Декабрнинг биринчи куни Франциянинг машҳур «Франц
футбол» журнали сўровномаси асосида Европанинг мавсумдаги энг яхши
футболчиси аниқланади ва «Олтин тўп» топширилади. 2009 йил Европа ва
жаҳон чемпионати ўтказилмайдиган ва доимо энг яхшиларни аниқлашда
мунозаралар келиб чиқадиган тоқ йил бўлса-да, ушбу мавсум ҳақида гап
кетганда, ҳамманинг хаёлига беихтиёр битта исм келади – Лионел Месси.
Мен
уни айтайлик, Роналду ёки Кака билан солиштириш ниятим йўқ, келинг
ундан кўра Месси бу совринга қанчалик лойиқ, шу саволга жавоб излаб
кўрайлик.
1. «БАРСЕЛОНА» КЎРСАТГАН ЎЙИН Бемалол
айтиш мумкинки, ўтган мавсумда «Барселона» ўз ўйини билан деярли барча
футбол мухлисларини ўзига ром этди. Ҳатто мутахассислар Гвардиола
жамоасини футбол тарихидаги энг буюк жамоалардан бири сифатида эътироф
этишмоқда. — «Барса»га доимо театрга
боргандек ташриф буюришади, — дейди клуб президенти Лапорта, — ҳозир
эса жамоада шундай актёрлар жамланмаси мавжудки, санъатнинг ҳақиқий
шайдолари бирорта спектаклни ҳам ўтказмасликка ҳаракат қилишмоқда.
Месси
ушбу картинада бош ролда эканлигини сезиш қийин эмас, ёш бўлишига
қарамасдан, буюк жамоанинг, буюк юлдузи бўлиб улгурган аллақачон. У
тўпни майдон марказида қабул қилиб олиб, рақибни сезмагандек дарвоза
яқинигача тўп билан бориши ҳам ёки алдамчи ҳаракат билан бир нечта
рақиб ҳимоячиларини доғда қолдириб, қулай вазият яратиши ҳам мумкин.
Месси тўпга елим каби ёпишиб олади ва кичик гавдасига қарамасдан уни
ўзида жуда яхши сақлай олади.
Доимо
«Барса»нинг етакчилари тўп сурадиган 10-рақам ҳам Роналдиньодан сўнг
айнан Мессига насиб этгани тасодиф эмас. Ҳатто бу икки юлдуз бир вақтда
жамоада ўйнаган охирги йилларда ҳам Месси бразилиялик юлдузни ўз
соясида қолдира олганди. Ҳозирда Месси каталониялик мухлисларнинг
ҳақиқий эркатойи эканлигини сезиш унчалик қийинчилик туғдирмайди.
2. УЧТА ҒАЛАБА Энг
яхшиларни аниқлашда шундай ёзилмаган қоида борки, футболчи ўйнаган клуб
кўрсатган натижалар доимо унинг имкониятларини яхшилайди. Овоз берувчи
учун маълум футболчининг «жамоасига қандай ютуқларни олиб келганлиги»
ҳақидаги мулоҳаза доимо энг асосий ўрин тутади. Айнан мана шу сабаб
туфайли «Олтин тўп»дан қуруқ қолган кўплаб ажойиб футбол юлдузларини
тарихда исталганча топишимиз мумкин.
2008/09
йилги мавсум «Барселона» учун ажойиб ўтди, клуб ўзи иштирок этган
деярли барча турнирларда ғолиб келди. Испания чемпионати ва кубоги
билан биргаликда, каталонияликлар 3 йиллик танаффусдан сўнг Европа
чемпионлар лигаси ғолибига айландилар.
Ишониш
қийин, аммо бундай натижа «Барселона» клуби тарихида илк бор қайд
этилаётганлиги ҳам эътиборга моликдир. Шунингдек, жамоа янги мавсум
бошида УЕФА кубоги соҳиби «Шахтёр» устидан ғалаба қозонди ва Европа
суперкубогини қўлга киритди.
