Январь ойи ўз поёнига етар экан, МДҲ давлатлари футбол ишқибозлари Осиё кубоги, шунингдек, Россия, Украина ва Болтиқбўйи давлатлари жамоалари иштирок этган турли тижорий мусобақаларни ёдга олишади. Албатта, тижорат турнирлари ўз йўлига. Осиё футболи кун сайин ривожланиб боряпти ва ушбу турнирда иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси ва унинг футболчиларига нафақат сариқ қитъа, балки Европа, хусусан Россияда ҳам эътибор катта бўлди. Жепаров, Аҳмедов, Нестеров, Гейнрих каби футболчиларнинг голлари, зарбалари, чиройли финтлари, сейвлари кўплаб яқин хориж ва Европа футбол скаутлари, мутахассислари ва журналистлари томонидан эътирофга сазовор бўлди. Шу кунгача Италиянинг Goal.com интернет нашри, жаҳон футболининг бош ташкилоти сайти fifa.com, Осиё конфедерацияси сайти the-afc.com ва бошқа турфа нашрлар ўзбек футболчиларини турли рамзий терма жамоаларга киритишди, сўровларда номзод қилиб кўрсатишди ва ҳ.к. Россиянинг машҳур Спорт-Экспресс нашри ҳам қатордан қолмади. Хабарингиз бор, ушбу нашр ҳар ой якунлари бўйича бир неча футболчиларни танлаб олади ва МДҲ ва Болтиқбўйи давлатларининг спорт нашрлари этиборига ҳавола қилади. 15 та ОАВнинг ҳар бир эса 5 нафардан футболчига овоз беради. Табиийки, биринчи ўриндаги футболчига 5 балл берилса, бешинчи ўриндаги футболчи 1 баллга эга бўлади. Улар орасида эса "Спорт-экспресс” сайти ҳам бор. Шу тариқа, 16 та овоз тўпланади ва "Звезда”нинг янвраь ойи ғолиби аниқланади. Демак, "экспресс”чилар январь ойи учун қуйидаги футболчиларни танлаб олишди ҳамда сайт орқали мухлислар ва МДҲнинг 15 та ОАВ эътиборига ҳавола қилишди: Одил Аҳмедов, Динияр Билялитдинов, Гиртс Карлсонс, Георгий Ломая, Павел Погребняк, Анатолий Тимошук. Кеча сайтдаги сўровнома олиб қўйилди, яъни, сўровнома якунланди. МДҲ ва Болтиқбўйи давлатлари футболчилари орасида январь ойида ким ёрқинроқ ўйин намойиш қилди, деб номланган сўровномада ватандошимиз бошқа номзодлардан кўра кўпроқ овоз тўплагани барчамиз учун ёқимли. Респондентларнинг деярли ярми ўзбек футболчиси учун овоз беришган. Одил ўзининг энг яқин таъқибчиси, Бундеслиганинг "Штутгарт” клуби тўпурари Павел Погребнякни деярли икки бараварга ортда қолдирди. Яъни, Одил Аҳмедов январь ойи "Звезда”сида ҳозирданоқ 5 очкога эга бўлиб турибди. Унга мамлакатимиз футболнашри ҳам биринчи ўринда овоз бериши аниқ. Унинг ўйинларини кузатган бошқа юрт вакиллари ҳам юқори ўринларда овоз берадиган бўлсалар, ҳамюртимиз январь ойи "Звезда”сига айланиши ҳеч гап эмас. Кутамиз. Шу кунларда якуний натижа эълон қилиб қолиниши керак! "Анжи” клубининг янги аъзосига янги клуби ва мазкур танловда омад тилаймиз! Эслатиб ўтамиз, шу кунга қадар ўзбекистонлик футболчилардан Миржалол Қосимов ва Максим Шацкихлар бир мартадан "Звезда” бўйича ойнинг энг яхши футболчиси деб топилган бўлсалар, Сервер Жепаров 2-ўринни эгаллаганди. "Спорт-экспресс” сайтида ўтказилган сўровноманинг якуний кўриниши: Кто из игроков стран СНГ и Балтии ярче всех, по вашему мнению, проявил себя в январе? Одил АҲМЕДОВ 40.6% (8141) Динияр БИЛЯЛЕТДИНОВ 13.3% (2658) Гиртс КАРЛСОНС 3.8% (757) Георгий ЛОМАЯ 2.0% (392) Павел ПОГРЕБНЯК 23.9% (4785) Анатолий ТИМОЩУК 16.6% (3324)
|