Бўз йигитлар бахши бўлади,
Ошиқларнинг нақши бўлади.
Ҳаётимда билдимки шуни:
Оддий қизлар яхши бўлади!
Ҳаёлари йўлни тўсаркан,
Обрўлари обдон ўсаркан,
Гап отсангиз юзи қизарган
Оддий қизлар яхши бўлади!
Ҳузурига не бор, олиб кел,
Сарпо айлаб барин солиб кел!
Кўзлари мунг, юзлари сепкил
Оддий қизлар яхши бўлади!
Ориятнинг боғида юрган
Совчига чой кулиб келтирган,
Онасининг гапига кирган
Оддий қизлар яхши бўлади!
Сой бўйида хаёл сурса ҳам,
Йиғласа ҳам, кулиб турса ҳам,
Узун кўйлак кийиб юрса ҳам
Оддий қизлар яхши бўлади!
Ичларида сақлаган рашкин,
Кўз ёшлари дарёдан тошқин...
Рўмолига яширган ишқин
Оддий қизлар яхши бўлади!
Билинг, дўстлар азалдан азал
Арзир алар шаънига ғазал!
Изласангиз вафодор гўзал
Оддий қизлар яхши бўлади!
Ўтмишлардан изласак имо,
Момолардан келмиш бир сабо:
«Таннозхонлар келтирар бало,
Оддий қизлар яхши бўлади!»
|