"Йилнинг энг яхши хонандаси” номинацияси бўйича M&TVA мукофотига номзоди қўйилган Отабек Муталхўжаев йил бошидан буён ижоди ва ҳаётида рўй берган энг қизиқарли воқеаларни ёдга олади. Январ: "Бир олам мақсад ва саҳнадаги жароҳат” Январ ойида кўнглига бир олам мақсадларни тугиб ижодга киришган Отабекнинг илк иши "Севар ёрим” қўшиғига клип ишлаш бўлди. Тан олиш керак, клип муваффақиятли чиқди. TVM ва бошқа каналларда узлуксиз намойиш этилди, "хит парад”ларда биринчи ўринни эгаллади. Отабекнинг 2009 йил бошидаги илк катта иши – бу Самарқанд вилояти бўйлаб гастрол сафари уюштириш бўлди. "Челак туманида охирги концертимни бераётганимда қизиқ воқеа рўй берди, -эсга олади хонанда. – Саҳнада қўшиқ куйлаб турган пайтим, поли очилиб кетиб, тиззамгача пол тагига кириб қолдим. Тамом, ҳозир ҳамма устимдан мазах қилиб, кулса керак, деб юрак ҳовучлаб турсам, ҳеч ким кулмади. Аксинча залдан кимдир "Давом этавер, шунақаси ҳам бўптуради” деб қичқирди. Оёғим яхшигина шилинган экан, қаттиқ оғриқ бера бошлади. Мухлисларим буни тушунишдими, қарсаклар билан олқишлай бошладилар. Натижада, бир зумда оғриқни унутиб, қўшиқ куйлашда давом этганман”. Феврал: СМСлар ва совғалар ёмғири Хонанданинг феврал ойидаги энг катта иши - "Лола” фильмида ижро этган роли бўлди. (Эслатиб ўтамиз, Отабек Муталхўжаев бунга қадар "Аловуддиннинг янги саргузаштлари”, "Сеҳрли узук”, "Сирли сиртмоқ” фильмларида суратга тушган). -"Лола” -жуда катта тайёргарлик ва меҳнат маҳсули. Балки шу сабабли, уни томошабин яхши қарши олди, -дейди Отабек. – Балки Азиз Раметов, Дилором Мирзаева сингари маҳоратли актёрлар билан ҳамкорликда ишлаганим учундир, қийинчилик сезмадим”. 14-феврал "Севишганлар куни”да хонанда Навоий шаҳрида концерт тақдим этди. "Шу кунги дастур кутганимиздан ҳам аъло даражада ўтди. Ҳамма талабларга жавоб берадиган концерт зали менда ниҳоятда катта таассурот қолдирди”. Айтгача "Севишганлар куни” муносабати билан Отабекка мухлисалари 1000 га яқин СМС ва "юракча”ларни тақдим этишган. Бундан ташқари совғалар… "Мухлисаларимнинг кўплигидан, уларнинг менга бўлган эътибори ва ҳурматидан хурсанд бўлдим. Феврал ойи мен учун жуда эсда қоларли ва муваффақиятли ўтди”. Март: "Уйлантириб” қўйишди! Март ойи айёмларга бой. 8-Март куни Отабек байрам муносабати билан уюштирилган гала-концертларда қатнашди. Юртимиз аёлларига бўлган ҳурмат-эҳтиромини қўшиқлари орқали изҳор қилди. Байрамдан кейин бир йўла иккита: "Баҳор” ва "Шунқор” номли тароналарига клип суратга олишга киришди. "Баҳор” клипини шаҳар ташқарисида суратга олдик. Унда "Лола” фильмидаги ҳамкорим - Дилором Мирзаева севган қизим ролида суратга тушди. Клип суратга олинаётган вақтда санъаткорлар йиғилишиб сумалак қилдик. Сумалак базмида Нилуфар Усмонова, Зиёда, Рашид Ҳолиқов, "Божалар”, Анора, Феруза Жуманиёзова сингари хонандалар иштирок этишди. Ош дамладик, қўшиқ куйлаб, хурсандчилик билан ўтказдик ўша кунни” – дея эсга олади Муталхўжаев. Дарвоқе, "Шунқор” таронасига клип суратга олишга киришган ижодий гуруҳ клипда Отабек билан бирга рол ижро этадиган қаҳрамон қизга муносиб актрисани тополмай, роса хуноб бўлишган. Кастинглар ўтказилгач, охири 200 та қиз ичидан биттаси маъқул келган. Клипдан лавҳалар муддатдан илгари чаққон ва сенсацияга ўч мухбирларнинг қўлига тушиб қолганлиги сабаб Отабек ҳақида "Уйланибди” деган миш-мишлар тарқаб кетади. (Клипда тўй саҳнаси бор, ёдингизда бўлса). "Миш-мишларнинг ёлғонлигини исботлагунча роса қийналганмиз, дейди хонанданинг продюсери. – Ҳар кун битта мухлисаси қўнғироқ қилиб кўз ёш тўкади...”. Хулоса: Март ойи Отабекнинг мухлисаларини йиғлатган ой бўлди! Апрел: гулистонлик мухлисалар билан қувлашмачоқ Отабек учун апрел ойи концертга тайёргарликлар, югур-югурлар билан ўтди. Ўндан ортиқ янги қўшиқлар яратилди: "Ватан”, "Хайр мактабим”, "Кечалар”… "Ижодий гуруҳимиз билан илк концерт дастуримга тайёргарлик кўришни бошлаганимизда қаттиқ ҳаяжонландим. Ўз устимда қайта-қайта ишладим. Бор кучимизни концертга тикдик”. Хонанда бу ойда Сирдарё вилоятига гастрол сафарини уюштирди. "Мухлисларимнинг кўплигини кўриб, яккахон концерт ўтказсам бўлар экан, деган ишонч пайдо бўлди менда” дейди хонанда. Гастрол сафари билан боғлиқ воқеа ҳақида сўраганимизда Отабек: "Мазза қилиб ҳар кун балиқ еганмиз, -деди. –Лекин охирги куни бир оператор йигитимизнинг томоғига қилтаноқ тиқилиб қолиб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатишга тўғри келди. Қайтаётганимизда эса гулистонлик мухлисалар машинамизни анча жойгача қувлаб боришди...” Май: Илк концерт дастури, ҳаяжон… "Май ойининг бошларида "Майли” дуэтини куйлаш учун Нилуфар Усмоновага таклиф билдирдик, у рози бўлди. Тарона аслида концерт учун ёзилган эди... Ва ниҳоят, орзиқиб кутилган кун – 25 май етиб келди. Концерт тобора яқинлашгани сари қўл-оёқларимда қалтираш сеза бошладим. Қаттиқ ҳаяжонда эдим. Концертдан бир кун олдин рўй берган асаббузарлик туфайли(бу ҳақда мақола охирида батафсил ёзилган) қалбим қоп-қоронғи. Ҳатто саҳна пардаси кўтарилаётган чоғда ҳам кўнглимдаги ғашлик тарқалмаган эди. Парда кўтарилгач... Зал тўла томошабинларни кўриб, бир зум ҳайратда қотиб қолдим! Кўнглимдан ўша пайтда нима ўтганини сўз билан ифодалаб бера олмайман. Бир нарсани айтишим мумкин: шунча одам келишини тасаввур қилмагандим. Учинчи қўшиқдан сўнг аста-секин ўзимга кела бошладим. Концерт жуда чиройли, асосийси кўнгилдагидек ўтди. Бунда матбуотнинг ҳам ҳиссаси катта бўлди. Шу жумладан "7х7” менга жуда катта ёрдам берди, қўллаб-қувватлади. Фурсатдан фойдаланиб газета ходимларига чин юракдан раҳмат дейман!” Июн: "Майли, майли” – иккинчи бора уйланиш! - Июн ойи бошида Жиззах вилоятига гастрол уюштирдик. Машҳур жиззах сомсасидан қорнимиз тўйгунича еб