Жаҳон чемпионатини Аргентина терма жамоасисиз тасаввур қила оласизми?! Менимча йўқ. Ҳозир шу терма жамонинг жар (Жанубий Африка Республикаси эмас) ёқасига келиб қолганлиги кўпчиликни ҳайратга солмоқда. Нега бундай бўлди? Жаҳоннинг энг кучли терма жамоларидан бири бўлмиш Марадона юртдошлари айни шу даҳо туфайли мундиал карвонидан қолиб кетиши мумкин. Албатта, буни баъзи тажрибали футболчиларнинг термада ҳозир йўқлиги билан изоҳламоқчи эмасман. Шунчаки Марадонанинг сўнгги пайтдаги ғаройиб қарорлари кишини ўйлантириб қўяётганлигига алоҳида эътиборингизни қаратмоқчиман. Майли, бўлар иш бўлди, эски натижаларни ковлашдан, нега аргентиналикларнинг кетма-кет очко йўқотганликларини ҳозир эслашдан ва муҳокама қилишдан наф йўқ. Барчаси унутилди (ҳатто Аргентинанинг ўз тарихидаги энг шармандали ва даҳшатли мағлубияти ҳам).
"Буюк футболчидан буюк мураббий чиқмайди" (ёки чиқиши кийин) деган фаразнинг қанчалар тўғри эканлигини Диего ўз тажрибасида исботлаб берди! Футболга алоқадор кўпчилик нашрлару сайтларда, кўпгина оммавий ахборот воситаларида ҳозирда Марадонанинг исми тушмай қолди. "Диего — ватан хоини", "Худонинг қарғишига учраган ароқхўр" каби сарлавҳалар ҳамма ёқни деярли босиб кетди. Айниқса, Аргентинанинг ўзида. ХХ асрнинг энг буюк футболчиси учун бундай гапларни эшитиш, менимча, унинг ўзидан кўра унга ишонаётган мухлислар учун оғир ботаётган бўлса керак, айни дамда.
Кўпгина кўзга кўринган футбол мутахассисларининг фикрига кўра, у жамоани карвонсаройга айлантириб юборган, хоҳлаган ўйинчисини терма жамоа базасига “меҳмонжонлардан айланай” деб чақираверган, ваҳоланки, ўша янги чақирилган футболчиларнинг ҳаммасининг хам фойдаси тегмаслига кундек равшан эди. Айниқса, яна бир қирол Пеле унинг юртдошлари Аргентина устидан меҳмонда муҳим ва тарихий ғалабага эришгач, Диегони қаттиқ танқид қилганлиги барчасидан ошиб тушди: “Марадонани тушуняпман, унга ҳозир оғир. Лекин айни мана шундай қийин вазиятда терма жамоага тажрибали ва фойдаси тегиши мумкин бўлган футболчиларни жалб қилиши керак эди. Аммо у пентакампеонларга қарши муҳим ўйинда ҳам янги номларни кашф этишга уринди. Ҳозир айни пайти. Аргентина термаси етакчи футболчиларининг тажрибаларига сув ва ҳаводек муҳтождир!”
Бу фикрга менимча кўпчилик қўшилса керак, сабаби сўнгги учрашувда учрашувда Аргентинага фақат ва фақат ғалаба керак. Монтевидео шаҳрида бўладиган учрашув улар учун энди шунчаки навбатдаги ўйин эмас, балки ҳаёт-мамот масаласидир.
Энди баъзи футболчиларнинг нима учун термага чақирилмаётганлигини ўзимизча бир таҳлил қилиб кўрайлик, чунки шахсан мен, ушбу футболчиларнинг термага жалб этилиши тарафдориман. Сабаби улар термага лойиқ эдилар.
ДИЕГО МИЛИТО. Сал аввал баъзи интернет сайтларида бу футболчининг жароҳати борлиги ҳақида маълумотлар келтирилганди. Аммо сўннги олинган ишончли манбаларга кўра Милитонинг соғлиги билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо йўқлиги аниқ бўлди. Бу футболчининг юксак савиядаги ҳужумчилигига шубҳа йўқ. Сўнгги 2-3 йил ичида Милито ўртамиёна ҳужумчидан (“Сарагоса”дан “Женоа”га келгач) кучли форвардга айланиб улгурди. Ўтган мавсум А-серияда тўпурар бўлганлиги бунга яққол мисол. Шунингдек, ҳозирда ҳам “Интер” сафида бирин-кетин голлар урмоқда. Унинг ҳозирги спорт формаси ҳақида эътироз ҳам бўлиши мумкин эмас. Ҳар ҳолда терма жамода ҳам Марадона келмасидан олдин эл қатори голлар киритаётганди. Негадир янги мураббий келди-ю, у гол уришни деярли тўхтатиб қўйди. Тўғри, бунда фақат унинг айби йўқ, балки қисқа вақт ичида Диегонинг янги ўйин услубига кўника олмаган бутун бошли терма жамоанинг ҳам "улуши" бор, деб ўйлайман. Қисқаси, ҳозирги ҳолатида Диего Милито терма жамоага фақат фойда келтириши мумкин! Лекин Марадона негадир унга имкон бермаяпти.
