Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Миржалол Қосимов ғалабага қарамасдан шогирдларининг ўйинидан 100 фоизга қониқмаганлиги кўриниб турганди.
— Кўрганингиздек, ўйин бошида футболчиларимиз тезкор гол уриб олишга интилишди ва гол киравермаганидан кейин шошила бошлашди. Кеча айтиб ўтганимдек, Малайзия ўйиндан олдин таслим бўлмаслиги аниқ эди. Ҳозир ҳамма жойда футбол ўйнашни билишади. Бугунги ўйинда бизга тезкор гол керак эди. Афсуски, тез гол ура олмадик. Шундай бўлса-да, бугунги ўйинда голли вазиятлар жуда кўп бўлди. Ҳамма имкониятлардан фойдалана олмадик.
— Анвар Солиевнинг ўйинига қандай баҳо берасиз? — Тўғри, бугун у бир неча марта 100 фоизли вазиятлардан фойдалана олмади. Умуман олганда, у ёмон ўйнамади. Гол ура олмагани эса бошқа масала.
— Ёшларнинг ўйини ҳақида фикрингиз. — Мурод Холмуҳаммедов ўйинга яхши киришиб кета олди. Яхши ўйнади. Пиримовда эса ҳаяжон сезилди. Зоҳир машғулотда яхши ишлаганига қарамай, расмий ўйинда барибир ҳаяжонини боса олмади. Унга вақт керак.
— Малайзиядан мана шундай ўйин кутганмидингиз? — Малайзиянинг бир нечта ўйинини кўриб чиқдик, футболчиларга ҳам кўрсатдик. Ўйиндан олдин уларнинг ҳимояда ўйнаши, имкон бўлиши билан қарши ҳужумга ўтиши аниқ эди. Буни уларнинг мураббийи ҳам яшираётгани йўқ. Агар ўйин бошида Ибрагимов, Солиев ва Аҳмедовлардан бири гол ура олганида, ҳисоб ҳам бошқача бўларди.
— Малайзиядаги ўйин бугунгисига нисбатан осонроқ бўлади, деб ўйлайсизми? Ҳар ҳолда малайзияликлар ўз уйларида ҳимояга ётиб олмасдан, очилишга ҳам мажбур бўлишади. — Йўқ. У ерда ҳам қийин ўйин кутмоқда. Малайзия каби жамоалар майдонда анча қитмирона ўйнашади ва ҳар вазият учун ўзини ҳам, рақибни ҳам аямасдан курашишади.
— Ўйиндан олдин Гейнрихни майдонга туширишни режалаштирганмидингиз?
— Ўйиндан олдинги машғулот жараёнларида Гейнрихнинг иситмаси чиққанди. Шунинг учун у билан гаплашиб, уни бугунги ўйинда туширмоқчи эмасдим. Ҳаммаси жойида бўлса, майдонга Баҳодир Насимовни туширишни режалаштиргандим. Лекин вазият Гейнрихни туширишни тақозо қилди.
Ўзбекистон 3:1 Малайзия
Голлар: С.Жепаров 48', А.Гейнрих 57', 65', С.Раҳим 67' мин
|