1974 йилда Измитда таваллуд топган Гуркан Уйгун лицейда
ўқиб юрган даврида театрга меҳр қўйди ва 1990 йилдан бошлаб ҳаваскор
сифатида роллар ижро эта бошлади. "Бизни кечир, устоз”, "Шундай бўлиши
керакмиди?”, "Қалпоқдан отам чиқди”, "Телба юрак” каби сериалларда
турли қаҳрамонлар образларини яратди. "Ловия”, "Қашқирлар макони. Ироқ” каби фильмлардаги роллари билан кино оламига ҳам қадам қўйди.
Этник ва дунё халқлари мусиқаларини севиб тинглайди. Бу соҳаларда
махсус билимга эга бўлмаса-да рангли ва оқ-қора расмлар чизишни, кичик
ҳайкалчалар ясашни хуш кўради. Кларнет чалишга иштиёқи баланд. Эски
плакатларни коллекция қилиш унинг хоббиларидан бири. Уйидаги
аксессуарлар ва фойдаланадиган буюмларни ўз қўллари билан ясашни яхши
кўради. "Қашқирлар макони” унга
томошабинлар меҳрини қозонишига сабаб бўлди. Гуркан бундан
фахрланишини, айнан шу сериал унинг ҳаётида ижобий бурилишларга сабаб
бўлганини яширмайди. Телевизион
сериалларда 1995 йилдан бошлаб қатнаша бошлаган Гуркан "Телба юрак”
намойиши даврида "Қашқирлар макони” ижодкорлари билан танишди. Бу
танишув кейинчалик унинг мазкур сериалда рол ижро этишига сабаб бўлди.
Иқтисодий қийин аҳволда ва ўзининг аслида қандай актёр эканлигини
исботлаш учун тинимсиз меҳнат қилаётган Гуркан Уйгунни бир фикр безовта
қиларди. "Ишқилиб, шу иш ўнгидан келармикан?” ўзига-ўзи савол берарди
Гуркан "Қашқирлар макони” суратга олина бошлагач. На Гуркан, на унинг
яқинлари сериалнинг бунчалик машҳур бўлиб кетишини хаёлларига ҳам
келтиролмасди. Ниҳоят, узоқ орзиқиб кутилган кун, "Қашқирлар
макони”нинг илк қисми телевидениеда намойиш этилди ва у экран олдига
томошабин тўплаш рекордини янгилади.
Аслида жуда ҳазилкаш, тез-тез латифа айтиб даврадагиларни кулдиришни
хуш кўрувчи Гуркан ўзининг характерига бутунлай тескари қўпол,
шафқатсиз қаҳрамонни шунчалик маҳорат билан жонлантирдики, қисқа давр
учун мўлжалланган ролни бутун сериал давомида "сақлаб қолиш”га муваффақ
бўлди. Сериалнинг илк қисмларида шафқатсиз қотил бўлиб танилган
образнинг кейинчалик кучли характерга эга инсон сифатида талқин этилиши
баъзи қисмларда уни бош қаҳрамондан ҳам олдинги планга чиқариб қўйди. У
"Мемати” образини яратишдан олдин психологлар билан учрашиб, бу каби
инсонларнинг феъл-атворлари, дунёқарашлари қандай бўлиши ҳақида
маълумот тўплади. Театр саҳналарида рол ижро этиб сайқаллангани учун
ҳам Гуркан ҳар бир эпизодда ўзига юкланган вазифани аъло даража
бажарарди. Феъл-атвори очиқ бўлгани учун ҳам тезда сериалнинг барча
иштирокчилари билан иноқ бўлиб кетди. Авваллари комик роллар ўйнаган
Гуркан "Қашқирлар макони”даги жиддий образни моҳирлик билан ижро этиб,
кўп қиррали актёр эканлигини яна бир бор исботлади. Томошабинлар уни
"Мемати” деб таниганлари учун ҳам, бошқа ролларда, айниқса комик
жанрдаги ролларда кўришни умуман истамаганликлари Гурканни қийин
аҳволга солиб қўйди. Лекин Гуркан Уйгун профессионал актёр сифатида
турли образларни талқин этишни, ўша янги роллари билан ҳам мухлислари
эътиборини қозонишни орзу қилмоқда. Фильмографияси "Қашқирлар макони. Ироқ” – 2005 йил "Тўқнашув” – 2005 йил "Қалпоқдан отам чиқди” – 2003 йил "Қашқирлар макони” – 2003 йил "Ишқим, ишқим” – 2001 йил "Ловия” – 1999 йил "Илон ҳикояси” – 1999 йил "Телба юрак” – 1998 йил "Бизни кечир, устоз” – 1998 йил "Яхши қол” – 1998 йил "Гул такси” – 1995 йил Cахифани уртасидан фонга оласиз "Мемати”нинг маъноси
"Мемат” сўзи арабчадан таржима қилганда "ўлим”, "мемати” эса "ўлдирган”
маъносини англатади (ўзбек тилида бу сўз "ҳаёт-мамот” шаклида кўпроқ
ишлатилади). "Қашқирлар макони”даги қаҳрамонга бу исм продюсер Усмон
Синав томонидан берилган.
|