АЛЬТЕРНАТИВА-МАРТИН ПАЛЕРМО. Терма жамоага деярли 10 йилдан бери чақирилмаётган футболчи. Ҳозирда "Бока Хуниорс" таркибида "иккинчи ёшлигини" ўтказмоқда. Яхши савиядаги футболчи эканлигига шубҳа йўқ. Яқинда Аргентина чемпионатида 40 метр масофадан туриб бош билан киритган голи (ҳа, ҳа боши билан урган, ўзим кўрдим) Диегони ҳам мафтун қилиб қўйган бўлиши мумкин!
МАКСИ РОДРИГЕЗ. Қизиғи, бу футболчи ҳам Марадона термага келмасидан олдин жамоанинг асосий фигурларидан бири эди. Занеттисиз ўйналган учрашувларда термани ҳатто сардор сифатида майдонга бошлаб тушарди. Ҳозирда Мадриднинг “Атлетико” клуби сардори ҳисобланадиган Родригез асосан ҳужумкор ярим ҳимоячи сифатида тўп сурадиган бўлса-да Марадона дастлабки ўйинларда уни таянч ярим ҳимоячи амплуасига ўтказиб қўйди. Ҳужумкор руҳдаги футболчи бу позицияга кўника олмайди ва бунга қарши эканлигини очиқдан-очиқ мурабиийга билдиргач, у дарҳол нафақат асосий таркибдаги ўрнини, балки термадаги ўрнини ҳам йўқотиб қўйди. Марадона Иван Бушадек "Шоҳларга бундай муомала қилиш ярамайди" қабилида иш кўрган бўлса ажаб эмас. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам бундай оғзаки тортишувлар бунга сабаб бўла олмайди. Унинг термага чақирилмаслигини унинг ҳозир яхши формада эмаслиги билан изоҳланмоқда. "Атлетико" ҳозир қийин даврни бошидан кечирмоқда. Футболчилар яхши спорт формасида эмас. Жумладан, Макси Родригез ҳам", дея янгради Марадонанинг изоҳи. Жудаям қизиқ. Клуб кўрсатаётган натижа футболчининг термадаги фаолиятига таъсир кўрсатса. Хўш, унда унинг клубдоши Серхио Агуэро фақат Марадонанинг севимли куёви бўлганлиги учун чақирилдими термага?!
ФЕРНАНДО ГАГО. Бу футболчининг ҳам ҳеч қандай жароҳат билан боғлиқ муаммоси йўқлиги маълум. Сўнгги ўйинларда марказий ҳимояда Маскерано билан ажойиб тандем ҳосил қилаётган тезкор ярим ҳимоячининг спорт формасидан қониқиш ҳосил қилмаган Марадона унга ҳам термадан жой ажрата олмади. “Реал”да кўрсатаётган ўйинларига қараб баҳо берадиган бўлсак, унинг бу қарорини тушиниш қийин.
АЛЬТЕРНАТИВА-ЙОНАС ГУТЬЕРЕЗ. Ўтган йили премьер-лигани тарк этган "Ньюкасл" клуби ярим ҳимоячиси ҳақида етарлича тасаввурга эга эмасман. Аммо унинг ажойиб техникага эга эканлиги ва ўйинни яхши ўқий олиш қобилиятига эга истеъдодли футболчилигини икки йил олдин ёшлар ўртасидаги мундиалда кўрганман. Ўшанда С.Агуэро бошчилигидаги аргентиналиклар Жаҳон чемпиони бўлишганди!
