Ойбек ва Нигора дуэти "Akfa Media” продюсерлик марказидан чиқиб, мустақил ижод қилаётганига ҳам ярим йилча бўлди. Компания таркибида ишлаган ёшлар учун мустақил ишлаш қийинчилик туғдиришини, ҳатто муваффақиятсизликка учрашини башорат қилганлар кўп эди. Бироқ Ойбек ва Нигора аввалгига нисбатан самарали ва омадли ижод қиляпти.
— Аввало расмий сайтингиз очилгани билан табриклайман. Аммо сайтда камчиликлар ҳали анчага ўхшайди... Ойбек: — Ҳали сайтимиз тўлиқ иш фаолиятини бошлагани йўқ. Битирувчилар кунига очилишига ваъда бергандик. Шунинг учун тўлиқ битмаган шаклида интернетга қўйишга мажбур бўлдик. Ҳозирча камчиликлар мавжуд. Яқин кунларда барча камчиликларни бартараф қилган ҳолда, сифатли ва мазмунли сайтни ўзбекистонлик ва хориждаги мухлисларимизга тақдим этамиз. — "Akfa Media” билан боғлиқ саволлардан чарчаган бўлсангиз ҳам, ҳамкорлигингиз ҳақидаги миш-мишларга ойдинлик киритишингизни сўрайман. Бугунги кунда улар билан муносабатингиз қандай? Ойбек: — Муносабатимиз яхши. Ўртамизда ҳеч қандай тортишув, келишмовчиликлар йўқ Нигора: — "Akfa Media” продюсерлик маркази билан муносабатимиз яхши. Мана, яқинда собиқ продюсеримиз, "Akfa Media” маркази директори Абдураҳмон ака Позилжонов ва марказ қошида фаолият олиб бораётган ижодкорлар билан Андижон шаҳрида бўлиб ўтган "Универсиада-2010” спорт ўйинларининг очилиш маросимида бирга қатнашиб қайтдик. Андижонда улар билан битта меҳмонхонада турдик. — Мустақил ишлаш қийин бўлмаяптими? Кимлар билан ҳамкорлик қиляпсизлар? Нигора: — Албатта, ўзига яраша қийинчиликлар бор. Ҳозир "Tarona Rekords” компанияси ва продюсеримиз Алишер ака Мажидхўжаев билан ҳамкорликда ижод қиляпмиз. Ойбек: — "Акфа Медиа”да орттирган тажрибамиз мустақил ишлашимизда жуда қўл келяпти. — Ойбек ва Нигора дуэти илгари "Akfa Media” продюсерлик марказида продюсер Абдураҳмон Позилжонов билан ҳамкорликда тўрт йил ижод қилди. Бугун эса Алишер Муродхўжаев билан ишлаяпсизлар. Абдураҳмон Позилжонов билан Алишер Мажидхўжаевларнинг бир-бирига муносабати қандай? Ойбек: — Бу саволга лўнда ва аниқ жавоб бера оламан. Абдураҳмон ака билан Алишер аканинг ўзаро муносабатлари яхши, ҳатто устоз ва шогирдларга ҳам ўхшатиш мумкин. Алишер ака Абдураҳмон акани устоз деб атайдилар. — "Akfa Media” таркибидан чиқиб кетишингиз билан Нигора ва Мустафо ҳақидаги гап-сўзлар тарқалди. Уяли телефонлардаги видеороликлар... Бу шунчаки пиармиди? Нигора: — Буни пиар деса ҳам, қайсидир маънода омадли хато деса ҳам бўлади. Негаки, бу видеороликни бизнинг ўзимиз атайин чиқармаганмиз. Баъзи одамларнинг эътиборсизлиги туфайли тарқалиб кетди. Биз бу ролик шунча шов-шувга сабаб бўлади деб ўйламагандик. Тадбир ёки кинопремьераларга борганимизда,” Ойбек ва Нигора дуэти тарқалмадими?”, "Нигора Мустафо билан ижод қиляптими?” қабилидаги савол берадиганлар кўпайди. Бу билан бизга қизиқадиганлар кўпайгани рост. Аммо, юқорида айтганимдек, бу бизга бир томондан фойда берди, иккинчи томондан, ёқмади. Биз ҳар хил шов-шувли видеороликларни тарқатиб, машҳурликка эришишни истамаймиз. — Ойбек, сиз буни қандай қабул қилдингиз? Ойбек: — Нигора билан Мустафонинг бирга қўшиқ куйлашига муносабатим ижобий. Лекин ҳамма нарсанинг