Икки дўстнинг суҳбатига қулоқ тутинг: - Ҳа, биродар, анави икки одамга тикилиб қолдинг?! Нима, улар ўртасидаги қалин муносабат - бири иккинчисига меҳр ила боқиб, ширинсуханлик билан сўзлаётгани, иккинчиси эса унга жонини фидо қилишга тайёр тургани сени ажаблантиряптими? Биласанми, улар ким? Ота ва ўғил. Меҳрибон ота ва қобил фарзанд. Хўш, уларнинг бир-бирига муносабатлари сенга маъқулми? - Албатта маъқул-да. Ахир қалбларни бир-бирига маҳкам боғлайдиган, якдилликни ҳосил қиладиган бундай гўзал муносабат кимга ҳам ёқмайди? Бу - яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтариш ва шукрони неъматнинг яққол намунаси-ку! Одамзот бу ҳаётда ота-бола, хеш-ақрабо, қўни-қўшни, дўст-биродарларидан айри яшай олармиди? Кўпчилик ичида, кимгадир муҳтож бўлиб, кимдир сизга муҳтож бўлиб яшашга табиатлантирилган эмасмизми, ахир! - Демак, сен одамлар ўзаро меҳр-мурувват билан, бир-бирларига ёрдам қўлини чўзиб яшашлари зарур, деб биласан ва ўзларига кўрсатилган меҳр-мурувват ва яхшиликларга шукроналик билан жавоб қайтаришлари керак, деб ўйлайсан. Шундайми? - Ҳа, албатта. - Агар бирор кимса яхшиликка нонкўрлик билан жавоб қайтарса ва куфрони неъмат қилса-чи? - Заррача ҳаё ва виждони бор одам бундай қила олади, деб ўйламайман. - Ахир сен ўзинг шундай қилаяпсан-ку! Суҳбатдошнинг бу сўздан ғазаби қўзиб, шаҳд билан ўрнидан туриб кетди. Бироз вақтдан сўнг ўзини сал босиб олгач, сўради: - Нега ундай деяпсан? - Чунки сен Аллоҳнинг сенга бўлган фазли ва неъматини инкор қилаяпсан. - Нега энди? Қанақасига? - Аллоҳ фазлу-марҳамат соҳиби эканини тан оласанми? - Ҳа, тан оламан. - Ул зотга шукр қилишимиз керак эмасми? - Керак, албатта. - Қандай қилиб шукр бажо келтириш йўлини биласанми? Ўйланиб қолди. Бироз жим тургач, хижолатомуз деди: - Билмайман. Биродар, яхшиси ўзинг айтиб бер ва мени шукрни адо этиш йўлига йўлла. - Унда эшит. Шукр бажо келтиришнинг икки йўли бор ва ҳар иккиси биргаликда адо этилиши лозим: 1) Нафақат тилинг билан, балки чин дилдан Аллоҳнинг фазлу-марҳаматини тан олишинг ва бунинг исботи ўлароқ хушуъ ила пешонангни саждага қўйишинг; 2) Ул зотнинг неъматларини асраб-авайлашинг ва Ўзи рози бўладиган ўринларга сарф этишинг. - Сўзларинг ҳақ ва рост эканини тан оламан. Гувоҳ бўл, Аллоҳга аҳд-паймон бераман ва тирик эканман, намозни ташламасликка сўз бераман. Лекин менинг қадрдон бир дўстим ҳам борки, намоз борасида у ҳам худди мендек. Энди сендан илтимос, менга шу мавзуда бирор нарса ёзиб берсанг. Шояд, дўстим ҳам таъсирланса ва Аллоҳ унинг ҳидоятини сенинг қўлингда қилган бўлса, намозга бепарво бўлмайдиган ҳамда Аллоҳ билан ўзининг ўртасидаги алоқани узмайдиган кишилардан бўлса. - Бош устига, албатта ёзиб бераман. Шундан сўнг ушбу сўзлар сатрларга терилди:
|