолмас экан. Менга қилган иши
нимага ёқди-ки, уни ўша саҳнада туриб одамлар билан мулоқоти ёқди.
Очиқ– ойдинлик билан охирида микрофонни олиб айтди: – "эй политиклар
(сиёсатчилар) сизлар Ҳиндистон билан Покистонни урушяпти деб эълон
қиласизлар, жанжал қиласизлар мана” – деди, "санъатда бу нарса йўқ” –
деди ва Покистонлик қўшиқчини олиб чиқиб, қучоқлаб –"мен сизларни
ҳурмат қиламан, мен ўзим ҳам мусулмонман, лекин Ҳиндистон билан
Покистон ака-ука бўлиши керак”-деди ва халқ йиғлаб юборди ўша ерда.
Унча-бунча санъаткор бу ишни қилолмасди. Ҳозирги кунда Шохрухни устидан
катта критикалар (танқидлар) бўляпти. Шохрух Хонни янги "Менинг исмим
Хон” фильмини Ҳиндистонда премьерасини тўхтатишяпти. Сабаби, у крикетда
Ҳиндистонликлар Покистонликларни ғирром ютганини тан олди.
Ҳиндистонликларни жаҳли чиқди, нега Шохрух бизни эмас Покистонликларни
ёнини оляпти деб, ҳозир Шохрухга нисбатан танқид ишлари олиб боришяпти.
Саида: – Сиз ҳозир айтдингиз, Амитабх Баччан билан ҳамкорлик қилдик деб? Қандай бўлди бу ҳамкорлик?
Отабек Мадраҳимов:
– Биз 1996 йил "Чапани ошиқ” фильмини суратга олиш учун Ҳиндистонга
борганимизда, Амитабх Баччан бу фильмда мени отамни ролини ижро этиши
керак эди. Афсус, баъзи сабабларга кўра, "Чапани ошиқ”ни 2 серияси чиқа
олмади. Маблағга тақалди ҳаммаси. Ўзбекистонлик ҳомий ҳаммасини
охиригача етказа олмади. Лекин, мен учун жуда катта дарс бўлди ўша
ерда. Бутун умр орзу қилган инсоним билан кўришиб у билан бир-иккита
эпизодлар олишга ҳам улгурган эдик. Орадан вақт 13 йил ўтиб, яна шу
инсон билан мулоқотда бўлдим. Ўтган йили 2009 йил борганимда бир клип
олиб келдик. Клипни олаётганимизда баъзи бир муаммолар бўлиб қолди.
Ҳиндистонда ҳамма жойда камерани кўтариб юришга рухсат йўқ. Шунақа
вақтда полиция келиб, уларни ҳокимиятини ижрочилари келиб, бизни
камерани олиб қўймоқчи бўлишди Шу пайтда энди мен орадан 13 йил ўтди,
нима қиларкин, эслай олармикан деб, Амитабх Баччанга телефон
қилганимда, эсингиздами 13 йил олдин сиз билан битта кинода ўйнашимиз
керак эди-десам, худди кеча у билан хайрлашганимдек, мен билан хурсанд
бўлиб сўрашиб, мени келганимни билиб, ўзини одамларини жўнатиб, бизга
каттадан катта ёрдамлар қилиб беришди. Бемалол Тожмахал ичида ҳам клип
олдик. Ҳали унча-мунча санъаткор қўлидан келмаган нарсаларни қилдик.
Саида: – Қайси қўшиғингизга клип олдингиз?
Отабек Мадраҳимов: - "Луноликая” деган рус тилидаги қўшиғимга.
(суҳбат кино мавзусига бурилиб кетди)
Саида: – Ўзингиз кинода қайси қаҳрамон ролини ижро этишни орзу қиласиз?
Отабек Мадраҳимов: – Мен буни олдинги
интервьюларимда ҳам айтганман, мен жуда ҳам орзу қилардим, бизда
ўзбекчиликда балки бу тўғри келмас, Россия фильмларидан "Три
мушкетёра”, ("Уч мушкетёр”) фильми бўларди. Ана шунақа фильмларни мен
жуда яхши кўраман. Шунақа фильмда роль ўйнашни ҳоҳлардим.
Саида: - Тарихий демоқчимисиз?
Отабек Мадраҳимов: – Ҳа, шунақа бир тарихий фильмларда роль ўйнашни ҳоҳлардим.
Саида: - Нечта фильмда роль ижро этгансиз?
Отабек Мадраҳимов: – Ўндан ортиқ.
Саида: – Ўзингизга энг маъқул бўлгани?
Отабек Мадраҳимов: – Ҳар битта ролим . . . Масалан,
"Тақдир” ўзимни сценарийим бўйича олинган. Бу биринчи фильмлардан
биттаси. Ҳали биз кино олганимизда бундоқ ўйлаб қараса, қўшиқчиларни
ичида биринчи бўлиб кинода ўйнаган санъаткор ҳам менман. Мен кинода
ўйнаганимда ҳали бирорта қўшиқчи ёшларни ичида кинода ўйнамас эди.
Тўғри, олдин Ботир Зокировлар кинода ўйнаган. Лекин Ўзбекистон мустақил
бўлганидан кейин, 1996 йилда биринчи "Чапани ошиқ” да мен ўйнаганман.
Ундан кейин "Тақдир” олинди. Ҳар битта қўшиғим, ҳар битта киноларим
мени фарзандларим. Бирортасини бу яхшию бу ёмон дея олмайман.
Саида: – Кўнглингиз тўлмай қолгани-чи, бўлганми?
Отабек Мадраҳимов: – Ҳар битта кинойимда кўнглим
тўлмаган эпизодлар бор. Агарда сиз ўзингиз ўйнаган нарсадан кўнглингиз
тўлиб, ўзингизни ўзингиз мақтаб ўтирсангиз, жуда нотўғри нарса.
Албатта, ишонасизми, йўқми мени энг катта танқидчиларим бу отам ва
онам. Шу кунгача, мана Отабек Мадраҳимов бўлдим, биринчи кун қўшиқ
айтишимдан бошлаб, биринчи кун кинода ўйнашимдан бошлаб, шу кунгача
бирор марта ота-онам мени мақтамаган. Хафа ҳам бўлардим, нимага? Мен
янги қўшиқ ёзсам келиб, ада, она мана эшитинглар, мана янги кинойим
кўринглар десам, кўриб туриб, яхши лекин бундан ҳам яхши қилса бўларди
деган нарсани айтишади. Ҳаётда зўр чиқибди дейишмаган. Мен олдинлари
хафа бўлган бўлсам, бугунги кунда киноларимни ўзим қайтадан бирма-бир
кўриб, фарзандларим билан ўтириб қараб ўтираман. Оддий халққа ёқиши
бор, ёқмаслиги бор. Лекин мен ўзимга қараганимда, кинода ўзимни
хатоларимни қидиришни бошлайман. Қаерда нима қилганман, қандай
ўйнаганман? Мисол, яхши ўйнаган жойларим ҳам бор лекин, ичида кўпроқ
хатоимни қидираман. Унақа ўзимни мақтаб ўтирадиган санъаткор эмасман.
Мен биринчидан, мен юлдузман деб ҳеч қачон айтмаганман! Ҳали юлдуз
санъаткор бўлишга Ўзбекистонда бор бўлса юлдуз санъаткорлар 3-4 та деб
ҳисоблайман. Қолганларига ҳали анча бор.
Саида: - Кимлар юлдуз сизни фикрингизча?
Отабек Мадраҳимов: – Бу албатта, бугунги
кундагилардан Фаррух ака Зокиров, Юлдуз опа Усмонова, Ғуломжон
Ёқубовлар. Олдинги ўтган санъаткорлардан раҳматли Ботир Зокиров,
Муҳриддин Холиқов бизни устозимиз, Ҳусниддин акамлар. Мана булар
ҳақиқий юлдуз бўлишган. Ҳозиргиларни юлдуз санъаткор дейишга мени тилим
ҳам бормайди. Шу қаторда ўзимни ҳам!
Саида: – Бугунги кундаги ўзбек қўшиқчилик санъати ҳақида танқидий фикрда экансиз-да?
Отабек Мадраҳимов: – Йўқ.
Саида: - Умумий фикр юзасидан-чи?
Отабек Мадраҳимов: – Умумий фикр юзасидан яхши. Мана ҳар биттаси интиляпти, янгилик қиляпти. Вақти келса, биздан анчага ўтиб кетишяпти.
Саида: – Лекин уларни юлдуз эмас деяпсиз-ку?
Отабек Мадраҳимов: – Ҳали юлдуз эмас. Юлдуз деб тан
олишим мумкин, қачон-ки агарда дунё миқёсида тан олинса. Ботир ака,
Фаррух ака, Ғулом акаларни бутун Ҳамдўстлик давлатлари танийди. Ҳозирги
ёшларимиз Ўзбекистондан сал четга чиқсин.
Саида: -Унда ҳозирги ёш санъаткорлар ҳақида нима дея оласиз, фикрларингиз?
