Шу кунларда Тошкентда ўқув-машғулот йиғинини ўтказаётган “Насаф” футболчилари 31 август куни пойтахт темирйўлчиларига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушдилар.
Тошкент вилоятининг “Дўстлик” стадионида ўтказилган мазкур ўйинда Виктор Кумиков қуйидаги таркибни майдонга туширди:
Микола Павленко, Жаҳонгир Жиямуродов, Ҳамза Каримов, Николай Минчев, Мақсуд Каримов, Ботир Қораев, Жасур Бобоев, Лутфулло Тўраев, Рустам Қодиров, Баҳодир Пардаев, Сергей Крот.
Иккинчи бўлимда Анатолий Маткевич, Баҳодир Муртазоев, Ойбек Полвонов, Самандар Шодмонов, Юлиан Бурсук, Обид Маматовлар заҳирадан майдонга чиқарилди.
Гарчи, учрашув ўртоқлик ўйини мақомида бўлса-да, ҳужумкор ва шиддатли кечди. Ҳар иккала жамоа аъзоларида ҳам кўплаб голга тортадиган вазиятлар юзага келди. Аммо сўнгги паллада дарвозаларни аниқ нишонга олиш борасида уларга омад ва совуққонлик етишмади. Ўйин дуранг натижа билан якунлаши тахмин қилинаётган охирги дақиқаларда “Локомотив” жамоаси ҳимоячилари “аждарлар” вакили Анатолий Маткевични ўз жарима майдончалари ичида йиқитишди. Ҳакам томонидан белгиланган пенальтини “жабрланувчи”нинг ўзи дарвоза тўрига жойлаб қўйди — 1:0.
Дарвозабон Михаил Наумов, ҳимоячилар Артём Филипосян, Шерзод Аъзамов, ҳужумчи Кенжа Тўраевлар миллий ва ёшлар терма жамоалари ўқув-машғулот йиғинларига жалб этилганликлари боис, бош мураббий Виктор Кумиков темирйўлчиларга қарши ўтган ўртоқлик баҳсида уларнинг хизматидан фойдалана олмади.
Эслатиб ўтамиз, “Насаф” жамоаси аъзолари бугун, 1 сентябрь куни пойтахт вилоятининг “Билдирсой” оромгоҳига йўл олишди. Режага мувофиқ, “аждарлар” навбатдаги ўртоқлик учрашувини 6 сентябрь куни ўтказишни мўлжаллашган. Уларнинг навбатдаги рақиби қайси жамоа бўлиши кейинроқ маълум бўлади.
|