Севмаган инсонлар учун севги асаб
касаллиги, манманлик, ақли заифлик ёки васвасадек туюлади. Бу туйғу
одамни яқин дўстларидан, қариндошларидан деярли умуман узоқлаштиради.
Тинимсиз телефон қўнғироқлари, серенада ва шу каби нолаларни ҳеч
иккиланмай психоз касаллиги дейиш мумкин. Биринчилардан бўлиб,
нейробиологлар ана шундай жабрланган мия ҳолатини сканер орқали суратга
тушириш имконига эга бўлдилар. Бу жараён мияда илк севиб қолиш
пайтларидан бошланади. Америкалик олимларнинг ўтказган тадқиқотлари
бугун машҳур журналлардан бири The Journal of Neurophysiology да чоп
этилди. Унда севги бу — биологик ва жинсий эҳтиёж эканлиги айтилади.
Олимларнинг фикрича, севги кўриниши
билан бошқа ҳис-туйғуларга ўхшайди. Масалан, қорин очиши, наркотик
моддаларга бўлган эҳтиёж, ҳаяжон ва эҳтирос сингари. Инсон миясини
кузатишганда маълум бўлдики, ишқий муносабат қанчалик чуқурлаша борса,
бу туйғу аста-секин ўзгариб боради. Тадқиқотлар яна шуни кўрсатадики,
севги кенг ҳис-ҳаяжонлар мажмуидан иборат экан. У эйфория (ҳақиқий
аҳволга мос келмаган ҳолда кайфиятнинг кўтаринки бўлиши, ўзидан-ўзи
хурсанд бўлаверишлик)дан тортиб, асабийлашув, ғам, алам ва ҳатто нобуд
бўлишгача ҳам бориб етиши мумкин экан.
"Севги ҳукмида бўлган инсон учун ҳамма
нарса осон ечим топадигандай, у ўзини еттинчи осмонда учиб юргандек ҳис
қилади. Сиз ўшанда ўзингизни назорат қила олмайсиз. Ҳар куни эрталаб 6
да спорт залига борасиз. Лекин нима учун? Жавоб эса оддий, у ерда сиз
севган инсонингизни кўрасиз, — дейди Руттерс университети антропологи
Хелен Фишер. — Агар инсонни рад этишса, у севгилисидан ўч олиш
режаларини ўйлай бошлайди. Унинг пайига тушади. Бу йўлда у ҳеч нарсадан
тап тортмаслиги мумкин”. Кўпчилик олимлар ушбу тадқиқотни "аъло”
баҳоладилар.
Тадқиқот ўтказиш учун Ню-Ёрк давлат
университети тадқиқотчи гуруҳи 17 талабадан олинган икки ярим минг мия
суратларини таҳлил қилдилар. Бу талабалар бир ёки икки ой олдин севиб
қолишган. Улар севган инсонларининг суратларига қараб турадилар, бу
пайтда магнит-резонансли томография (аппарати) ускунаси мияни кузатиб
туради. Сўнг олимлар олинган натижаларни талабаларнинг қариндош ва
дўстларининг расмларига қараб турган ҳолидаги натижалар билан
таққосладилар. Натижада миянинг турли жойларида қон айланишининг
ўзгаришлари кузатилди.
Юрак касаллигига олиб келадиган
сабаблардан бири ҳам севилишдир. Бунда инсон енгиб бўлмас қўрқинчни ҳис
қилади ва бу қўрқинч уйқусизликка олиб келади.
Кейинги тадқиқотда доктор Фишер, Арон
ва Браун 17 ёшдаги қизлар билан ишладилар. Қизлар "рад этилганлардан”
бўлиб, улар ҳам юқоридаги синовдан ўтдилар. Таққослаш, миянинг
эҳтиросли муҳаббат учун жавобгар қисмида кенгайиш фаоллигини намойиш
қилди. Бу ҳолатга тушган ҳар бир инсон севгилиси томонидан рад этилгач,
унинг муҳаббати яна ҳам ошишини исботлади.
Сюзанна Катс тадқиқотларда ўз хоҳиши
билан қатнашди. 22 ёшли талаба Сюзанна уч йил муқаддам севгилиси билан
келишмай қолган эди. У чалғиш мақсадида бир неча фаолият турлари билан
машғул бўлган.
"Шундай вақтлар ҳам бўлганки, мен
ўзимда қандайдир жисмоний камчилик сезардим. Бу худди наркотикларсиз
яшолмайдиган одамлар уни истеъмол қилмаган ҳолдаги аҳволга ўхшарди. Бу
ҳолатим у билан боғлиқ эди. У ёнимдалигида ўзимда қандайдир ишонч, умид
бўлади ва мен буларни ҳис қила олардим. Тўсатдан ҳаммаси қаёққадир
йўқолди”, дейди Сюзанна.
Ажабланарлиси, ўтказилган тадқиқотлар
янги севгини "ўзлаштирмоқ”ни назарда тутади. Яъни инсон севган
кишисининг қарашлари, характери, ўзини тутиши, гапириш оҳанглари,
хоббиларига аста-секин тақлид қила бошлайди. Инсон буларнинг барчасини
йўқотса, у аввал қаттиқ тушкунликка тушади. Лекин вақт ўтиши билан
мияда кенгайишнинг фаоллиги сўна боради. Бу эса янгидан севилиш
имконини беради.
Марҳабо МУҲАММАДИЙ
|