эрталабгача ухлолмай чиққаним ҳеч эсимдан чиқмайди. Бундай кучли овқатга ўрганмаган эканман. Ой ўрталарида "Битирувчи 2009” гала-концертида "Севар ёрим” қўшиғим билан қатнашдим. Бу ойда шунингдек, "Майли, майли” қўшиғига клип суратга олдик. Нилуфар билан ёнма-ён турган саҳнамиз нақ қирқ тўққизта дублда суратга олинди. Нилуфар билан бир-биримизга қараб тураверганимиздан охири бир-биримизни кўрсак, кўнглимиз кетадиган бўлиб қолди. Лекин Нилуфар билан ишлаш мароқли эди. У шунчаки эмас, жон-жаҳди билан ишлади, масъулиятни ҳис қилди. Айниқса ёмғир остидаги саҳнани ижро этиш жуда қийин кечди. Ярим кечаси совуқда муздек сув остида туриш кимга ҳам ёқарди?… Нилуфар охири чидай олмай осмонга қараб овози борича бақирди. Бизни томоша қилиб турганларнинг ҳаммаси баравар қарсак чалиб юборишди...” Айнан мана шу клипдан сўнг Отабек Муталхўжаевни яна бир бор "уйлантиришди”! Бу сафар Нилуфар Усмоновага! "Нилуфар жуда яхши ижодкор, содиқ дўст. У билан бундан кейин ҳам Худо хоҳласа ҳамкорликда гўзал қўшиқлар яратамиз” дейди хонанда. Йўқотишлар… "Ҳамкасбим, дўстим Мўмин Ориповнинг бевақт ўлими нафақат мен, балки ўзбек санъати учун катта йўқотиш бўлди, деб ўйлайман. Илоҳим дўстимизнинг жойи жаннатдан бўлсин!” Июл: танқидлар остида… Июл ойида "Майли, майли” клипи туфайли Отабек ва Нилуфар танқидлар остида қолиб кетишди. "Клип суратга олаётганда соф муҳаббатни кўрсатиб бермоқчи эдик, холос. Лекин... Танқиддан ўзимни йўқотиб қўймадим. Иш бор жойда хато-камчиликлар бўлади...” Бу ойда хонанда "Меҳр нури” жамғармаси томонидан Наманганда уюштирилган хайрия концертида иштирок этди, меҳрибонлик уйларига бориб, у ердаги қалби кемтик болажонлар учун қўшиқ куйлади. "Аслида бу ойда Туркияга бориб дам олишни мўлжаллаган эдик. Аммо ишлар шу қадар кўпайиб кетди-ки, ҳатто бош қашлашга ҳам вақт бўлмади”. Айтганча, 18-июл хонанданинг таваллуд айёми. Шу куни Отабекни мухлислари совғаларга кўмиб ташлашди. Қўқонлик Баҳром исмли йигит хонандага оғирлиги юз кило келадиган мармардан ишланган от совға қилди. "Аслида совғанинг катта-кичиги бўлмайди. Муҳими – эътибор” дейди Отабек. Июл ойи нафақат совға олиш, балки йўқотишлар ойи ҳам бўлди. Отабек тилла соатини йўқотиб қўйди. "Тўй бошланиши арафасида кимгадир қўлимдаги соатни ечиб берганим ёдимда, аммо кейин кимгалигини эслай олмадим. Олган одам қайтармади. Афсусландим, негаки халол меҳнат орқали топган пулимга харид қилгандим уни. Майли, яхшиликка…” Август: Тўйлар мавсуми. Август тўйлар мавсуми бўлганлиги туфайли, ой давомида хонанда халқ хизматида бўлиб, ижод қилишга улгура олмади. Сентябр: Кўзлари мунчоқ қизни излаб… "Сентябр ойи байрамлар билан бошланди. Мустақиллигимизнинг ўн саккиз йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирларда иштирок этдим. Болалар ва қариялар уйларида хайрия концертларини тақдим этдик. Бундан ташқари ой бошидан "Кўзлари