"Мен у ҳақда” номли янги лойиҳамизда бундан кейин сиз севган таниқли санъаткорлар ўзларига яқин ҳамкасбларининг сизу бизга маълум бўлмаган жиҳатлари ҳақида гапиришади. Илк иштирокчимиз Нигора ижодда ҳам, ҳаётда ҳам ўзига яқин бўлган ҳамкасби, дугонаси тўғрисида қуйида эксклюзив фикрларни тақдим этади. Табиати...
Зиёда экранда шўх шадодо кўрингани билан табиатан жуда тортинчоқ, камгап қизлар тоифасига киради. Ижодни энди бошлаган кезларимиз бу хусусияти яққол кўзга ташланарди, айниқса, журналистлар билан бўладиган савол-жавобда... Ўшанда ундан интервью олишга келган мухбирлар Зиёда экранда ва ҳаётда мутлақо бошқа-бошқа инсон эканини кўриб ажабланишарди. Ҳозирда бу тортинчоқлиги анча камайган бўлса-да, барибир бор. Янги даврага келиб қўшилганида, у ердагилар билан киришиб кетиши қийинроқ кечади. Масалан, "Акфа”га янги қабул қилинганимизда, мен Ойбек билан биринчи кунданоқ чиқишиб кетган бўлсам, у ўзини анча пайтгача тортиб юрган. Сизни яқиндан билиб, ўрганмагунча ўртада масофа сақлаб туради. Аммо яқин бўлиб олгач, ундан яхши суҳбатдош тополмайсиз. Яна бир хусусияти, қўли очиқ, сахий. Болажонлиги ҳам бор. Кўча-кўйда юрганимизда танишми-нотанишми ёш бола деганни кўрса, бир нарсалар билан хурсанд қилишни яхши кўрарди. Раҳмдил ва жуда эътиборли эканини ҳам алоҳида таъкидламоқчиман. £ўлида оғир сумка кўтарган аёлларни, кампирларни кўрса ёнидан бефарқ ўтиб кетолмайди, албатта ёрдамлашади.
Қизиқиши...
Спорт турларидан теннисга қизиқади. Ўзи ўйнашга унча уқуви бўлмаса-да, ишқибозликда унга бас келолмайсиз. Кейин ўта шопоголик – дўкон айланиб, янги кийим сотиб олишга суяги йўқ. Кўзига чиройли кўринган, ёқтирган нарса борки, харид қилиб, эгнига илмагунича кўнгли жойига тушмайди. Болалар билан ишлашга, ўйнашга қизиқади, уларни кўрса боғча опа бўлгиси келиб кетадими-ей! Меҳрибонлик уйларига бирор тадбир билан йўлимиз тушса, у ердаги болаларга ҳеч бўлмаса, мусиқадан дарс ўтиб фойдаси тегишини хоҳларди. қ£изиқмайдиган соҳаси, олдинлари компьютер билан унчалик иши йўқ эди, ҳозир энди билмадим қунт қилиб ўрганиб олган бўлмаса... Зиёданинг қизиқишлари тез-тез ўзгариб турмайди, у одатларига содиқ.
Иқтидори(ютуғи, камчилиги)...
Шубҳаланмасдан, ишонч билан айтишим мумкинки, Зиёда бугун нимагаки эришган бўлса, ўз истеъдоди, меҳнати эвазига топди. Худо берган истеъдоди бор, шундай бўлмаганда, беш ёшиданоқ қўшиқ куйлармиди. Унинг энг катта ютуғи – жарангдор овози ва юқори пластикасида. Эндиликда очилаётган янги қирраси деб рақс тушишини айтсам бўлади. Авваллари уялчанлиги сабаб рақсдан ўзини тортиб турарди, ҳозир кузатаман, ҳаракатлари анча эркинлашган. Камчилиги... (ўйланиб) Битта камчилиги, чет эл мусиқаларига мурожаат этиши, (буни ўзига ҳам айтганмиз). Аммо шундай ижро этадики, эътирозга ўрин қолдирмайди ва ўз-ўзидан бу камчилик ҳам ютуққа айланиб кетади (кулиб).
Ҳар соҳада...
Муҳаббатга ишонади. Севишиб турмуш қурганларга ҳаваси келади, ўзи ҳам севиб-севилиб оила қурсам дейди. Танлагани ўзига, дунёқарашига мос, санъатига қаршилик қилмайдиган аксинча кўмаклашадиган йигит бўлишини истайди. Бир нарсага урғу бериб ўтишим мумкин, аксарият қизлардан фарқли тарзда Зиёда тўйдан кейин алоҳида яшаш тарафдори эмас, аксинча қайнона-қайнотамнинг хизматни қилиб, дуосини олсам дейди. Қўли гул қиз, пазанда, айниқса лағмонни зўр тайёрлайди. Аммо бир камчилиги бор, тўғри деб ҳисоблаган нарсасини амалга оширишда иккиланади, кейин эса аттанг, бекор қилмабман деб қолади. Ана шу иккиланишини йўқотиши керак.
Кўнгли...
...жуда нозик. Уни оддий нарса билан ҳам хафа қилиб қўйишингиз ҳеч гапмас. Лекин жаҳлини чиқариш қийин. Асабийлашиб, бақириб-чақираётган одамларни кўрганда "шуни яхши гап билан тушунтириш, тинчгина ҳал қилиш мумкин-ку” деб айтаётганини кўп эшитганман. Сиқилганини юзага чиқармайди, бироқ хурсандчилигини ҳамма билан бўлишади. Соддалиги боис одамларга тез ишонади. Кўп марта унга "бунақа қилма, олдин синаб кейин ишонгин” деб такрорлаганмиз. Балки атрофдагилардан тортиниб туриши ҳам шундандир, у-бу ким кўнглини синдириб ишончини оқлолмаган бўлса, яна шундай ҳолга тушмай деб кўп ҳам яқин бўлиб кетишдан чўчиса керак. Муаммоларини ўзи ҳал қилишни мақул кўради, атрофидагилардан кўпроқ ота-онасига суянади.
Ўхшаш ва ноўхшаш томонларимиз...
Зиёда билан умумий жиҳатларимиз норинни, ананасни, рақс тушишни иккаламиз ҳам бирдай яхши кўрамиз. Фарқ қиладиган томонларимиз, унинг ошхонадаги маҳорати олидада меники "ноль”. Оилада кенжа бўлганим учун ошхонада менга навбат тегмаган. Ўхшамайдиган жиҳатларимиздан яна бири, у машина ҳайдашга уста, мен эса чўчиб тураман. Айтганча, кийим танлашда Зиёда менчалик инжиқ эмас. Дўкон ёки бозорга тушсак, уна дарров нарса олардик, менга келганда икки соат айланишга тўғри келарди. Лекин пардозда мендан кўра талабчанроқ.
СИТА.
|