Баъзи кишиларнинг кинна ва кўз тегишига қаттиқ ишонишига сабаб, балки, бутун дунёни ёки алоҳида кишиларни ўз хатолари ва омадсизликларида айблаш одатининг ортида яширингандир. Айтайлик, куни билан, бир ҳафта, ой давомида ҳаётингизда кўнгилсиз воқеалар юз беряпти. Сиз нима қилишингизни билмайсиз, қўлингиз ишга бормайди, мана шунда миянгизга ярқ этиб бир фикр келади – менга кўз теккан! Шунда яқинда сиз билан жанжаллашиб қолган қўшни аёлнинг шубҳали қарашларини эслайсиз. Фантазиянгизнинг давоми сизни янада дадил гипотезаларга олиб келади – қўшнингиз иблислар орденининг махфий аъзоси, кинна киритиш кўникмалари ва «ёмон кўз»га эга. Мана, сабабини ҳам топиб олдингиз. Энди сизни кинна ва кўз тегишидан халос этадиган ҳамда ҳаётингизни одатий изга туширадиган, балки, янада омадлироқ қилиши мумкин бўлган кишини излайсиз. Бундай мутахассисни топиш учун кўп иш қилиш шартмас – ҳар биримизда кўз тегишидан халос қиладиган кишининг хизматларидан фойдаланган ҳеч бўлмаганда битта таниш топилади. Киннадан халос этиш бўйича хизматлар бозори Мана, сиз узоқ вақт излаган манзил қўлингизда, энди омадлироқ бўлиш, турмушга чиқиш, иш топиш, муҳаббатингизни қайтариш ва, умуман кўнгилсизликларингиз тугаб, бахтиёр кунларингиз бошланиши учун шаҳар ташқарисига отланасиз (нимагадир Тошкент вилоятида шаҳарга қараганда ушбу фаолият тури билан шуғулланувчилар сони кўпроқ). Одатда, киннадан халос эта олувчи кишига мурожаат қилган одамлар жуда енгил қурбон бўлишади, чунки улар ҳар қандай башоратга ишониш ва ўзларини «кўз»дан халос этиш учун исталган миқдорда пул беришга тайёр. Аммо кўп ҳолатларда катта пул ва ҳаракатлардан сўнг ҳам кишининг ҳаётида узоқ кутилган ижобий ўзгаришлар рўй бермайди. Бу ҳақда Камилла бундай дейди (26, Тошкент) - «Икки йил олдин ҳаётимда мураккаб давр бошланганди – узоқ вақт иш тополмадим, пулсиз ўтирдим, шахсий ҳаётимда ҳам ҳаммаси ноаниқ эди. Севган кишим турмуш қуриш таклифини қилишга шошилмасди, соғлиғим ҳам яхши эмас, умуман олганда, бошимдан унчалик яхши бўлмаган давр кечаётганди. Бир дугонам Қўйлиқдан ташқарида яшайдиган, ташҳис қўйиб, кўз тегишидан халос этувчи бир кампирга боришимни маслаҳат берди. Унинг олдига 1,5-2 соатда етиб бордим, яна шунча вақт навбат кутишимга тўғри келди. Навбатим келганида, кампир бошим устида сув солинган чашкани ушлаб туриб, «Сенга бир аёлнинг кўзи теккан, у ўлишингни истаяпти, лекин мен сенга ёрдам бераман», деб ишонч билан айтди». Бундан руҳланган Камилла кампирга ишонади ва унинг барча кўрсатмаларини бажаради – бир неча кун давомида уйни супуради, хоналарни қиздирилган туз билан айланади, 20 кун давомида йўлга биттадан нўхат ташлайди, кейин барча нарсаларни йиғиб олиб, кўздан халос этувчи афсун сўзларни айтган ҳолда, оқар сувга ташлаб юборади. Бунинг устига у бир марта ҳатто қабристонга ҳам боради, кампирнинг сўзларига кўра бу қизнинг ҳаётига узил-кесил омад олиб келиши керак эди. Бундан ташқари, у кампирнинг олдига икки марта боргани учун қарийб 60 у.е. ҳам тўлаган экан. Камилланинг сўзларига кўра, бир йилгача унинг ҳаётида ҳеч қандай ижобий ўзгариш юз бермаган, кейин эса ҳаёти аста-секин йўлга тушиб кетган, аммо у буни афсунларнинг эмас, балки ўз саъй-ҳаракатларининг маҳсули деб ҳисобламоқда. Шунга қарамасдан, одамлар барибир ўша кампирнинг олдига боришда давом этмоқда, бунинг устига уларнинг сони кун сайин ортаётир. Кўриб турганингиздай, кинна ва кўз тегиши билан боғлиқ барча нарсаларга қизиқиш ортиб борадиганга ўхшайди, чунки ҳаёт ҳар доим ҳам бизга ўзининг ойдин томонини кўрсатавермайди. Бунда учинчи кучларни айбласак, оз бўлса-да, ўз муаммоларимиздан чалғиймиз. Аммо барибир, балки бир марта бўлса ҳам, «ҳар ким ўз бахтини ўзи яратади» деган матални эслаганимиз маъқулдир.
|