Австралиядан учралган қақшатли мағлубиятдан сўнг кўпчилик терма
жамоамизнинг 3-ўрин учун баҳсдаги учрашуви қандай кечаркин -
футболчиларимиз Жанубий Корея билан баҳсга руҳан тайёр бўла олишадими
ёки бу сафар ҳам катта ҳисобда рақибга имкониятни бой берадими деб
кутишаётганди.
Учрашувдан олдинги матбуот анжуманида Вадим Абрамов таркибда ўзгариш
қиламан деб айтиб ўтганди. Ҳақиқатдан ҳам бугунги таркибимиздаги
ўзгаришларни кўриш мумкин.
Ўзбекистон терма жамоаси ўйинни ёмон бошлагани йўқ. Учрашувнинг
дастлабки 15 дақиқада тўлиқ ташаббус вакилларимиз томонида бўлди. Бироқ
худди аввалги ўйиндагидек, қарши ҳужумда панд едик. Одил Аҳмедов
таъқибида турган Ку Жа Чёлга чиройли пас ташлаб берилди. Осиё
чемпионатининг тўпурарлигига биринчи рақамли номзод бўлиб турган
кореялик ҳужумчи берилган имкониятни кўкка совургани йўқ - 1:0.
Дарвозага киритилган иккинчи голгача ҳам терма жамоамиз ўйиндаги
ташаббусни ушлаб турибди. Бироқ, футболдаги энг муҳим жиҳат - голдан
дарак йўқ. Дарвозамизга киритилган иккала голда ҳам бирон ўйинчини
айбдор деб топиш жудаям мушкул. Тан олиш керак, Жанубий Корея терма
жамоаси аъзоларининг индвидуал маҳорати ҳозирча бизни доғда қолдирмоқда.
Биринчи бўлим давомида эътибор беридингизми, тўп бизнинг
футболчиларимизда бўлганда рақиб аъзолари бутун жамоа бўлиб ҳимояга ётиб
олмоқда. Тўп кореяликларга тушгач эса улар қўрқмасдан ёппасига ҳужумга
ўтишяпти.
Бўлим сўнггида Новкаровга нисбатан ишлатилган қўполлик натижасида Александр Гейнрих пенальтидан ҳисобни бироз қисқартирди.
Гўёки иккинчи бўлим кореяликларнинг устунлигида бошлангандек кўринган
бўлса-да, навбатдаги голни киритиш бизга насиб этди. Александр Гейнрих
рақиб жарима майдончаси ичида ўз маҳоратини ишга солган ҳолда, ўзига ўзи
қулай вазият яратди ва чиройли гол муаллифига айланди.
Ушбу голдан сўнг устунлик бироз вакилларимизда бўлди. Аммо ҳисобни тенглаштириш барибир насиб этмади.
2011 йилдаги Осиё чемпионатидаги иштирокимизни 4-ўрин билан якунладик.
Ярим финалдаги йирик шармандали мағлубият мухлислар қалбига игналар
санчиган бўлиши мумкин. Бугун ҳам футболчиларимиз Сизу бизни хурсанд
қила олмади. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам биз улардан миннатдормиз.
Мусобақанинг ўзбек футболи тарихида кузатилмаган натижа қайл этилди.
Қитъанинг энг кучли тўртта жамоаси қаторига кириш ҳам катта шараф.
Ҳаммаси учун раҳмат йигитлар, биз Сизлардан миннатдормиз!
Осиё кубоги-2011, 3-ўрин учун
Ўзбекистон - Жанубий Корея 2:3 (1:3)
Гол: Ку Жа Чёл 18 (0:1), Чжи Донг Вонг 28 (0:2), Чжи Донг Вонг 39 (0:3), Гейнрих 44 (1:3), Гейнрих 54 (2:3) Огоҳлантиришлар: Хванг Чже Вонг 44, Саломов 85, Муллажонов 87, Гейнрих 90 Ўзбекистон: Игнатий Нестеров, Шавкат Муллажонов, Азиз
Ҳайдаров, Сервер Жепаров, Одил Аҳмедов, Станислав Андреев, Тимур
Копадзе, Виктор Карпенко (Жасур Ҳасанов 87), Олим Новкаров (Шавкат
Саломов 77), Александр Гейнрих, Санжар Турсунов Жанубий Корея: Чжун Сун Рёнг, Хван Чжэ Вон, Ли Рёнг
Рэ, Чжи Донг Вонг, Ли Юнг Пхё, Ку Чжа Чёл (Юн Бит Га Рам 53), Ли Чжунг
Су, Хонг Чжёнг Хо (Квак Те Хви 79), Ки Сун Юнг, Ли Чунг Ёнг (Сонг Хён
Винг 60), Ча Ду Ри
28 январь. Доҳа. "Ал-Садд" стадиони. 8199 томошабин