Отабек Мадраҳимов: - Ҳозир ёшларимиз бору ҳайрон
қоламан, тўйларга ҳам келишади, мен ўтирган бўлсам, бошқа санъаткорлар
бўлса ҳам, ёшлар келиб туриб навбатсиз, навбат олиб ашула этиб кетишса,
мана бу ерда ўтирган санъаткорларни умуман кўргиси ҳам келмайди, келиб,
олдидан ўтиб: – ака узр, – дейишни ҳам ҳоҳламайди. Бизда, устоз кўрган
санъаткорлар, энди устозим шундай деганди: – "Сендан бир кун олдин
чиққан санъаткор бўлса ҳам ўшани ҳурматини қилгин” деб. Ҳаётда биздан
катта санъаткорлар келиб туриб: – Қўшиқ этаман – деса навбатини бериб
юборамиз. Ҳозиргилар ундай эмас. Яқинда машинада радиода эшитвомман,
бир қўшиқчи қиз билан суҳбат бўлди. У қиз фақат русча гапирар экан,
ўзбекча гапиролмас экан, лекин қўшиқни ўзбекча чала–чулпа айтар экан.
Саида: - Қайси хонанда?
Отабек Мадраҳимов: – Этолмайман. У ёқдан бу ёқдан
гапирилди. Кейин унга: – "Хўп, сизни устозингиз ким бўлган?” – деган
савол берилса, – "Кто такой устоз?” – дедию. Ўша ерда мен тормоз босиб
юбордим, ғалати бўлиб қолдим. Кейин унга тушунтириб беришди: "Устоз это
учитель! Который тебя научил” деса, "Нет, это я сама” деди у ҳам. Мана
битта мисол.
Саида: - Ўзингиз тўйларда кимларни жанжалини кўргансиз?
Отабек Мадраҳимов: – Тўйларда кўп жанжалларни
кўрганман, лекин кимлигини айтмайман. Отабек ёки фалончи санъаткор буни
гапириб, ануни гапирибди деган нарсани ҳоҳламайман.
Саида: – Ўзингизни биринчи устозингиз?
Отабек Мадраҳимов: - Раҳматли Муҳриддин ака
Холиқов. Улар бизни ҳали кичиклигимиздан тарбиялаган инсон. Ана шу
инсонни берган тарбияси билан яшаб юрибмиз. Кейинчалик энди, Фаррух ака
Зокиров худди отамдек, санъатдаги отам деб ҳисоблайман. Биз оилавий
яқинмиз Зокировлар билан. Мен Фаррух ака ҳам деёлмайман, дода деб
гаплашаман ҳар доим. Мен учун жуда ҳам улуғ инсон. Ёшларига ёш
қўшилсин. Умрлари узоқ бўлсин.
Саида: – Устозларингиздан олган энг яхши фазилат?
Отабек Мадраҳимов: – Катталарни ҳурмат қилиш. Ҳозирги ёшларда 99 фоизида бу нарса йўқ. Шунга ҳам жаҳлим чиқади.
Саида: – Ҳозирги кундаги санъаткорларни ижодини кузатиб борасизми?
Отабек Мадраҳимов: – Ўзимга яқин санъаткорларни.
Мисол учун, Тоҳир Содиқов дўстим, Рашид Ҳолиқов дўстим. Севара
Назархонларни. Шогирдларимдан эса "Шод” гуруҳи, Ҳожиакбар, Самандар
укам, Азиз Раметов. Ўзимга яқин инсонлар.
Саида: – Ўзингизга энг ёққан қўшиқ қайси?
Отабек Мадраҳимов: – Севара Назархон билан Рашид Холиқовни дуэти. ("Бир кам дунё” сериали саунтрейки), Тоҳир Содиқовни "Сен” қўшиғи.
Саида: – Ўзингиз шогирд олганингизда қайси жиҳатларига эътибор берасиз?
Отабек Мадраҳимов: – Тиришқоқлигига. Масалан, "Шод”
гуруҳидагилар жуда ҳам тиришқоқ болалар. Вақти келганида уларга
қарасам, ўзимни кўргандай бўламан. Ўзим ҳам ёшлигимда жуда интилувчан
бўлганман, бирор нарсага эришишни ҳоҳласам, интилиб эришганман.
Саида: - Ўзингизни кучли инсон деб биласизми?
Отабек Мадраҳимов: – Умуман, нафақат ўзимни, балки
санъатда бўлган инсонни кучли инсон деб ҳисоблайман. Сабаби, санъатни
ичида, санъатни нонини ейиш жуда қийин. Одамлар, ашула этиб пул топяти,
дейди, лекин ички дунёйимизни билмайди. Юлдуз опа бир пайтлар айтган
эдилар: -"Санъаткор бўлиш учун, темирдан тиш бўлиши керак”-деб. Вақти
келса, сизга чўнтагингизга пул тиқиб, ҳақорат қилиб, мана бу нарсани
айтиб бер деса, тишингизни тишингизга қўйиб, ўша ашулани айтиб беришга
тўғри келади.
