Миржалол Қосимов: «Мағлубият учун мухлислардан узр сўрайман»
Ўйиндан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисми Миржалол Қосимовнинг ана шундай сўзлари билан бошланди. — Бунақа бўлишини кутмагандик. Биз ҳам ғалаба қозонишни истагандик. Афсус, ўйин охирида ўтказиб юбордик. Жепаровнинг тепган тўпи дарвоза устунига текканидан сўнг, меҳмонлар қарши ҳужумда гол уриб кетишди. Кеча матбуот-анжуманида айтганимдек, ютса жамоа ютади, ютқазса мураббий ютқазади.
— БАА бош мураббийи Сречко Катанец тактика эвазига Ўзбекистонни мағлуб этганини айтиб ўтди. Сиз ҳам тактика эвазига мағлубиятга учрадик деб ўйлайсизми? — Агар биз гуруҳда биринчи ўринни эгаллашни хоҳлаганимизда, ҳимоявий тактика қўллаб, дуранг учун ўйнардик. Биз фақат ғалаба умидида ўйнадик. Арабларнинг тактикаси ётволиб ўйнаш тактикасими? Агар Гейнрих ўйиннинг бошида гол урганида ўйин умуман бошқача бўлиши мумкин эди. Ёки Сервернинг зарбаси дарвоза тўсинига эмас, дарвозага кирганида, унда нима дейиларди? Ёки бўлмаса, Анвар Ғофуров ўша вазиятни футболчини майдон марказидаёқ йиқитганида ҳеч қандай гол бўлмасди. Хуллас, футболчиларимиз вазиятдан фойдалана олишмади. БАА эса вазиятдан унумли фойдаланиб, ғалабани илиб кетди. Тўғри, бу гаплар мағлубиятга баҳона бўлолмайди. Аммо мен рақиб тактика эвазига ютди дея олмайман. Бу шунчаки тасодиф.
— Сиз бош мураббий сифатида терманинг ҳужум чизиғида муаммо борлигини билгансиз. Шуни била туриб, нимага ҳеч қандай ўйин амалиётига эга бўлмаган Гейнрихни асосий таркибда тушириб 80 дақиқа ўйнатдингиз? — Ҳозир кимда ўйин амалиёти бор? Ҳеч қайси футболчи ҳали функционал тайёр эмас. Шундай бўлсада, йигитларга раҳмат. Улар функционал жиҳатдан тайёр бўлишмаса ҳам, қўлидан келганича ҳаракат қилишди. Шунинг учун ўйин зерикарли бўлди деб айтолмайман.
— Ўйин ҳеч нарсани ҳал қилмайди деган фикр мағлубиятга сабаб бўлмадими? — Тўғри, мусобақа жадвалига кўра, биз ва БАА йўлланман ҳал қилиб бўлгандик. Бироқ шу пайтганча БАА термасини Тошкентда ҳали ютмаганимиз учун ғалаба қозонишни истагандик. Футболчилар имкон борича ҳаракат қилишди.
— Ҳозирги кунда терма жамоага лойиқ ҳужумчининг йўқлигига асосий сабаб нима? Сиз футболчилик қилган пайтингизда, ҳужумчилар ўртасида рақобат кучли бўларди. — Ҳақиқатан ҳам олдин ҳужумчилар ўртасида рақобат кучли бўларди. Нима дейишгаям ҳайронман. Яқин йиллар ичида яхши савиядаги ҳужумчини кўраётганим йўқ. Аҳмад аканинг жамоасида ҳам яхши савиядаги ҳужумчи йўқ. Ўсиб келаётган ёшлардан яхши ҳужумчи етишиб чиқишига умид қилиб қоламан.
— Ўйиндан олдин ярим ҳимоя чизиғи кучли чизиғимиз эканлигини айтгандингиз. Бироқ тўп майдон марказида кўп ҳам сақланмади. Асосан қанотлар бўйлаб ўйин ташкил қилинди. — Ҳақиқатан ҳам бугун ўйин бошида пала-партиш ўйин бўлди. Танаффусда футболчиларга "нима сабабдан шошиласизлар, шошма-шошарлик билан ўйнаш бизнинг тактика эмас, тартиб билан ҳаракат қилиш керак”, дедим. Аввал ҳам айтганман, ҳозир ҳам айтаман, айни вақтда бизнинг ярим ҳимоямиз кучли. Шунинг учун ўйинни ярим ҳимоя орқали ташкил қилиш керак эди. Масалан, ҳимоячилар тўпни кўпроқ Одил ёки Азизга оширишлари керак эди. Шошилинчда эса бундай ўйин бўлмади. Шунинг учун ҳам биринчи бўлимда Одил майдонда унчалик кўринмади. Агар ўйин ўрта чизиқ вакиллари орқали ташкил қилинганида, имкониятлар бундан ҳам кўпроқ бўларди. Биз араблар дарвозасига босимни оширганимиз сари, улар ўйин темпини туширишга ҳаракат қилишди. Мен ўйин видеоёзувини бошқатдан кўриб чиқишим керак. Шунда ўйинни таҳлил қилиш осонроқ бўлади.
— Ўйиндан кейин қайсидир футболчини таркибга киритиш борасида хато қилдим деб ўйлаяпсизми? Ёки саволни бошқача қўядиган бўлсак, ким ишончингизни оқладию, қайси футболчи оқламади? — Биринчи навбатда ўйин ёзилган дискни қайтадан кўришим шарт. Шундан кейин бунга аниқлик киритамиз. Шунга қарамай, ман барча футболчиларга ўйин учун миннатдорчилик билдираман. Ҳеч кимдан хато қилишдан суғурталанмаган. Иштиёқ бўйича футболчиларимга ҳеч қандай эътирозим йўқ.
— Мана неча йиллардан буён араб футболчиларининг симуляциясига, уларнинг иқлимига мослаша олмаяпмиз. Бунга қарши бирор чора топишнинг иложи йўқми? — Араб футболчиларига қарши чора — тезкор гол. Агар тез гол уриб олинса, улар ётишмайди ҳам, симуляция ҳам қилишмайди. Бугун ўйин бошида Гейнрих 3 та футболчини алдаб ўтган ҳолатда, гол урганида ўйин бутунлай бошқача бўларди.
— Одатда терма жамоалар расмий ўйинлар олдидан ўртоқлик учрашувларини ўтказишади. Биз ўртоқлик учрашувини ўтказишимиз учун нима тўсқинлик берди? — Бугуги ўйин олдидан БАА термаси ҳам ўртоқлик учрашувини ўтказмади. Клублар ОЧЛ ва ОФК кубогида иштирок этишгани сабабли бунга рақибда ҳам, бизда ҳам имконият йўқ эди.
— Мавсум бошида футболчиларнинг тайёргарлиги яхши бўлмайди деяпсиз. Келаси йили январь ойида бўладиган Осиё кубогига қай тариқа оптимал формада борилади? Қандай қилиб ўртоқлик учрашувлари ўтказилади. — Чемпионат якунланганидан сўнг, Осиё кубоги олдидан миллий терма жамоа аъзоларига дам бериш мақсадида Хитойда ўтадиган Осиё ўйинларига Аҳмад Убайдуллаев бошчилигидаги Олимпия терма жамоасини юборишга қарор қилдик. Терма жамоа аъзоларини эса ноябрь ойининг охири ва декабрь ойининг бошларида йиғиб, бир ой давомида тайёрланамиз ва унда ўртоқлик учрашувларини ўтказамиз.
|