|
Ортда қолган мавсум «Бухоро» учун муваффақиятсиз кечди. Гарчи айрим учрашувларни яхши ўтказган бўлсада, мавсум якунида жамоа омадсизликка юз тутиб, 15-поғонани банд этди.
Бухороликлар сардори Нодир Жўраев биз билан суҳбатда омадсизлик сабаблари, «Бухоро»нинг келажаги ҳақида фикр юритди.
- Якунланган мавсумнинг клубимиз учун омадсиз кечганлигига таркибимизнинг асосан ёшлардан иборатлиги сабаб бўлди. Уларга бироз тажриба етишмаганлиги боис, мавсумни барқарор ўтказолмадик. Айрим ўйинлардагина ғалаба қозонган бўлсак, баъзиларида мағлубиятга учрадик, бошқасида эса тайёр ғалабани қўлдан бой бердик. Айримлар клубимизнинг омадсизлигига молиявий муаммолар сабаб бўлган, деб ўйлашлари мумкин. Аммо ишонтириб айтаманки, маош ва мукофот пулларини ўз вақтида олганмиз ҳамда бу борада бизда муаммолар бўлмаган. Биринчи даврадан сўнг таркибимизни кўплаб тажрибали футболчиларнинг тарк этишгани, давралар оралиғидаги танаффус вақтида эса уларнинг ўринларига тажрибали футболчиларнинг жалб этилмагани ҳам ўйинларимизга салбий таъсир кўрсатди. Бундан ташқари, захира ўриндиғимиз қисқалик қилди. Айнан шу омиллар муваффақиятсизлигимизга сабаб бўлди.
Жамоамиз бош мураббийи Рауф Инилеевни яхши мутахассис, деб ҳисоблайман. У барча футболчиларга яхши муносабатда бўлиб, аҳил жамоа туза олди. Тўғри, жамоамиз унинг қўл остида муваффақиятсизликка юз тутди.
Ўзбекистон футбол федерацияси 15 декабрь куни «Бухоро» ва «Сўғдиёна»нинг тақдири, яъни олий лигада қолиш ёки қолмаслигига ойдинлик киритади. Ҳаммаси жамоамиз учун ижобий ҳолда якунланишини истайман. Акс ҳолда, шаҳримизда футболга бўлган эътибор сусайиб кетиши мумкин.
«Бухоро» билан тузилган шартномамнинг муддати 31 декабрь куни ўз ниҳоясига етади. Жамоа келаси йили ҳам олий лигада иштирок этадиган бўлса, фаолиятимни клубда давом эттиришим мумкин. Акс ҳолда бошқа клублардан бўлаётган таклифларни кўриб чиқишга тўғри келади. Аммо таъкидлаб ўтганимдек, ҳаммаси «Бухоро»нинг тақдирига ойдинлик киритилганидан сўнг ҳал бўлади.
Жорий мавсумда ҳисобимдаги карточкалар кўпайиб кетди. Бунинг сабаби ўзингизга маълум, жамоа сардори эдим. Сардорликнинг масъулияти эса жуда юқори. Майдонда бошқаларга ўрнак бўлишинг, бошқа футболчиларга қараганда, икки баравар кўп куч сарфлашинг керак. Бу эса ўз-ўзидан менга қўшимча босим юклади. Айрим пайтларда ҳакамлар билиб -билмай хатоларга йўл қўйишганида, уларга эътироз билдирдим. Шундай пайтларда улар менга карточка кўрсатишди. Айниқса, сафарда «Металлург»га қарши бўлиб ўтган учрашув ҳаммасидан ошиб тушди (27-тур, 2:1). Ўша баҳсда ҳакамлар айрим хатоларга йўл қўйишди. Қанот ҳаками эса битта голимизни инобатга олмади. Мен унга сардор сифатида ўз эътирозимни билдирдим. Бироқ у мени нотўғри тушуниб, бош ҳакамга айтди. Ҳакам эса мени майдондан четлатди. Кейинчалик 5та ўйинга дисквалификация қилиндим. Нимаям дердим, футболда баъзан шунақа тушунмовчиликлар ҳам бўлиб туради.
Жорий мавсумнинг энг ёрқин баҳслари сифатида сафардаги «Шўртан» (13-тур, 2:4) ва «Локомотив» (14-тур, 1:3) ҳамда ўз майдонимиздаги «Бунёдкор»га (22-тур, 1:2) қарши кечган ўйинларни келтириш мумкин. Ғузор ва Тошкентдаги баҳсларда кўпчилик учун кутилмаганда ғалаба қозонган бўлсак, «Бунёдкор»га кичик ҳисобда имкониятни бой бердик. Аммо мамлакатимиз чемпионига муносиб қаршилик кўрсатдик. «Қалдирғочлар»га қарши кечган баҳсда ҳисобни биз очгандик. Лекин тажриба қўл келиб, меҳмонлар якунда ютуққа эришишди.
Энг аламли ўйинлар сирасига эса, албатта, сафарда «Металлург» (27-тур, 2:1) ва ўз майдонимиздаги «Пахтакор»га (30-тур, 1:1) қарши кечган баҳсларни киритиш мумкин. Пойтахтликларга қарши кечган учрашувда ғалабани сақлаб қололмадик.
Футболчи бўлишимда тоғамнинг ҳиссалари бор. Болалигимда тоғам мени қўлимдан етаклаб, «Нурафшон» (ҳозирги «Бухоро»)нинг машғулотлари ва ўйинларига олиб борардилар. Олим Тиллаев, Садриддин Эшмирзаев ва Усмон Тошев сингари футболчиларнинг ўйинларига ҳавас қилиб, миллионлар ўйинига меҳрим тушган. Футболнинг илк сирларини Темур Дўстовдан ўрганганман. Футболчилик фаолиятимни аввал 2-лигада бошладим. Кейинчалик вилоятимизнинг бош жамоаси «Бухоро» таркибига қўшилдим. Шу тариқа тақдирим футбол билан боғланди. Шу соҳани танлаганимдан хурсандман. Футболчи бўлганимдан ҳеч қачон афсусланмаганман.
Бир йигитга қирқ ҳунар оз, деган гап бор. Акаларим савдо соҳасида фаолият юритишади. Бўш вақтимда уларга қарашаман.
Футболдан ташқари, кураш ва стол теннисига қизиқаман. Дўстларим билан стол тенниси ўйнаб тураман.
«Бухоро» икки йилдан буён олий лигада муваффақиятсизликка учрамоқда. Ўтган йили бунга мураббийлар қўнимсизлиги сабаб бўлганди. Бу йилги омадсизлик сабабларига эса юқорида тўхталдим. Жамоада ижобий ўзгаришлар юз беришига ишониб қоламан.
«Бухоро»нинг олий лигада қолишини жуда хоҳлайман. Шаҳримизда футболга қизиқиш кучли. Мабодо клубимиз «элита»ни тарк этадиган бўлса, ўз анъаналарига эга, яхши бир жамоа йўқолиб кетиши мумкин. Бунинг юз беришини хоҳламасдим.
Манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.
|