Фикр туғилишига аслида фикр сабабчи. Муҳими, уларнинг тўғри ва нотўғрилигида. Фикр теранлиги эса маънавий доирани белгилайди. Нилуфар Усмонова бир қоп ҳасадга тўла фикрларини газета орқали билдиришга билдирди-ю, бировнинг юрагига қаттиқ тегиб қўйишини ўйламадимикан? Тарбия, муомала, ғайирлик... Нимага эътибор қаратишингни ҳам билмайсан, киши!? Шоира Отабекова Нилуфар Усмонова ва Даврон Эргашевлар баҳсидан сўнг ўз фикрларини ўқувчилар ҳукмига ҳавола этяпти:
Шоира Отабекова: Бир нарсага ҳайронман. На Нилуфарга, на бошқасига ёмонлигим текканини эслолмайман. Ё бировларнинг арпасини хом ўрганимни! Нилуфарга ҳайронман шунчалик ғайирлиги бор экан, юзимга айтса бўлмасмиди? Қошларини чимириб, энсасини қотирганини эса умуман тушунмадим. Тўғри, ҳар бир инсон ўз шахсий фикрига эга. Очиқ ойдин билдиришга ҳам. Бироқ, санъаткорларда этика, иззат-ҳурмат, маданият деган мезонлар бор-ку, ахир? Мухлислар бизнинг яхши хислатларимиздан ўрнак олади. Инсон бағрикенг бўлиши керак. Қанча кўролмаса, шунча тубанлашиб бораверади. Назаримда, санъат аҳли тўзишибмас, тарқалибмас, бирлашиб ижод қилиши керак. Нилуфар тимсолида эса бунинг аксини кўрдим. Менга ҳатто унинг ёқмайдиган талай қўшиқлари ҳақидаги фикрларимни аввало, унинг ўзига айтган бўлардим. Оммавий тарзда кўр-кўрона баҳслашишга нима ундаганига ҳайронман. Балким, рақобат таъсиридир?! Муҳими, шу аснода бир гапни айтгим келди: Менинг ижодимни муҳокама қилиш биронта ҳамкасбимга эмас! Ўз билганингизча ижод қиляпсиз. Омадингизни берсин, баракангизни берсин. Тинч йўлида кетаётганнинг йўлига тош отиб, ким наф топибди. Инсофингизни берсин, ҳамкасбларим.
|