меъёрида бўлгани яхши деб ўйлайман. — Яратаётган қўшиқларингиздан кўнглингиз тўляптими? Нигора: — Шу кунгача яратган қўшиқларимиздан кўнглимиз тўлган. Ойбек: — Кўнглимиз тўлмаган қўшиқни мухлислар эътиборига ҳавола қилмаймиз. Кўнглимиз тўлгани учун ҳам тақдим этганмиз. Баҳо бериш эса мухлислар ҳукмига ҳавола. — Сизлар билан бирга ижод қилган Зиёда билан бугун алоқангиз кечагидекми? Нигора: Алоқамиз ёмонлашмаган, лекин аввалгидан камайган. Чунки илгари бир жойда ижод қилардик. Ҳозир эса алоҳида-алоҳидамиз. Шунинг учун Зиёда билан кам кўришяпмиз. — Қизиқчиларнинг сизлар ҳақингиздаги ҳазилларини қандай қабул қилдингиз? Нигора: — Аслида, мени эмас, кўпроқ Ойбекни ҳазилга нишон қилишди. Ойбек: — Мени кулгига олишмади, шунчаки пародия сифатида бироз бўрттирилган ҳолда кўрсатишди. Ўша саҳнада мен "Истиқлол” санъат саройи залида ўтиргандим. Залдагиларнинг деярли ҳаммаси менга қаради. Ўша пайтда кулишимни ҳам, йиғлашимни ҳам билмай қолдим. Лекин бунинг учун қизиқчилардан хафа эмасман. — Ойбек ва Нигора дуэти бир кун келиб тарқаладиган бўлса... Нигора: — Агар бўлажак турмуш ўртоғим ижодимни давом эттиришга рухсат берса, албатта, Ойбек ва Нигора дуэти тарқалмайди. Ойбек: — Умид қиламизки, Ойбек ва Нигора дуэти тарқалмайди. Мабодо шундай бўлиб қолса, ҳақиқатни тан олишга мажбурмиз. — Санъат институтида ўқияпсизлар, лекин ижод билан бўлиб, дарсларга мунтазам қатнашга улгурмаётгандирсиз? Нигора: — Тўғри, ижод билан бўлиб, дарсларга мунтазам қатнашолмаяпмиз. Бундан жуда афсусдамиз. Лекин мутахассислик фанларига қатнашишга ҳаракат қиляпмиз. — Электрон почтангизга келган хатларга жавоб ёзасизми? Нигора: — Электрон манзилимга келган ҳеч бир хатни беэътибор қолдирмайман. Имкон қадар, ҳаммасига жавоб беришга ҳаракат қиламан. Ойбек: Ҳамма хатларга жавоб ёзаман. — Яқинда Нигорани келинлик, Ойбекни эса куёвлик либосидаги суратларини кўрдик. Бунга қандай изоҳ берасизлар? Наҳотки сизлар турмуш қурган бўлсангиз? Ойбек: — Йўқ, келин-куёвлик либосидаги суратларимиз бу салоннинг таклифи эди. — Шундай ниятингиз йўқми? Ойбек: — Ҳозирча йўқ. — Ижодий янгиликлар? Нигора: — Ўтган ҳафтада "Божалар” гуруҳининг навбатдаги концертида иштирок этдик. У ерда шўх оҳангдаги "Тўхтама” деб номланган янги қўшиғимизни илк бор ижро қилдик. Қўшиқнинг сўзини Ойбек ёзган, мусиқасини эса Ботир Алиев басталаган. Энди бу қўшиққа клип олишни режалаштиряпмиз. Ойбек: — Шу билан бирга иккинчи мусиқий альбомимиз устида ишлаяпмиз. Альбом "Tarona Rekords” студияси томонидан чиқарилади. "Ман қурғурни” деб номланадиган янги альбомимиздан 15 дан ортиқ тароналар ўрин олиши керак. Комила НОСИРОВА суҳбатлашди.
Ойбек ҳақида Туғилган вақти: 1987 йил 8 октябрь Туғилган жойи: Тошкент шаҳри Лақаби: Бебек Вазни: 70 кг Бўйи: 172 см Севимли актёри: Жим Керри Севимли таоми: палов Севимли спорт тури: футбол Севимли ичимлиги: айрон Севимли таронаси: Шаҳноз ижросидаги "Юраклар” қўшиғи Нигора ҳақида Туғилган вақти: 1988 12 сентябрь Туғилган жойи: Тошкент шаҳри Лақаби: мактабда Кнопка Вазни: 47 кг Бўйи: 155 см Севимли актёр ва актрисаси: Мурод Ражабов, Раъно Ярашева, Силвестер Сталлоне, Анжелина Жоли Севимли таоми: норин Севимли ичимлиги: ананасли шарбат
|