Жуда қадим замонларда ҳозир биз яшаб турган ер юзида ҳеч ким яшамас эди. Аллоҳ таоло Мени таниб ибодат қилсинлар ва ер юзида иморат қуриб, экинлар эксинлар, деб инсонларни яратмоқчи бўлди.
Аллоҳ малакларга: - Ерда Ўзимга бир халифа яратаман, - деди. Малаклар: - Ё Раббий, у ерда бузғунчилик қилиб, қон тўкадиган кишиларни яратасанми? Биз сенинг шонингни улуғлаб, ибодат қилаяпмиз-ку, - дейишди. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилди: - Мен сиз билмаган нарсаларни биламан. Малаклар жим бўлиб қолишди ва бир бирларига қараб:
- Шубҳасиз, Роббимиз ҳар нарсани билгувчидир ва фойдасиз ҳеч бир нарсани яратмайди, - дейишди. Кейин Аллоҳ уларга:
- Эй малакларим! Мен у инсонни тўпроқдан яратиб, шакл бериб, руҳимдан уфлаб жон киритганимда ҳаммангиз унга сажда қиласиз, - деди. Малаклар бирдан: - Эй буюк Роббимиз, амрингга буйсуниб, Сенга итоат қиламиз, - дейишди. Аллоҳнинг бу амри фақат шайтонга маъқул бўлмади. Шайтон ўзига бино қўйган, Аллоҳ бандалари ичида ўзини ҳаммадан устун деб билар эди. Ниҳоят, Аллоҳ Одам Атони яратиб, унга ўз руҳини уфлади ва жон ато этди. Малаклар шу заҳоти Одам Атога сажда қилишди. Шайтон эса ғурурланиб, исён этди. Одамга сажда қилишдан бош тортди ва Аллоҳнинг буйруғига қарши чиқди. Аллоҳ исиёнкор Шайтондан сўради: - Нега амримга бўйсунмадинг? Сени сажда қилишдан нима қайтарди? Шайтон: - Мени оловдан, уни бўлса лойдан яратдинг. Мен ундан устунроқман, - деб жавоб берди. Бу иши учун Аллоҳ ғазаб қилиб, Шайтонни жаннатдан қувиб: - Туш, жаннатдан, йўқол! Сен энди лаънатга дучор бўлдинг, - деди. Аллоҳ таолонинг ғазабига учраб жаннатдан қувилган Шайтон нима қилишини билмай қолган эди. Кейин шундай деди: - Эй Раббим! Мени Одам Ато туфайли жаннатдан маҳрум этдинг. Энди мен ҳам уни ва унинг зурриёдларини тўғри йўлдан адаштириб, уларга ёмонлик қиламан. Уларни ахлоқсизлик ва тарбиясизликка ўргатаман. Аллоҳ таоло деди: - Эй жаннатимдан қувилиб, раҳматимдан узоқлаштирилган Шайтон. Мен тўпроқдан яратганим Одам Ато ва зурриёдларига ақл бердим. Улар ақллари билан яхшини ёмондан ажратиб, сенга қўлоқ солмайдилар. Улар ичида сенга эргашганлар эса, қилмишларидан ўзлари жавобгардирлар, уларни жазолаб дўзахга ташлайман. Аммо шуни билгинки, ақлли ва яхши бандаларимни тўғри йўлдан асло адаштира олмайсан. Сенга қиёмат кунигача муҳлат бераман. Ҳар нарсани яхши билган Аллоҳ Одам Атонинг малаклардан кўра билимли эканини ва инсон Аллоҳ наздида устун бир мавжудот эканлигини кўрсатишни ихтиёр қилди. Уларни олдига турли ҳайвон ва қушларни чақириб: - Эй малакларим! Қани шу кўрган нарсаларингизнинг отларини Менга айтинглар, - деди. Малаклар: - Эй Роббимиз! Сен ҳар нарсани яхшироқ билгувчисан. Биз сен ўргатганлардан бошқа нарсани билмаймиз, - дейишди. Шу пайт Аллоҳ таоло Одам Атога қараб: - Эй Одам! Буларни отларини малакларга айтиб бер, - деди. Одам Ато ҳайвон ва қушларнинг номини бирма бир санаб ўтгач, Аллоҳ таоло шундай деди: - Эй малакларим, кўрдингизми? Мен сизга осмонларда ва ва ерда яширин ва очиқ бўлса биламан, сиз ошкор қилган ва яширган нарсаларни ҳам биламан, демаганмидим?! - Кейин Аллоҳ таоло Одамни жаннатга киргизди. Одам Ато у ерда бир ўзи яшар, жаннат меваларидан танаввул қилиб, сувларидан ичар эди. Лекин суҳбат қуриш учун ўз жинсидан бирор кишини топа олмас эди. Буни яхши билган Аллоҳ таоло унга раҳм қилиб, бирга яшасин, деганм ақсадда ўз жинсидан бирамроҳ яратишни ихтиёр этди.
