Барак Обаманинг аммаси, 57 ёшли Кениялик муҳожир аёл Зейтуни Онианго Бостон судига сиёсий бошпана сўраб мурожаат этди, дея хабар беради РИА "Новости”. Бу президент аммасининг АҚШ ҳукуматидан сиёсий бошпана сўраб, қилган иккинчи мурожаатидир. Аввал суд унинг мурожаатини рад этган ва депортация қилиш ҳукмини чиқарганди. Ониангонинг адвокати Маргарет Вонгнинг айтишича, президентнинг аммаси икки ярим соатдан ортиқ вақт мобайнида муҳожирлик ишлари судида кўрсатма берган. Икки нафар шифокор уни текшириб кўриб, тиббий натижалар беришган. Шу билан бирга Онианго Кениядаги "қабилалараро низолар” туфайли ўз ҳаётига хавф туғилганини ҳам таъкидлаган. Адвокат президент Обама аммасига сиёсий бошпана олиш учун ёрдам бермаётганини ҳам таъкидлаб ўтишни унутмаган.