Саида: – Лекин, бунақада ғурур деган нарса қаерда қолади?
Отабек Мадраҳимов: – Энди ўзингиз ўйланг, сиз тўй
қиляпсиз. Ўғлингиз ёки қизингизни тўйи, масалан, мен сизларни
тўйингизда қўшиқ айтяпман. Энди сизларни меҳмонингиздан биттаси, маст
бўлиб (маст одам энди ўзингиз биласиз, аҳмоқ бўлади), энди
мен ўша ерда маст одам билан тенглашиб, сен мени ҳақорат қилдинг деб,
ўша ерда сизни тўйингизда жанжал қилиб, бутун тўйхонада жанжал кўтарсам
яхши бўладими? Яхши бўлмайди. Значить, тишимни тишга қўйиб, индамайман.
Эртасига мен у одамдан сўраб оламан, лекин, бугун мен тўй бўлаётган
жойда жим туришим керак. Сиз мени тўйингизни ўтказиб беришимга пул
тўлагансиз, мен рози бўлиб ишлаяпман, сизни ҳам рози қилиб кетишим
керак, тўйингизни бузмасдан. Бу эса жудаям қийин нарса. Сиз меҳмонларни
келди-кетдиси, кузатиш билан оворасиз, мен меҳмонларни хурсандчилиги
билан. Билинг-ки, санъаткорни санъаткор қиладиган ҳам халқ, санъаткорни
ер қиладиган ҳам халқ. Шунинг учун, бизга ҳам осон эмас.
Саида: – Унда жуда мураккаб характерга эга экансиз. Ўзингизга четдан таъриф берсангиз?
Студияга кираверишдаги холл
Отабек Мадраҳимов: – Ҳа. Масалан, аёлим ҳақида ҳам
айтишим мумкин, санъаткор инсон билан яшаш қийин. Ўзим ҳақимда айтсам,
масалан мухлисларим билан яхши мулоқотдаман, лекин ишлашга келганда
жуда ҳам талабчан инсонман, бўлаверади деган нарса менда йўқ.
Саида: – Ўзингизни босиб, босиқлик билан вазиятдан чиққан пайтларингиз ҳам бўлганми?
Отабек Мадраҳимов: – Агарда мени шахсиятимга,
оиламга қаттиқ гаплар бўлмаса, мен ўзимни босиб кетаман. Агар акси
бўлса, ўзимни босишим жуда қийин. Бекорга ҳам отим Оташ эмас. Оловдай
ёниб кетишим бор.
Саида: - Кинода режиссёрлар билан ҳам тортишувлар бўлганми?
Отабек Мадраҳимов: – Албатта. Агарда, менда битта
нарса ҳар доим. Одам ўз фикрига эга бўлиши керак. Мана мисол учун, сиз
режиссёрсиз, сиз менга бир ролни кўрсатяпсиз. Мен сизда рол ўйнаётган
бўлсам, ўша ролни мен айтаман-ки, қўлимдан келган нарсани кўрсатаман,
кейин сиз айтган нарсани қилиб берганимдан кейин, уни ўз кўзим билан,
ўз дунёқарашим билан рол мана бунақа бўлишини мен сизга, ўзимникини
кўрсатиб бераман, балки мана бунақа қилиб кўрсак-чи деб. Шунақа
тортишган пайтларимиз бўлган. Кейин барибир ўша русчасига "золотая
серидина” (олтин ўрталик) ўшани топиб, бирга ишлаймиз. Мана масалан,
мени "Оташ-шоу” концертимда, ҳамма концертларимда онам балетмейстер
бўлиб ишлайдилар. Онам шундоқ рақс қўйиб берди бўлди, йўқ, мен ҳар доим
ҳар битта рақс учун, ҳар битта рақсни қаерида қанақа ҳаракат бўлишигача
талашганман. Саҳнада жаҳл қилиб, бу қўшиққа умуман рақс керак эмас, деб
чиқиб кетган пайтларим ҳам бўлган. Лекин бу ҳаммаси репетиция жараёнида
бўлади. Барибир халққа бир тайёр маҳсулотни берамиз. Бу нафақат кинода,
нафақат рақсда, балки қўшиқчиликда, қўшиқни тайёрланиш жараёнларида
ҳаммасида, менда бўлади. Одам ўз фикрига эга бўлиши керак. Агарда мен
сизни айтганингизни қилиб кетаверсам, Отабек мана буни қилинг, буни
қилинг деса, қилаверсам, кечирасизу анави циркдаги ўргатилган маймун
эмасманки, уни қил деса қилиб кетадиган. Мен ҳар бир нарсада ўзимни
фикримни кўрсатиб ўтаман.
Саида: – «Учинчи тилак» фильмини Бухорода съёмкаси пайтида
бир актриса билан тортишув бўлиб, уни кечирим сўратган экансиз, агар у
сиздан кечирим сўрамаса, мен бу фильмда роль ўйнамайман деган экансиз.
Аслида қандай воқеа юз берганди?
Отабек Мадраҳимов: – Фильм режиссёри Нуриддин
Қосимовни жуда ҳам ҳурмат қиламан. Бухорода бориб кинони суратга
оляпмиз. Нозимахон исмли актриса (фамилияси эсимда йўқ) у пайтда энди
ҳаётида биринчи кинода ўйнаши. Албатта тушунаман, ёшлик қилган, одам
бирданига кўрмай кўриб қолса, биринчи марта ҳаётда кинода ўйнаяптию,
биринчи марта шуни ўзида бош қаҳрамон қизни ўйнаяпти ва ўзини юлдуз деб
ҳис қилиб қолди. Биз пастда турган эдик, нимадир бўлдию қарасам,
Нуриддин акам Нозимани юзида, лабини учига учуқми бир нарса чиққанини
кўриб, -Нозима сен бош қаҳрамонсан, лабингга қарагин, бир нарса суриб
қўйгин-дедилар. (Энди режиссёр, режиссёр ўз кўзи билан қарайди.) Шунда,
Нозима Нуриддин акани бир нарса деб жеркиди. Ўзидан анча ёш катта,
отаси тенги режиссёрга ҳурматсизлик. Мен жим тургандим, шунда ёнимда
турган оператор Воҳид келди-да: Нозима – деди. – Майли, Нуриддин акам
режиссёр, мен операторман, мен камерадан ҳамма нарсани кўраман, эртага
кино чиққанида ўзинг уялиб қоласан – деса, – Да, кто ты такой? Вообще
молчи – деди. Қарасам, операторни ҳам жеркиб ташлади. Шунда мени жаҳлим
чиқди-да, – Нозима – дедим, – бу нима деган нарса, сен инсонларни
ҳурмат қилишни ўргангин, энди кинода ўйнаётган эканман, мен бош
қаҳрамонман деб туриб, шунчалик тилингга эрк беришинг керакми? – десам,
– А ты вообще молчи – деди менга. Шунда шунақа жаҳлим чиқди, қўл
кўтарворай дедим. Нуриддин акага битта қарадим-да: (энди фараз қилинг,
кинони 90 фоизи олиниб бўлган эди) – Нуриддин ака дедим, мана шу 90
фоизи олиндими дедим. Мен шу фильмни неустойкасини (харажатларини)
тўлашга розиман дедим, лекин сизни кинойингизда ўйнамайман, шу қиз
ўйнар экан, ўйнамайман, мен кетаман – дедим. Шундоқ ичкарига кириб
кетдим. Ўзим нарсаларимни олиб, ўзим билет олиб учиб кетаман Тошкентга
дедим. Ҳамма қотиб қолди. Мени санъат аҳли билишади. Мен битта
гапираман. Гапирдимми бўлди, шу нарсани устидан чиқаман. Шунда Нуриддин
акам: – Бўлди, актрисани ўзгартирамиз, мени ҳам жонимга тегди – деди.
Энди мен кундузи келиб, кечқурун учиб кетаману, кечаси анча бошқа
гаплар ҳам бўлган экан. (Мен ўзим ишонасизми йўқми ҳар куни Тошкентдан
эрталаб биринчи рейсда Бухорога учиб борардим, кечки пайт охирги рейсда
қайтиб келардим, чунки кечки пайт Тошкентда тўйларим бор эди. 20 кун
давомида ҳар куни Бухорога учганман.) Нуриддин ака: – Бошқа актриса
билан кинони бошидан оламиз – деди. Шундан кейин, кечқурун учиб кетишга
нарсаларимни йиғиб турсам, Нуриддин акам ёнимга кирдилар–да: – Оташ
сенда гапим бор, Нозима келиб, мендан узр сўради, Воҳиддан узр сўради,
сендан узр сўрамоқчи – дедилар. Мендан узр сўрамасин – дедим.
