Жамоамиз 2009 йилги мавсумда ўз майдонидаги охирги учрашувни «Андижон»га қарши ўтказди ва 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Виктор Жалилов айни пайтда яхши спорт формасига эга бўлган футболчиларни майдонга туширди. Таркибда Мурод Холмуҳаммедов, Ғулом Ўрунов ва Ойбек Қиличев каби ёш ўйинчиларга ўрин берилди. Ҳар икки жамоа биринчи бўлимда тенг ўйин кўрсатди. Меҳмонлар ҳам Тошкентга шунчаки ўйнаб кетиш учун келмаганларини исботлашди. Баҳс шиддатли кечган бўлишига қарамай, хавфли вазиятлар унчалик кўп содир бўлмади. Дастлаб Шуҳрат Мирхолдиршаев қулай имкониятдан унумли фойдалана олмади. Унинг яқин масофадан берган зарбасини Темур Жўраев қайтаришга муваффақ бўлди. Жамоамизнинг энг хавфли ҳужуми эса 25-дақиқада уюштирилди. Маркович қолдирган тўпни Одил Аҳмедов кучли зарба билан дарвозага йўллашга уринди, аммо Игорь Михайловнинг маҳорати меҳмонларни муқаррар голдан сақлаб қолди. Иккинчи таймни футболчиларимиз жуда фаол бошлашди ва кетма-кет кескин ҳолатларни юзага келтиришди. Гейнрихнинг оширган пасига ҳеч ким етиб келолмаган бўлса, бир оздан кейин Аҳмедов «Андижон»нинг уч нафар футболчисини алдаб ўтди, аммо зарба беришга улгурмади. 64-дақиқада Гейнрих ўнг қанотдан жарима майдонига ёриб кирди ва дарвоза сари кучли зарба берди. Бироқ у мўлжални тўғри ола билмади. Уч дақиқадан кейин Мирхолдиршаев гол уриш имкониятига эга бўлди. У деярли Жўраев билан бирга-бир ҳолатдан бош билан зарба йўллади ва тўп тўсин устидан ўтиб кетди. Ниҳоят, «шерлар» бурчак зарбаси амалга оширилгач, ҳисобни очишди. Магдеевнинг бурчакдан оширган тўпини Ўрунов боши билан меҳмонлар дарвозасига аниқ йўллади – 1:0. Меҳмонлар ҳам ўз тўпларини бурчак зарбасидан сўнг киритишди. Жўраев тўпни уриб юборишда хатога йўл қўйди ва Раҳмоновга теккан тўп дарвоза тўридан жой олди. Ўз-ўзидан яна олдинга ташланишга мажбур бўлган футболчиларимиз пенальтидан ҳисобни ўзлари учун маъқул кўринишга келтиришди. Гейнрихга нисбатан жарима майдонида ишлатилган қўполликни Аҳмедов муносиб жазолади – 2:1. Учрашув ўз ниҳоясига етгач, икки жамоа сардорлари ватанимиз мадҳияси садоси остида Ўзбекистон миллий чемпионати байроғини туширишди. Ўзбекистон олий лигаси 29-тур 2009 йил 5 ноябрь. Тошкент, «Пахтакор» Марказий стадиони «ПАХТАКОР» - «АНДИЖОН» - 2:1 (0:0) Голлар: Ўрунов 71. Раҳмонов 77. Аҳмедов 86-пен. «Пахтакор»: Жўраев, Бердимуродов, К.Тожиев, Миладинович, Холмуҳаммедов, Ўрунов, Холматов (Андреев, 38), Маркович (Ф.Тожиев, 56), О.Аҳмедов, Қиличев (Магдеев, 61), Гейнрих. «Андижон»: Михайлов, Ваниев, Жадигеров, Байрамов, Мирхолдиршаев, Замсашвили (Отахонов, 74), Шораҳмедов, Ўтабоев, Мдивнишвили (Исроилов, 58), Давлетов, Раҳмонов. Огоҳлантиришлар: Ваниев 11. О.Аҳмедов 21. Ф.Тожиев 73. Гейнрих 90. Четлатиш: Ўтабоев 90+2. Ҳакам: Валерий Кострикин (Самарқанд).
|