Ишқ ва муҳаббат пул билан ўлчанмайди, дейдиган «файласуфлар»
орамизда кўплаб топилиши шубҳасиз. Бекорчининг бештасини, йўғ-е,
элликтасини ебсиз. Ҳамма нарсанинг бўлгани каби, ягона ошиқ ёки
маъшуқасини топишнинг ҳам ўзига яраша харажати бор. Айтайлик, кийими
ифлос, ўзига яхши қарамаган йигит қаёқдаю ҳар доим яп-янги ва ярашган
кийимларни кийиб юрган, тагида «мерси» бўлган, тайинли ўқишни битириб,
тез орада катта лавозимларга кўтарилиши тайинли йигит... Ҳой, қизлар,
қаёққа югуриб кетяпсиз, мен сизларга бундай одамни таклиф қилаётганим
йўқ, шунчаки мисол тариқасида келтирдим. Ўзингиз кўриб турибсизки, одам
бахтли турмушини топиши учун маълум даражада чиқимдан бош
товламаслигини мақсадга мувофиқ. Аммо қизлар-чи? Улар эркакларни ром
этиш учун неча пулдан воз кечишлари мумкин?
Британиялик олимлар сўров ўтказишди. Унинг жавоблари орзу қилган
эркакни учратиш учун нозик жинс вакилларига қанча сармоя зарурлигини
кўрсатиши керак эди. Статистика нуқтаи назаридан ўртамиёна европалик
аёл ўз муҳаббатини топиш учун 2 минг евро сарфлар экан. Учрашувга
тайёргарлик кўраётган қизалоқ атир-упа, гўзаллик салони, ажиб
кийим-кечак кабиларга катта миқдордаги пулни сарфлаб юборганини ўзи ҳам
сезмай қоларкан. Ўзи хоҳлаган «оқ тулпордаги шаҳзодасини» учратишдан
аввал ҳам бир «бечора» аёл камида 24 номзод йигит билан учрашар экан.
Ҳар бир европалик аёл бу рақамни «энг камида» дейишди. Баъзилар эса –
бундайлар сўралганларнинг 7 фоизини ташкил қилади – никоҳ кўйлагини
кийишдан аввал кам эмас-кўп эмас, нақд 40-60 йигитчани назаридан
ўтказар эмиш. Мана буни талабгорларни элакдан ўтказиш, деса бўлади.
Аммо бизнинг ўзбек қизларига келадиган бўлсак, улар, аниқроғи, уларнинг
ота-онаси ва яқинлари юқоридаги суммадан анча кўпини сарфлаб юборишади.
Фақат уларнинг аксари сарф-харажати куёвтўрани учратишдан аввал эмас,
учратгандан кейинга тўғри келади.
|