ЭСТЕБАН КАМБЬЯССО.Ҳали ҳам кўпчиликнинг фикрига кўра жаҳоннинг энг кучли "стоппер"ларидан бири ҳисобланадиган бу футболчи аввалги мураббий Пеккерман қўли остида ҳам деярли чақирилмаётганди термага. Шундай бўлса-да сўнгги учрашувларда унинг тажрибасига шубҳа килмаётган мураббий уни ўз сафига аста-секин чорлаётганди. ЖЧ-2006 чорак финал босқичида пенальтилар сериясидаги ноаниқ зарбаси билан терма жамоасини ярим финалдан маҳрум қилишга ўз “ҳиссасини” қўшганди. Марадона келиши билан Камбьяссо ҳақиқий “брак”ка айланиб қолди. Ваҳоланки, ҳозирги кунда у “Интер”нинг асосий ўйинчиларидан бири бўлиб қолмай, энг кучли таянч ярим ҳимоячиси ҳамдир. Патрик Виейрадек футболчини захира ўриндиғига “михлаб” қўйган футболчи ҳақиқатдан ҳам ҳозир ҳар қачонгидан ҳам ажойиб спорт формасида эканлиги сўнгги ўйинларда яққол кўзга ташланмоқда. Аммо Марадона буни кўришни истамаяпти чоғи.
ХАВЬЕР ЗАНЕТТИ. Юқоридаги футболчилар ҳақидаги фикрларга Марадона ҳар қанча сабаб кўрсатиши мумкин, аммо Занеттидек футболчининг нега термага чақирмаганлигига ҳозирда бутун ер сайёрасида Марадонанинг ўзидан бошқа ҳеч ким тушунмаётган бўлса керак! Терма жамоанинг кўп йиллик сардори, ҳақиқий етакчисининг энг асосий ўйинларда йўқлиги бутун аргентиналик мухлис-у мутахассисларнинг тушунмовчилигига сабаб бўлди. Марадона унинг машғулотлардаги кўрсаткичларидан қониқмабди. Ҳа, майли бу ҳам қизиқ!!! Бўрттириб юбормоқчимасманку-я, аммо мен ҳурмат қиладиган, ўйинини мароқ билан кузатадиган бармоқ билан санарли футболчилардан бири ҳозирги кунда айнан Занеттидир. Мураббийнинг бу айтган гапи балки тўғридир, аммо шуни айтишим мумкинки, ўз ишига профессионалларча ёндашиши, футболга бўлган меҳри ва кучли садоқати, шу каби бошқа жиҳатлари билан Занетти эталон футболчи. Буни кўп йиллик фаолияти давомида исботлай олди, деб ўйлайман. Аксарият аргентиналик футболчиларнинг қонида бўлган қизиққонлик унда умуман йўқ. Унинг бирор марта ким биландир, футболчилар биланми ёки ҳакам биланми, тортишганлигини эслай олмайман. Умуман, "неконфликтный". Яъни, содда ва беозор футболчилар сирасига киради (бахтга қарши аргентиналик футболчилар орасида бундайлар камдан кам топилади). Кимдир балки эшитгандир. 2006 йилги мундиал олдидан ўша пайтдаги терма жамоа бош мураббийи Х.Пеккерман терма жамоада сардор сифатида фақатгина Хуан Пабло Соринни кўраётгани учун Занетти жаҳон чемпионатидан ташқарида қолиб кетганди. Ишонмаслигингиз мумкин, аммо бу факт. Тасаввур қилинг, қўлга боғланадиган бир қарич материални деб, у мундиалдан қуруқ қолганди. Буни жаноб Пеккерман кейинчалик, очиқдан-очиқ айтган эди. Ўшанда Занеттининг ўзидан бу ҳақда сўрашганида "Менга терма жамоа манфаати биринчи ўринда туради. Қолган гаплар бир пул, мураббийнинг ҳар қандай фикрини қўллаб-қувватлайман", деганди.
Пеккерманнинг ўша қарорини ҳали ҳануз ақлга сиғдириб бўлмаса-да, бир жиҳатдан уни тушунгандек бўлаяпман. Занеттини майдонда сардорлик боғичисиз тасаввур қилиб кўринг-чи. Менимча Пеккерман ҳам тасаввур қила олмаган. Ҳозирда бундай савиядаги етакчи футболчиларга ҳар қандай жамоада эҳтиёж сезилади. Ўйлайманки, унинг фойдаси жамоага ўйин томондан ҳам, рухий томондан ҳам устунлик берарди.!!!
Мен ҳеч қачон Аргентина терма жамоасига мухлислик қилмаганман. Шунчаки тўрт йилда бир маротаба ўтказиладиган мундиалда уларни иштирок этишини хоҳлайман, холос. Футбол гўзаллиги нуқтаи назаридан. Аммо уларнинг атрофида булаётган ҳар хил воқеаларга очиғи кўз юмиб тура олмайсиз. Марадонани умуман танқид қилмокчи эмасман. У барибир даҳо. Унинг қарорларига ўз муносабатимни билдирдим, холос.
|