Бир куни Одам Ато ухлаб, кейин ўйқудан ўйғонди. Кўзини очиб ёнида аввал ҳеч ҳам учратгана бир хотин ўтирганини кўрди. Ҳайрон бўлиб сўради: - Сен кимсан? Исминг нима? Хотин жавоб берди: -Мен бир хотинман. Лекин исмимни билмайман. Одам Ато унга севинч ва ҳайрат билан қараб чиқди. Хотин жонли эканини ва ҳаракат қилаётганини кўриб ҳаяжондан ҳайқириб: - Сен Ҳавосан, - деди. Шу пайт малаклар келиб Одамнинг билимини синаш учун ундан ҳамроҳининг кимлигини сўрашди: - Эй Одам, айтчи унинг исми нима? - Унинг оти Ҳаво, - деб жавоб берди Одам Ато. Энди Одам Ато ва Момо Ҳаво жаннатда биргаликда ҳузур ҳаловат ичида яшай бошлашди. Истаган ноз-неъматлари муҳайё эди, қўрқув ва ташвиш нималигини билишмасди. Бир сафар Аллоҳ таоло Одамга шундай деди: - Эй Одам! Ҳамроҳинг билан жаннатда омонлик ва саломатликда яшанглар. Истаганингизни еб ичинг, аммо мана бу дарахтга яқинлашманглар, акс ҳолда золимлардан бўлиб қоласизлар. Аллоҳ уларга барча дарахтлардаги мевалардан танаввул қилишга рухсат бериб, фақат бир дарахтга яқинлашишни маън этган эди. Аллоҳ таоло инсонни нафсига ҳоким бўлиши ва иродасини мустаҳкамлаши учун шундай қилган эди. Одам Ато ва Мома Ҳаво Улуғ Аллоҳнинг амрига итоат қилиб, жаннатда бахтиёр яшай бошладилар. Аллоҳ таоло уларни Шайтон ҳийласига учмаслик ва алданиб қолмасликлари учун огоҳлантирди: - Эй Одам! Дарҳақиқат, Шайтон сенинг ва ҳамроҳингнинг душманидир. Эҳтиёт бўлинг, у сизларни жаннатдан чиқармасин, акс ҳолда бадбахтлардан бўлиб қоласиз. Одам Ато ва Момо Ҳаво жаннатда ҳузур ҳаловатда яшаб турганини кўрган Шайтон ҳар хил ҳийлалар ўйлаб топиб, уларни тўғри йўлдан адаштирмоқчи бўларди. Бир пайт уларнинг ёнига суқулиб, шивирлаб деди: - Эй Одам, сенга мангулик дарахтини ва абадий давом этувчи салтанатни кўрсатайми? Одам Ато Шайтонга қараб: - Нима экан у? Қани кўрсат, - деди. Шайтон унга бармоғи билан Аллоҳ таъқиқлаган дарахтни кўрсатди. Одам Ато унга ишонмади ва ёнидан ҳайдаб юборди. Аммо Шайтон яна бошқа томондан уларга яқинлашиб шивирларди: - Роббингиз бу дарахтни нима учун таъқиқлаганини биласизми? Агар унинг мевасидан есангиз малак бўласиз, ва жаннатда абадий қоласиз. Аллоҳ сизнинг бу ерда қолмаслигингиз учун уни таъқиқлади. Қани, еб кўринглар у мевадан. Одам Ато Шайтонга қулоқ осмай, ундан узоқлашди. Шайтон эса яна орқасидан келиб, Аллоҳ номи билан қасам ичиб шундай деди: - Менга ишонинг, дарҳақиқат, мен сизга гўзал бир насиҳат бераяпман. Одам Ато ва Момо Ҳаво Иблиснинг Аллоҳга қасам келтирганини кўриб, ўзларича ўйлай бошлашди: - Биров ёлғон гап учун Аллоҳга қасам келтирмайди. Эҳтимол тўғри айтаётгандир. Кейин бориб Аллоҳ таъқиқлаб қўйган дарахтнинг мевасидан ея бошлашди. Мева ичларига тушиши билан бирданига ялонғоч бўлиб қолишди. Бир-бирларидан уялиб кетиб, дарахт барглари билан баданларини беркита бошлашди. Улар нима қилишни билмай қолган эдилар. Аллоҳдан ийзо чекиб, уятли бўлиб, узоқларга қочдилар. Чунки Аллоҳ таоло уларни кўриб туррар, таъқиқланган мевадан еб, исёнга келганликларини яхши билар эди. Одамнинг қочиб кетаётганини кўрган Аллоҳ таоло уларга қарата: - Эй Одам! Мендан қочаяпсанми? – деди. Одам Ато: - Йўқ, эй Роббий. Сендан асло қоча олмайман. Аммо қилмишим учун сендан уялмоқдаман, - деб жавоб берди. Аллоҳ марҳамат қилиб деди: - Мен сизга у дарахтни таъқиқлаб қўймаганмидим? Шайтон сизга очиқ душман эканлигини айтмаганмидим? Нега амримга қарши келдингиз? Одам Ато ва Момо Ҳаво: - Ё Раббий, бизни мағфират қил, гуноҳимизни кечир. Бизни афв эт, ё раббий, - дейишди. Улуғ Аллоҳ уларга марҳамат қилиб: - Мен сизга амр бердим, буюрдим, сиз эса, буйруғимга қарши қилдингиз, - деди. Одам Ато ва Момо Ҳаво яна ёлвориб: - Эй Раббимиз! Ўзимизга зулм қилдик, агар бизни афв этиб, гуноҳимиздан кечмасанг, шубҳасиз, катта зиёнга учраганлардан бўлиб қоламиз, - дейишди. Улуғ Аллоҳ таоло Одам Атога хитобан: - Сенга энг буюк неъматни, жаннатни бердим. Истаган ҳар нарсангни муҳайё қилдим. Бу эҳсонларим камлик қилдими, у дарахтга яқинлашдинг, - деди. Одам Ато: - Иззатингга қасамки, биров Сенинг пок номингни ўртага қўйиб ёлғон қасам келтиришини билмас эдим, - деди. Аллоҳ таоло йиғлаб турган Одам Атога: - Иззатингга қасамки, энди сен ер эзига тушасан, чарчоқ ва тер тўкиш эвазига кун кечирасан, - деди. Кейин эса Одам Ато, Момо Ҳаво ва лаънати Шайтонга хитоб қилиб деди: - Бир бирингизга душман бўлган ҳолда ерга тушинг. У ерда маълум муддатча қолиб, ҳаёт кечирасиз. Шайтонга алданиб Аллоҳ таолонинг ғазабига учраган Одам Ато қилмишига пушаймон бўлиб, йиғлай бошлади. - Ё Раббий, мени афв эт, ё Раббий, гуноҳимдан ўт, мени кечир, - дея ёлворди. Ниҳоят Аллоҳ таоло унга раҳмат кўрсатиб, тавбасини қабул қилди ва гуноҳини кечирди. Шубҳасиз, Аллоҳ таоло ўз хатосига пушаймон бўлиб, тавба қилганларни кечиради. Чунки У чексиз марҳамат эгасидир!
Мулоҳаза қолдира олиш учун сайтга киринг ёки рўйхатдан ўтинг
|