3. МЕССИ – АСОСИЙ ФИГУРА Жамоасининг
ғалабаларида Месси асосий ишни бажарди, айниқса, бир нечта ҳал қилувчи
голлар ҳам айнан аргентиналик футболчи ҳисобига ёзилганлиги жуда муҳим
жиҳатдир.
Жумладан, Премеро тақдирини ҳал
қилган Мадрид «Эл Классикоси»да (6:2) Лео иккита тўп киритди.
«Месталья» стадионида «Атлетик» жамоасига қарши кечган Испания кубоги
финалида ҳам ҳал қилувчи гол муаллифи Месси бўлди.
Ниҳоят,
Европа Чемпионлар лигаси финали ўша Криштиану Роналдунинг «МЮ»сига
қарши кечди ва ушбу учрашувда ҳам Месси асосий ишни бажарди. У ван дер
Сар дарвозасига жуда муҳим ва чиройли иккинчи голни киритди, айнан ўша
голдан сўнг инглизлар ўз мағлубиятларини деярли тан олдилар.
4. БАРҚАРОРЛИК Месси
бир неча йилдан бери барқарор ўйин кўрсатмоқда. Унинг ўйинида эътиборли
пасайиш кузатилгани йўқ, мураббийлар Мессини баъзан, фақатгина жароҳат
олганда ёки муҳим ўйин олдидан захира ўриндиғида қолдиришмоқда.
У
мана икки йилдирки, ушбу совринга номинантлар қаторидан жой олиб
келмоқда. 2007 ва 2008 йилларда Кака ва Роналду совринга муносиб
кўрилишган бўлса-да, Месси номзоди барчанинг эътиборидан қочмаган,
айнан шу фактор бу сафар унга ёрдам бериши мумкин. Роналду
ўтган мавсумда бу совринга эга чиққан ва овоз берувчи португалиялик
юлдуз ҳақида мулоҳаза юритар экан, асосан ўтган йил билан таққослайди
ва агар Роналдуда пасайиш кузатилган бўлса ёки ўзгаришни пайқамаса,
унга овоз бермайди. Месси борасида фикр юргизган мутахассис эса, аслида
2009 йил учун лауреат қидираётган бўлса-да, футболчининг 3 йиллик
хизмати муҳим роль ўйнайди ва барқарор ўйини эвазига бу совринга лойиқ
деб ҳисоблаши осон кечади.
— Ҳар қандай
футболчи ҳам дунёда энг яхши бўлишни орзу қилади, — деганди ЕЧЛ финали
олдидан Месси, — агар бугун жамоам «МЮ» устидан ғалаба қозонса, бу
борадаги имкониятим кескин ошади деб ўйлайман. Бу сафар мени
танлашларига умид қиламан.
Кўриб турганингиздек, Мессининг ўзи ҳам унинг вақти келганлигини пайқамоқда.
5. КЛУБГА САДОҚАТ Атиги
22 ёшга тўлган футболчини бу борада мақташ қандайдир эриш туюлар, аммо
ишонинг, фаолиятини анча эрта бошлаган юлдуз жуда кўп марта бошқа
клубларга ўтиб кетиш имкониятига эга бўлганди.
11 ёшида Барселонага келган Месси 13 ёшидан клуб билан боғланди ва салкам 10 йилдан бери «Барселона»да.
—
Истеъдодим қирраларининг очилишида «Барса»да бўлганим муҳим роль
ўйнайди, — деганди Месси, — ўйлайманки, бу жамоасиз мен бундай
натижаларга эриша олмасдим. Ёшлигимдан тўпни назорат қилишни яхши
кўрардим ва бу «Барселона» услубига жуда мос. Ўз ўйини билан
мухлисларга ҳақиқий байрам улашувчи жамоа сафида бўлганимдан бахтиёрман.