Гапирадиганини гапириб бўлди, Мен ўзим учун билиб олдим уни кимлигини,
кераги йўқ узрини – дедим. Нуриддин ака: – Сени ёнингга кирмоқчи –
дедилар. – Майли, кирсин – дедим. Бирданига сансираб турган қиз: – Узр,
Оташ ака мендан ўтди, ёшлик қилиб қўйдим – деб узр сўради. –
Йўқ–дедим, мендан узр сўрама, ҳозир пастга тушамиз, ҳамма бутун
сьёмочный (суратга олиш гуруҳи) олдида узр сўрайсан, шунга рози бўлсанг
– дедим. – Бўлди, тушиб узр сўрайман–деди. Шунда, пастга тушиб, бутун
сьёмочный олдида узрини сўради, шу билан шу кино давом этди. Ундан
кейин яна бир – икки марта кўришдик, менимча яна бошқа киноларда ҳам
ўйнади шекилли. Нима бўлганда тақдирда ҳам мен унга омад тилайман!
Саида: – Ўзингиз ҳаётда кечиримли инсонмисиз?
Отабек Мадраҳимов: – Жуда қийин. Мен масалан, бир инсонни ёқтирмасам, кечиришим жуда қийин.
Саида: – Ҳаётда дўстларингиз ичида сизга хиёнат қилганлари бўлганми?
Отабек Мадраҳимов: – Агарда мени "Давлатинг борида” деган қўшиғимни эшитсангиз, биласиз.
Саида: – Эшитганман. Ўша дўстларингизни кимлигини очиқ айта оласизми?
Отабек Мадраҳимов: – Ҳоҳламайман. Лекин ҳаммага
битта нарса, фақат ва фақат омад тилайман! Дўсту душманимга ҳам, ўша
мени концертимни тўхтатганларга ҳам ҳаммасига омад тилайман! Илоҳим,
соғ бўлсин, болаларини, ота-онасини бахтига соғ бўлсин! Бахт-саодат
тилайман! Бошларидан мени бошимдан ўтган қоронғи кунлар ўтмасин ҳаётда!
Ҳеч кимга ёмонлик тиламайман. Гап бору душманинг сенга тош отса, сен
унга ош отгин деган.
Саида: – Кечиришим жуда қийин деяпсиз, яна яхшилик тилаяпсиз?
Отабек Мадраҳимов: – Этдим-ку, мен яхшилик
тилайман, лекин яна мени олдимга келиб, яна мен билан дўст бўлмоқчи
бўлса, унда мен кечира олмайман. Ёқтирмай қолсам, кечирмасам, ҳаётда у
одам билан гаплашиб ўтирмайман бу бир, у-бу иш қилмайман бу икки.
Ҳаётда иложи борича, йўлимиз бирга кесишиб ўтишини ҳоҳламайман. Лекин,
ўзига ва оиласига бахт-саодат тилайман!
Саида: – Санъатдан ташқаридаги дўстларингиз-чи?
Отабек Мадраҳимов: – Бир-иккита, кўп эмас. Яқин
дўстларимдан бири, санъат ичидагилардан, бир-икки фильмларда бирга
ўйнадик, яқин дўстим Бобур Йўлдошев. Зафар деган дўстим эса санъатда
эмас. Ўнта дўст эмас битта дўст бўлсин, лекин ҳақиқий бўлсин!
Саида: - Кино соҳасида ҳеч режиссёрлик қилишга истаги бўлганми?
Отабек Мадраҳимов: - Режиссёрлик қилишга (ўйланиб)
ҳозирги кунда ёшлар бир-икки кинода ўйнагандан кейин ўзи режиссёрлик
қиляпти. Энди, қўшиқчи рол ўйнаши мумкин, сабаби қўшиқ ҳам битта
кичкина мини кино. Қўшиқчини режиссёрлик қилиши сал нотўғрироқми
дейман-да. Лекин бу, ҳозир ёшларимиз кино оляпти дедиму, бу уларни
ёмонлаб танқидлаш эмас. Омад тилайман! Лекин, этади-ку, чумчуқ сўйса
ҳам қассоб сўйсин деган нарса бор. Кинони ҳам оёқ ости қилиш керак
эмас, саҳнани оёқ ости қилгандек.
Саида: - Кинони оёқ ости қилишяпти деб ўйлайсизми?
Отабек Мадраҳимов: - Йўқ, режиссёрлик даражасига ҳали етмаган деб ўйлайман.
Саида: - Кимларни? Кимларни фильмларини кўриб?
Отабек Мадраҳимов: - Мен кўрмадим, мен эшитдим.
Саида: – Аввал кўриб, кейин хулоса чиқариш керак эмасми?
Отабек Мадраҳимов: - Албатта, лекин . . .
Саида: – Балки яхши олишаётгандир, қайсидир жиҳатдан ҳаракат қилишяпти-ку.
Студиясидаги хинд мусиқа асбоблари
Отабек Мадраҳимов: – Ҳаракат қилишсин, лекин битта
нарса, мана мен роль ўйнаганимда ёнида доим устоз санъаткорлар
бўлишган. Раҳматли Ҳожиакбар ака Нурматов, ёшларига ёш қўшилсин
Ойбарчин опа Бакирова, Фаррух ака Зокиров, кўп актёрлар. Жаҳонгир ака
Қосимов режиссёр бўлганлар, Нуриддин ака Қосимов, бошқалар роль
ўйнаганимда ҳам уларни далдаси, ёрдами. Мана Рустам ака Сагдуллаев
билан "Мени тушун” фильмида кўп нарсани улардан ўргандим-де. Лекин мен
ўзимни шу пайтгача, на яхши қўшиқчи деб биламан, на яхши актёр деб.
Ҳалигача мен ўзимни ўрганаётган актёр, ўрганаётган қўшиқчи деб биламан.
Режиссёрлик қиляптими ўша ёшлар қилсин, фақат ёнида битта устоз
режиссёрни олиб, устоз деб маслаҳат сўраб. Лекин устозсиз қилаётганлар
ҳам бор-де. Ҳар ким ўз ишини қилгани яхши. Инсонми барибир инсонлигича
қолиши керак. Инсон ўзидан баландга сакраши керакмас. Масалан, санъатда
ҳам яхши раққосми, энг зўр раққосми, барибир ундан баландига сакрай
олмайди.
Саида: – Бу билан бошқа касбга ўтмасин демоқчимисиз?
Отабек Мадраҳимов: - Албатта. Мана ҳозир
саҳнамизни кўрсангиз, кеча тиш доктор бўлган бугун қўшиқ айтяпти, кеча
созанда бўлган, бугун бозорда нарса сотяпти. Иложи борича, инсон ўзини
соҳасида қолиши керак. Шунинг учун, мана мен санъатдан кетмаганман,
кетмайман ҳам, кетган деган гапларга ишонманглар. Бизнес билан
шуғулланиб кетсам бўларди, лекин мен кетмайман. Ҳамма ўз касбида машҳур
бўлгани яхши. Яхши тиш доктори бўлса, қўшиқчи бўлмаса ҳам танилиши
мумкин.
Саида: – Агар истеъдоди бўлса-чи? Бошқа касб эмас, айнан
мана санъат оламида, фақат илгари бошқа йўналишда бўлган. Мана актёр
режиссёр бўлиши мумкин, қўшиқчи режиссёр бўлиши мумкин эмасми?
Отабек Мадраҳимов: - Бўлиши мумкин, лекин вақт
ўтиб. Лекин бир-икки кинода ўйнаб, эртага ўзи кино олиб, ўзи роль
ўйнаши бу нотўғри нарса. Сабаб, ҳали режиссёр даражасига етиб боргани
йўқ. Мен сизга айтганимдек, мен 20 йиллик Отабек Мадраҳимовман, лекин
мен ҳали ҳам ўзимни ўрганаётган санъаткор деб биламан.
Саида: – Кечаги Отабек Мадраҳимов билан бугунги Отабек Мадраҳимов ўртасида қандай фарқ бор деб ўйлайсиз?
Отабек Мадраҳимов: - Ер билан осмондек. Ҳамма
тарафлама. Санъат тарафлама ҳам, олдингига нисбатан анча ўзгариш бор.
Дунёқарашим бўйича, дўст танлашда. Танилган вақтимда ёнимда акангман,
укангман деганлар кўп эди. У вақтда дўст танлашни ҳам билмас эканман.
Биринчидан умрбод шунақа яхши бўлади деб ўйлар экансиз, шунда отамни
бир чиройли гаплари бор-ки: – "Жудаям ишларинг омадли келиб, миллионлар
топсанг ҳам болам ўйлама, бу вақтинча бу ҳам ўтиб кетади. Бошингга
қоронғилик тушиб, бир тийинга зор бўлсанг ҳам ўйлама, вақтинча бу ҳам
вақтинча ўтиб кетади. Ўткинчи дунёда яшаймиз. Ҳамма нарса вақтинча.”
Олдинлари шу нарсани билмас эканман, шу нарсага аҳамият бермас эканман.
Лекин ҳозирги пайтда, мана фарзандларим катта бўлиб, мен ҳам уларга
муносиб ота бўлишга ҳаракат қиламан. Фарзандларимга, у-бу сенга
мумкинмас демайман, чунки мен ўзимни эслайман, ўзим бу ёшда қанақа
эдим, отам менга қанақа тарбия берган? Иложи борича ҳар тарафлама.
