Главная » 2009»Октябрь»24 » «МЮ»га қарши учрашув олдидан «Ливерпуль» ишқибозлари норозилик намойиши ўтказишади
17:53
«МЮ»га қарши учрашув олдидан «Ливерпуль» ишқибозлари норозилик намойиши ўтказишади
Англиянинг "Ливерпуль" клуби ишқибозлари 25 октябрь куни "Манчестер Юнайтед"га қарши учрашув олдидан норозилик намойиши ўтказишади. Норозилик марши ташкилотчиларининг сўзларига кўра, клубнинг Англиялик хўжайинларига қарши қаратилган ушбу тадбирда мерсисайдликларнинг 10 минг ишқибози қатнашади. Бу ҳақда Англиянинг "The Daily Mail" нашри хабар бермоқда.
"Ливерпуль" ва "Манчестер Юнайтед" ўртасидаги учрашувни майдон эгаларининг океан ортидан келган хўжайинлари - Том Хикс ва Жорж Жиллет бевосита стадиондан кузатиши кутиляпти, ишқибозлар эса бундан фойдаланиб, ўз норозиликларини билдириб қолишмоқчи. Тадбир ташкилотчиларидан бири Пол Гарднернинг сўзларига кўра, клубни Хикс ва Жиллет бошқарган давр давомида "Ливерпуль" қарзга ботди, шу билан бирга ваъда қилинган янги стадион ҳам қурилгани йўқ.
Англия чемпионатининг бу йилги мавсумида бўлиб ўтган тўққиз тур учрашувларидан кейин "Ливерпуль" 15 очко билан 8-ўринни банд этган. Жамоа мамлакат чемпионатидаги сўнгги икки учрашувда имкониятни бой берган бўлса, 20 октябрь куни Чемпионлар Лигасида "Лион"га қарши учрашувда ўз майдонида 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради.
Хикс ва Жиллет "Ливерпул"ни 2007 йилда сотиб олишган, 2009 йилда эса клуб молиявий жиҳатдан оғир аҳволга тушиб қолди. "Ливерпул"нинг қарзлари 300 миллион фунтгача кўпайиб кетди ва матбуотда клуб акцияларининг бир қисми саудиялик инвесторларга сотилиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди.