Яқин ўтмишгача олиб борилган тадқиқотларнинг яққол кўрсатишича,
никоҳ остида яшайдиган одамларнинг саломатлиги бўйдоқ эркаклар ва
турмушсиз аёлларга қараганда анча бақувват эди. Чунки оилавий ва маиший
жиҳатдан ўзига тинч бўлган одамлар асабийлашмай, асосий эътиборларини
бошқа йўналишларга бемалол қаратишар ва натижада кўп соҳаларда
муваффақиятга эришишга ҳам улгуришарди. Турмуш ўртоғи ва, айниқса,
фарзандлари олдидаги жиддий масъулият эса оилавий инсонларни янги
чўққиларга чиқишга ундарди. Оиласиз одамлар эса кўп жиҳатдан
тушкунликка берилар ва натижада соғлиғидан ҳам, карьерасидан ҳам
«қуруқ» қолишарди. Бироқ кейинги пайтларда вазият тубдан ўзгарди.
Яқинда ўтказилган тадқиқотлар ғаройиб натижага олиб келди. Никоҳ
қоғозини имзолаётган одамлар ўз саломатликларини хатарга қўйишаётган
эмиш. Сўнгги ўн йилликда оилавий жиҳатдан эркин одамлар никоҳ
«бурунтуруғини» таққан одамларга нисбатан соғроқ бўлишибди. 2003
йилгача вазият аксинча эди, энди эса оила саломатликнинг заволига
айланибди-да! Бу ҳолни олимлар шу билан изоҳлашмоқдаки, кейинги
йилларда тузилган оилалар нобарқарорлиги билан ажралиб турганмиш.
Нобарқарорлик эса турли, аксарият ҳолларда, юрак-томир ва асаб
касалликларига олиб келаётган экан. Шундай экан, ўзбекларга хос бўлажак
қуда томонини сўраб-суриштириш русуми жуда мақбул йўл эканлиги яна бир
бор исботини топди. Лекин тадқиқотлар шуни ҳам кўрсатибдики, пишиқ ва
мақбул никоҳда эр-хотиннинг бири ҳаётдан кўз юмгудек бўлса,
иккинчисининг ҳам умри жуда қисқарар экан. Хулоса қилиб айтиш мумкинки,
оилангиз ва, биринчи навбатда, турмуш ўртоғингиз учун ўзингизни эҳтиёт
қилинг.
|