Саида: – Ҳаётдаги энг яқин инсонларингиз?
Отабек Мадраҳимов: – Ота-онам, умр йўлдошим. Ҳар
қандай кунларингизда ҳам, ҳеч ким қолмаганда ҳам ёнингизда
ота-онанингиз, аёлингиз, фарзандларингиз қолади, бошқа ҳеч кимга
керагингиз йўқ. Бу бор нарса. Аччиқ ҳақиқат. Эртага сизга бир нарса
бўлса ҳам, ёнингизда қоладиган шулар.
Саида: – Тушкунликка тушган пайтларингизда бу ҳолатдан қандай чиқиб кетасиз?
Отабек Мадраҳимов: - Концертларим тўхтатилган
пайтлар депрессияга тушиб қолган вақтим нима қилишни билмай қолдим.
Қарасам, ёнимда дўстлар, кўплар йўқ бўлиб қолди. Шунда мен сиқилиб, шу
ёшимда юрагимни мазаси бўлмай қолди. Ўзим билмай қолдим бу нарсани.
Юрагим оғриб, ўзимдан кетиб қолдим. Кўзимни очсам, тепамда ота-онам,
бола-чақам йиғлаб туришибди, дўхтирлар ҳаммаси, "нервный срыв” дейишди.
Шунда отам бир нарсани айтди: – "Эй ўғлим, нима қиласан сиқилиб, майли
бўлди, бу билан ҳаёт тугагани йўқ-ку. Бу ҳам Оллоҳни бир синови сенга,
энди қара, отанг-онанг биз соппа-соғмиз, хотин бола-чақанг соппа-соғ,
сен мана худога шукур соппа-соғсан, яна нима керак сенга? Нимадан
сиқилвоссан? Шириндан шакар фарзандларинг бўлса, ота-онанг бошингда
бўлса, ака-укаларинг ёнингда бўлса, сенга яна нима керак бу ҳаётдан” –
дедилар. Ҳақиқатда дадамни гаплари менга таъсир қилди. Мен нимага
сиқилвомман? Бугун бўлмаса эртага бўлар шу нарса. Шундан кейин ўзимга
мен шу нарсани олдим: – Ҳаёт давом этвотти-ку. Ойни ўн беши қоронғи
бўлса, ўн беши ёруғ. Бугун қоронғи бўлса, эртага ёруғ бўлар деб кутиб
юрибмиз ёруғликни.
Саида: – Биринчи саҳнага чиқиб этган қўшиғингизни эслай оласизми?
Отабек Мадраҳимов: - 1991 йил "Эй гўзал ёр” деган
ашулам билан чиққанман, 16 ёшда эдим. Ўзи кичиклигимдан ашула
айтганман. Санъат муҳитида катта бўлганман. Улуғ санъаткорлар Карим
Зокиров, Шойиста опамлар бизни оила билан яқин бўлишган. Мукаррама
Турғунбоева, Ботир Зокировлар билан кичиклигимда мулоқотда бўлганман.
Одамлар учун уларни кўриш қизиқ бўлган, мен учун эса улар оддий инсон
бўлишган. Улар уйимизда меҳмон бўлиб, ҳазил-ҳузил қилиб ўтиришарди.
Эсимда бор, (бир сафар Ботир Зокировни тиззаларида ўтириб ашула
айтганимда) раҳматли Ботир Зокиров онамга "Зиёда, кўрасан, мен у пайтда
бор бўламанми, бўлмайманми лекин шу боланг санъаткор бўлади”
деганларида, онам: – "Ҳаётда мен буни санъаткор қилмайман, бўлди мен
санъаткор бўлдим, бу санъаткор бўлмайди” деган эканлар. Ота-онам
охиригача қаршилик қилишган, уйлардан қочиб кетганман санъаткор бўламан
деб. Бир нарса мен саҳна ортида туғилганман, ўсганман, бутун умр онам
билан гастролларда бўлиб, санъаткорларни ичида катта бўлган инсонман,
саҳнани аураси кучли ўзига тортиб кетади. Шунинг учун, саҳна ортида
туғилган бола саҳнадан узоққа кетиши қийин. Шунинг учун ҳам мен
фарзандларимни концертимга камроқ олиб бораман. Лекин барибир қонида
бор.
Саида: – Фарзандларингизга дўстмисиз?
Овоз ёзиш хонаси, ижодий жараён.
Отабек Мадраҳимов: – Фарзандла
|