Зебо Наврўзова, кинорежисёр:
"Ўғригина келин”да Кубаеванинг ижросига гап бўлиши мумкин эмас.
Улуғбек Қодировдан нимадир кутган эдим, афсус. Умуман олганда,
томашабинбоп филм бўлган.
"Фаришта” филми менга жуда ҳам ёқди. Саида
Раметованинг кинодаги ижросига фақатгина қойил қолдим. Алишер Узоқовни
ҳам янги қирраларини кўрдим. Севара Солиева ҳақида гапирсам авваллари у
семиз эди. Кинога таклиф қилганимда, дўмбоққина қиз келди. Мен унга
озиши кераклигини айтганман. Ҳозир анча озиб, чиройли бўлиб кетибди.
Актёрлик маҳорати ва пластикаси бир мунча ошган.
"Кичкина ҳўжайин” менга ёқмади. Жавлон Шодмоновга эса кино суратга олишда бироз шошилмаслигини маслаҳат бераман.
"Онаизор” филмининг сценарийсини Муҳаммад Али
ёзиб, акасига кўрсатган. Шохруххон менга бир куни "она Муҳаммад кино
учун сценарий ёзибди, бир кўринг-чи” деб қолди. Мен кенжатойимнинг
ижод маҳсули билан танишиб чиқиб, режиссёр сифатида мукаммаллаштирдим.
Кастинг жараёнида ҳам Шохруххон қизлар орасидан "Онаизор”даги
қаҳрамоним Асални кўриб қолиб, тавсия қилди. Муҳаммад Али ва Асал
бир-бирларига жуда мос жуфтлик бўлишини кўп бор айтди. Шундан кейин
Асал билан жиддий ишлашга киришдим. Биринчи навбатда ўзбек тилини
ўргатдим. Актёрлик маҳорати бўйича амалий билим бердим. У жуда
эҳтиросларга бой ва қобилиятли қиз. Шунингдек беғубор, айтишади-ку,
"она сути оғзидан кетмаган” деб. Баъзи бир машҳур актрисалар борку
худди жонсиз қўғирчоққа ўҳшайди. Асал улардан бир мунча устунлик
тарафлари бор. Қўлим жуда енгил деб биламан. Мени мактабимдан чиққанлар
ўз йўлини албатта топади. Мисол учун Шаҳзода Матчанова, Бекзод Тожиев,
Жалил Мавлонов кабиларни ўзим тарбия қилиб олиб чиқдим. Янги қиёфаларни
очавераман, машҳурлардан қочавераман. Мен ҳам фақат машҳурларга ёпишиб
олсам, истеъдодлар билан ким ишлайди? "Онаизор” премьерасидан сўнг ярим
тунгача табрикларнинг кети узилмади. Киночилар, журналистлар ва
томошабинлар келиб фақат илиқ фикрлар билдиришди. Ҳеч кимдан негатив
гап эшитмадим. Лекин камчиликлари борлигини ўзим ҳам биламан. Премьера
куни филмда рол ижро этган актёрларнинг саҳнага чиқмаслигини мен
қоралайман. Бу "ўзини олиш”дан бошқа нарса эмас. Сени кинода кўриш учун
қадам ранжида қилган томошабинга, саҳнага нисбатан хурматсизлик
қилишдир. Мисол учун Фарруҳ Комилов, Радиус 21... Саҳнада олдимда
турмагани учун ҳатто эсимдан ҳам чиқиб кетди. Фарруҳни ҳам эслатишгани
учунгина эълон қилдим, томошабинлар орасида ўтирган экан.
Шоира Рауфбоева, киношунос-журналист:
Янги кино мавсуми ҳам бошланди. Энг аввал бир нарсани
таъкидламоқчиманки, режиссёрлар, кинопродюсерлар, журналистлар, умуман
барча Рустам Саъдиевнинг "Ўғригина келин” филмининг премьерасини кутиб
турганди. Аниқроғи, режиссёрлар қайсидир маънода чўчиётганди. Янги
мавсум учун кино тайёрлаган режиссёрлар "Тезроқ филмимнинг премьерасини
ўтказишим керак, "Ўғригина келин”дан кейин ҳамма филмлар синади” деган
фикр ҳам пайдо бўлди. Кино мавсумини очиб берган "Ўғригина келин”
картинасининг энг катта ютуғи бу унинг номи десам адашмаган бўламан.
Рустам Саъдиев хусусий кинобозорнинг энг нозик жиҳатларини яхши билади.
Иккинчи ютуғи эса бу Дилноза Кубаеванинг ижроси, уни пластикаси ва
актёрлик маҳоратига тан бермасдан иложимиз йўқ. Кубаева ҳақиқий портлаш
қила олди. Улуғбек Қодиров катта танаффусдан сўнг кинога қайтиши бу
албатта, унинг ролларини соғинганлар учун қувончли хол, лекин уни
кинодан анчайин узоқлашгани боисми яхши формада деб айтолмайман.
