China Dailyнинг хабар беришича, хитойлик ёш жуфтлик суд орқали Шанхай метрополитени хизматчиларидан компенсация талаб қилмоқда. Бунга сабаб, ёшларнинг ўпишаётган ҳолати метро станциясида ўрнатилган камера орқали тасвирга олинган видеороликдир. 2007 йилнинг сентябрида олинган уч дақиқалик бу ролик интернетдаги YouTube.com ҳамда Хитой видео-сайтига жойлаштирилган. Икки куннинг ўзида видеотасвирни 15 мингдан ортиқ одам томоша қилган. Ҳақоратланган ёшлар «Шанхай метроси барча йўловчиларининг шахсий ҳаёти ҳуқуқини» суд тартибида ҳимоя қилиш мақсадида адвокат ёллашган. Метронинг Shanghai Metro Operation Co Ltd компанияси оператори ушбу ҳолат юзасидан суриштирув бошлади ва хизмат видеоёзувини интернетга жойлаштирган ходимларни «қаттиқ жазолашга» ваъда берди. Reuters хабарича, видеокамералар Хитойнинг йирик шаҳарларига ҳукумат талаби билан ўрнатилган ва шу туфайли ҳуқуқшунослар қонуннинг фуқаролар шахсий ҳаётига оид қисмига ўзгартиришлар киритишни талаб қилишмоқда. Улар шу йўл билан видеоматериаллардан нотўғри фойдаланишларнинг олдини олишмоқчи.