мунчоқ” қўшиғимга клип суратга олишга киришдик. Бу клип ушбу йил давомида суратга олинган бешинчи клипимиз бўлди. Тан олиш жоиз кўзлари мунчоқ қизни топиш анча мушкул бўлди. Лекин топдик... Клип сентябр ойидаёқ TVM каналида намойиш этила бошлади. Октябр: Қадимий Бухоро сари Октябр ойида хонанда ижодий гастрол билан қадимий Бухорога сафар уюштирди. "Бухорога кириб келганимизда концерт вақти яқинлашиб қолган эди. Ўзимизга қараб, сочларимизни тартибга келтириш учун дуч келган биринчи салонга кирдик. У ердаги сартарош қизлар аввалига эътибор беришмаган экан, кейин таниб қолиб, ўраб олишди. Ҳалиги қизлар тожик қизлар экан, нималардир деб роса гапиришди. Лекин хурсанд бўлиб кетганликлари юз-кўзларидан аён эди. Уларга плакатларимиздан совға қилдик. Концерт бўлаётганини эшитгач, қизлар салонни шартта қулфлашди-ю, биз билан концертга кетишди”. Ноябр: Чет элдан таклифлар… Ноябр ойида "Лола” фильми сериал тарзида ойнаи-жаҳонларда намойиш этилди. МТV&А мукофотининг номзодлари эълон қилинди. Номзодлар орасида менинг ҳам номим тилга олинганлигини эшитиб, бошим кўкка етди. "Ниҳол” мукофоти тақдимотидан олдин қандай ҳаяжонланган бўлсам, бу сафар ҳам шундай ҳаяжондаман. Бундан ташқари чет давлатлардан таклифлар тушди: Хитой, Америка Қўшма Штатлари, Бишкек, Қозоғистон, Тожикистон, Украина, Россия... Иншооллоҳ, янги йилда бу ижодий сафарларни албатта амалга оширамиз”. Декабр: МТV&А мукофотини қўлга киритиш орзуим Декабр ойи бошида хонанда "Азобингда қолдим” номли янги қўшиғига клип суратга олишни бошлади. Тарона учун суратга олинаётган клипда Отабек Муталхўжаев билан биргаликда соҳибжамол модел қиз рол ижро этиши кутилмоқда. Клип тез кунларда мухлислар эътиборига ҳавола қилинади. Хонанда айни пайтда МТV&А ва Янги йилда бўлиб ўтадиган концертлар учун тайёргарлик кўрмоқда. Шунингдек, 9-12-декабрларда Сурхондарё, 15-17-декабр саналарида эса Андижон вилоятида гастрол сафарларида бўлишни режалаштириб қўйган. Хонанданинг концерт дастурига боролмай қолган мухлислари учун ажойиб янгилик: ТVМ каналида 15-20 декабр саналарида Отабекнинг 25-майда бўлиб ўтган концерт дастури намойиш этилади. Сўнгги сўз… - Охирлаб бораётган 2009-йилдан мингдан-минг розиман! Аллоҳ насиб этса келаётган 2010-йилда янада кўпроқ меҳнат қилишга, мухлисларга манзур бўладиган қўшиқлар яратишга ҳаракат қиламан. Хонандани кўкларга кўтарадиган, керак бўлса ерга олиб тушиб қўядиган ҳам мухлислар. Илоҳим бахтимга ана шу мухлисларим соғ бўлишсин! Дарвоқе, Отабекнинг шу кунлардаги энг катта орзуси "Энг яхши хонанда” номинацияси бўйича МТV&А мукофотини қўлга киритиш. "Мен мухлисларимга, уларнинг қўллаб-қувватлашларига ишонаман” деб умид билдиради хонанда. Севимли хонандангиз учун овоз беришга шошилинг! Унутманг, айнан Сизнинг овозингиз ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкин! Шаҳризода, Лобар.MANBA.7X7
|