Қодировдан портлаш бўлмади. Рустам Саъдиевнинг номи брэндга айланиб
бўлган. У номсиз филм яратса ҳам, томошабин чақираверади. Ўзбек киноси
Саъдиевнинг филмларисиз зерикарли бўлиб қолади. Саъдиев томошабин
дидини нозик сезади. Дилноза ва Улуғбек жуфтлигига эҳтиёж борлигини
сезди ва илғорлик қилди. Биринчиликда гап кўп.
"Фаришта” картинасида яхши кадрлар кўп, лекин кино
тўқималигини сезилиб колиши томошабиннинг ишончи йўқолишига сабаб
бўлади. Ҳинд филмларига ҳам тақлид аниқ сезилган. Киношунос сифатида
бир гапни айтиб ўтаман, кинода тўқима ва сунъийликни кўрсангиз,
ғашингизга тегади. Саида Раметованинг профессионал ижроси филмнинг
муваффақиятини таъминласа, ажаб эмас.
"Онаизор” филмининг номи борасида Зебо Наврўзова
билан баҳслашишга тайёрман. Очиғи, менга кино ёқди. Наврўзованинг
ўнинчи режисёрлик иши унинг энг яхши филмларидан бири бўлиб қолса
керак. Қаҳрамон йигит камбағалликда ўсиб ўз келажаги учун бор кучи
билан ҳаракат қилишида нафақат табиийлик бор, балки жуда ибратли
ҳамдир. Кинода қандайдир беғуборлик бор. Преьмерада саҳнага назар
солсам, ижодий гуруҳнинг асосий қисми эркаклардан таркиб топганлигини
кузатдим. "Онаизор” ёрқин филм, негаки, Зебо Наврўзованинг аввалги
филмларида қора бўёқларни кўпроқ кўрардик. Бу ҳақида унинг ўзига ҳам
айтганман. Филмни синчковлик билан томоша қилдим, бу сафар ёрқин
рангларни кўришимиз билан бир қаторда қаҳрамонларнинг ўлими юз бермади.
Демак, энди Наврўзова филмларида оқ бўёқлар кўпаяди.
Юқоридаги филмларнинг тақдири 14-15 кунлар ичида
маълум бўлади. Эндигина тўртта филмнинг премьераси бўлиб ўтди.
"Ўғригина келин”да Дилноза Кубаеванинг ижроси, "Фаришта”да Алишер
Узоқовнинг роли ушбу филмнинг муваффақиятини таъминлаши мумкин. Яна
янги филмларнинг премьералари олдинда турибди десак, муболаға
қилмаймиз. Саид Мухторовнинг "Девона” картинаси, ундан ташқари,
"Юзма-юз”, "Қасос” ва "Хавфли бурилиш” каби филмлар ҳам ўз тақдирини
кутиб турибди.
Томошабин барибир янгилик, катта преьмерани
кутади. Баъзи бир режиссёрларимиз борки, халқ фикри билан, томошабин
фикри билан ҳисоблашмай ижод қиляпти. Бу ўзбек киночиларининг катта
ҳатоси бўлиб қолади. Бунақада томошабиннинг хафсаласини пир қилиб
қўямиз. Кейин киномухлисларни кинотеатрга қайтаришимиз мушкул масалага
айланиб қолади.
Жавлон Шодмонов, кинорежисёр: "Кичкина
ҳўжайин” филмимни жуда ҳам яхши кутиб олишди. Алишер Узоқовнинг "негр”
қиёфасида кўриниши ҳаммани ажаблантирди. Отабек Мирзахолов эса
истеъдодли актёр. Унинг ижроси ҳам ажойиб чиқиган. Филмим жуда кассабоп
бўлишига ишонаман. Мана преьмерадан сўнг уч кун ўтди. Бугунгача
яҳшигина маблағ тўпладим. Тахминимча, бир ҳафтада кинога сарфлаган
маблағимни чиқариб оламан.
"Фаришта” фалсафий кино экан. Ушбу филмда
"Пойма-пой”нинг услуби ва "Боғбон”га ўхшашлик яққол сезилиб туради.
Тарбиявий аҳамиятга эга яҳши филм.
"Шомурод ва Дурдон”- комедия жанрида суратга
олинган филм. Режисёр Жаҳонгир Позилжонов. Уришқоқ эр-хотинларнинг
қизиқарли ҳаёти хақидаги кино. Ҳозир монтаж жараёнлари давом этяпти.
Ушбу филм 90% кассабоп кино бўлади, бу аниқ. Бачкана кадрлардан йироқ.
"Ўғригина келин”нинг преъмераси учун менга таклифнома беришмади. Эртага кинотеатрга бориб кўрмоқчиман.
"Онаизор” филмининг преьмераси бўлиб ўтибди. Билмай ҳам қолибман.
"Кино лабораторияси”янги реакцияларни амалга
ошираверади. Барибир, энг асосий баҳони омма вакили, яъни сиз берасиз!
Ҳар галгидек ҳаққоний фикр билдириш вазифасини ҳукмингизга топширамиз!
Шохруҳ ЗОКИРОВ.
|