Нафсни поклаш уни ширкдан ва ундан ажраб чиқадиган ахлатлардан поклаш демакдир. Бу ишни ҳақиқатга чиқариш эса тавҳид ва унинг шўъбалари ила бўлади. Нафсни ахлоқланиши Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари ва У зот комил бандалик ила бўлади. Энг асосий омиллардан бири бу ишларнинг барчасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилишдир. Бу масалани тўлиқроқ англаш учун қуйидаги ояти каримага тааммул ва тадаббур назари ташлайлик. Аллоҳ таоло «Нур» сурасида: «Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида абадул-абад ичингиздан бирор киши поклана олмас эди. Лекин Аллоҳ Ўзи хохлаган кишини поклар. Аллоҳ ўта эшитгувчи, ўта билгувчи зотдир», деган (21 - оят).
Бу ояти карима Оиша онамизга қарши уюштирилган «ифк» ҳодисасидан кейин ва мўминлар ичида фоҳишани тарқатишдан, шайтоннинг изидан эргашашдан ман қилувчи оятлардан кейин ва: «Сизлардан фазл ва бойлик эгаси бўлганлар қариндошларга, мискинларга ва Аллоҳнинг йўлида муҳожир бўлганларга (нафақа) бермасликка қасам ичмасинлар, бас, авф этсинлар, ўтиб юборсинлар. Аллоҳ сизларни мағфират қилишини хуш кўрмайсизларми?!» оятидан олдин нозил бўлган.
Ушбу омиллар мажмуасидан қуйидагиларни мулоҳаза қилишимиз мумкин:
1. Нафсни поклаш йўлида Аллоҳ таолонинг фазли бўлмаса енгиб бўлмайдиган тўсиқлар бор. Шунинг учун аввало қаттиқ ҳаракат қилиш керак ва энг муҳими бу оғир ишда фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига суяниб У зотдан ёрдам сўраб туриш лозим. Имом Муслим ва Насаийлар ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Аллоҳим! Нафсимга тақвосини бергин ва уни поклагин! Сени уни энг яхши покловчисан! Сен унинг валийси ва хожасисан!» деганлар.
2. Нафсни поклашда афв қилиш ва бизга ёмонлик қилганларга кечиримли бўлиш ҳам муҳим ўрин тутади.
3. Шайтоннинг изидан эргашмаслик ҳам нафсни поклашдандир. Чунки у доимо фаҳш ва мункар ишларга чақиради. Демак, қалбни поклаш фаҳш ва мункар ишлардан четта бўлиш ва шайтонга эргашмаслик билан ҳам ҳосил бўлади. Шайтонга эргашишниннг биричи қадамлари ҳасад ва кибрдан иборат бўлади. Шайтон Одамга ҳасад қилиб ва унга сажда қилишдан кибрга кетиб ўз осийлигини бошлаган.
4. Мўминлар ичида фоҳишани тарқатишни хуш кўрмаслик ва бу борада ҳеч нарса қилмаслик ҳам қалбни поклаш йўлида хизмат қилади.
5. Тилни бировларнинг обрўсини тўкишдан тийиш. Одамларга озор берадиган ҳар қандай гап – сўзларда иштирок этмаслик.
|