«Ҳамма озиш дардида бўлса, мен семира олмайман. Жуда ҳам озғинман. Қандай қилиб семирсам бўлади, маслаҳат беринг».
Нодира, Тошкент
Ҳақиқатан
ҳам баъзиларда учун озиш муаммо бўлса, бошқаларга семириш истаги
тинчлик бермайди. Мухлисамизнинг илтимосларига кўра олий тоифали
диетолог Саидов Ботир Михмоновичга мурожаат қилдик.
Нега озғинсиз?
Семириш
ёки озиш истагида бўлганлар шифокор мутахассислар кўригидан ўтиб, озиб
кетиш (семириш)нинг сабабларини ўрганилади. Ташхис қўйишда кишининг
вазни, бўйи, ёши, нима иш билан шуғулланиши, наслияти ҳам муҳим.
Озғинлик наслий ҳам бўлиши мумкин, бунақалар ҳар қанча овқат танаввул
қилсалар ҳам семира олмайдилар. Халқда бундай одамларни "чайир”
дейишади. Қолаверса бу бирор бир касалликнинг белгиси бўлиш эҳтимоли ҳам
бор. Сурункали ошқозон ичак касалликлари, эндокрин безлар тизимининг
бузилиши, ёки танадаги турли гильментлар (гижжа ва шунга ўхшаш)
сабабидан ҳам бўлиши мумкин. Шу боис мутахассис шифокор назоратидан ўтиш
мақсадга мувофиқ. У ташхис қўйгач, касалликдан келиб чиққан ҳолда
беморга парҳез ва даволаш муолажаларини тавсия қилади.
Нима иш билан шуғулланиш ҳам одам физиологиясига таъсир қилади.
Кун давомида жисмоний меҳнат билан шуғулланиш ёки овқат ейиш
тартибининг бузилиши (айниқса талабаларда) озғинликка сабаб бўлиши
мумкин. Асаблар чарчаши оқибатида ҳам одам озиб кетади.
Семириш учун…
Таомнинг
тўла ҳазм бўлиши учун иштаҳа муҳим. Чунки иштаҳани тананинг овқатга
бўлган талаби дейиш мумкин. Таомларда ҳам ўсимлик ва ҳам ҳайвонот
ёғлари, гўшт бўлишига аҳамият бериш, енгил ҳазм бўлувчи овқатлар
танаввул қилиш лозим. Кечки таом уйқуга ётишдан камида 2 соат аввал
ейилиши керак. Ётишдан аввал очлик ҳис қилсангиз сут ва сутли
маҳсулотлар (қатиқ, кефир, йогурт, творог) ейиш фойдадан ҳоли бўлмайди.
Бир
сутка давомидаги таом тановули (ҳажми сув билан бирга 3 литргача) 5‑6
мартага тақсимланиб, оз‑оздан истеъмол қилиниши лозим. Овқат рационига
турли мева, сабзавотлар ва асал маҳсулотларини қўшиш ҳам фойдали. У
танани витаминларга бойитади ва иштаҳани очади.
Тана
вазнини кўтариш учун оқсил ва В гуруҳи (В1, В2, В3, В5, В6, В9, В12,
В15) витаминларга бой бўлган хамиртуруш эритмаларини (пивные дрожжи)
қабул қилиш айни муддао. Хамиртуруш эритмаларини дорихоналардан олиш
мумкин.
Вазнингизни
орттиришда ҳам маълум қоидаларга риоя қилинг. Оз вақт ичида кўп вазн
орттиришнинг саломатлик учун зарари бор. Парҳезга аҳамият беринг. Вазн
орттириш учун эса тўғри ва тартибли овқатланинг.
Иштаҳани очадиган нарсалар истеъмол қилинг. Масалан, овқатдан аввал мева шарбати ёки газли сув ичинг.
Кунига 6 марта овқатланинг. Тўйимли нонушта, тушлик ва кечки овқат тановули орасида, иккинчи нонушта, иккинчи тушлик ҳам қилиб, мева‑чева еб олинг.
Кўпроқ суюқлик ичинг. Турли шарбатлар, сутли маҳсулотлар калорияга бой ва танани тўйинтиради. Кунига 1.5‑2 литр суюқлик ичинг.
Хамир
овқатлар, турли ширинликлар, макарон ва нон маҳсулотлари ҳам вазн
оширади. Калорияга бой маҳсулотлар сирасига оқ нон, жўхори, картошка,
қаймоқ, қора шоколад ва гўшт киради.
Махсус витаминлар қабул қилинг.
Ҳозирги кунда дорихоналарда кальций, протеинлар ва углеводларга бой
мультивитамин дармондорилар мавжуд. Фақат уларни қабул қилишдан аввал
мутахассис шифокор билан маслаҳатлашинг.
Танани
чиниқтирувчи спорт машғулотлари билан шуғулланинг. Акс ҳолда истеъмол
қилаётган калориялар бўкса ва қоринда йиғилиб, қоматингизни
хунуклаштириб қўйиши мумкин.
Юқорида
келтирилган фикрлар диетологиянинг умумий, кўпчиликка тўғри келадиган
тавсияларига киради. Маълум бир одамга овқатланиш юзасидан керакли
тавсияларни бериш учун эса талабгорни кўрикдан ўтказиш керак бўлади.
Керакли маълумотлар йиғилгач, лозим топилган тавсияларни бериш мумкин.
Мадина ЛУҚМОНОВА тайёрлади
"Суғдиёна” газетаси
Манба: darakchi.uz
|