Месси
18 ёшлигидаёқ «Челси» аъзосига айланиши ҳам мумкин эди. Лондонликлар
яхшигина сумма эвазига уни қўлга киритишга бир неча бор уриндилар, аммо
рад жавобини олдилар. Шунингдек, «МЮ», «Реал» ва «Интер» ҳам таклиф
билан чиққан ва бу таклифларнинг барчасида Месси учун яхшироқ шароит
ваъда қилинган. Аммо Месси кетишни истамади, «Барселона» эса футболчига
янги шартнома таклиф қилди.
Қиймати 150
миллион еврога тенг бўлган мазкур шартнома 2014 йилгача амал қилади ва
бу клуб томонидан Месси садоқатига берилган ўзига хос миннатдорчилик
эди.
6. ИМИЖ Энг яхшиларни аниқлашда бу
фактор ҳам муҳим аҳамиятга эга. Футболчилар бир нечта критериялар
бўйича тенглашиб қолишганда, овоз берувчи беихтиёр футболчининг
жамоатчиликдаги эътибори ва имижини эътиборга олишга мажбур бўлади.
Турли жанжаллар ва дисквалификацияларнинг бошида турадиганларнинг
имконияти эса кескин тушиб кетади.
Мана
шу жиҳатдан Мессини намунали деб кўрсатиш мумкин. У тунги клубларга
бормайди, қаллиқларини қўлқоп каби алиштирмайди, дам олиш вақтларини
асосан оиласи даврасида ўтказади. Ёш авлодга намунали футбол юлдузини
намойиш қилиш ғояси учун Месси ажойиб номзод.
Яна
ҳам муҳими, у майдонда ҳеч қачон издан чиқмайди, рақибнинг зарбаларини
жавобсиз қолдиради, ҳакам билан тортишмайди, симуляция ишлатмайди.
Испания чемпионатида айнан Мессига ишлатилган қўполликлар учун рақиб
ўйинчилари ўндан ортиқ қизил карточкалар ва ундан ҳам кўп
огоҳлантиришлар олди. Худди шу шароитда Месси атиги икки бор сариқ
карточкага раво кўрилди, холос. Агар испаниялик ҳакамларнинг бу борада
ўта қаттиққўл эканлигини эътиборга олсак, бу жуда яхши кўрсаткич.
7. ЖАМОАВИЙ ЎЙИН Мессининг
энг эътиборга молик жиҳати шундаки, у жамоавий ўйинда жуда яхши
кўринади. У ҳеч қачон ўз номини жамоадан устун қўймайди, индивидуал
маҳорати доимо жамоа манфаати учун хизмат қилади. Унинг бу ўйин услуби
ва характери феномен Роналдиньони таркибдан сиқиб чиқаришда ҳам, бутун
мавсум бўйича деярли бир савияни ушлаб туришида ҳам катта аҳамият касб
этади.
Месси ўз ўйинига тактик жиҳатдан
ўзи баҳо бера олади ва ўйини чиқмаётган пайтини жуда яхши сезади.
Бундай ҳолатларда у ўз услубини ўзгартириши ва «пас берувчи» ролига
ўтиб олиши ҳам мумкин. Яъни қачон ўйинни ўз қўлига олиш, қачон
шерикларини олдинга бошлаш, қачон қутқариш ва қачон ўзини четга олишни
у жуда яхши сеза олади ва айнан мана шу хислати туфайли у ўз
барқарорлигини ҳамон сақлаб келмоқда.
Замонавий
футболга журналистлик кўзи билан қараганда ҳам ҳозирда жамоавий футбол
энг юқори планга чиқиб бўлган. Дунёнинг энг яхшисини аниқлаб берадиган
терма жамоалар мураббийлари ҳам Мессидаги бу хислатни ижобий ва энг
асосий сифатида баҳолашлари мумкин. Чунки мурабббий овоз бераётганда
энг аввало, ўз жамоасида кўришни истаган футболчига кўпроқ «симпатия»га
эга бўлади. Юлдузлар ичида эса Месси бу борада кўпроқ мураббийларга
ёқиб тушиши мумкин.
|